Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 01 December 2014 10:03

1 декабр - Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни

1 декабр - Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни

 

 

 

Ҳар йили 1 декабр куни Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни нишонланади. Бу кун ОИВ/ОИТСнинг тарқалишини тўхтатишнинг муҳимлигини эслатиб турувчи сана бўлиб хизмат қилади. Биринчи марта БССТ (Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти) томонидан 1988йили эълон қилинган. 1996 йилдан бери ЮНЭЙДС томонидан нишонланиб борилади.

ЮНЭЙДС маълумотига кўра, 2012 йилга келиб 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган  35,7 миллион одам ОИВ инфекциясини юқтирган, улардан 26 миллиони – ишлайдиган одамлардир.Агар ишга лаёқатли ёшдаги барча ёшлар категориясидаги одамларни хисобга киритилса унда ишчилар категориясидаги бу хисоб 36,5 миллионга бориб етади. Бугунги кунда барча янги зарарланганлар ва ОИТСдан ўлим ҳолатининг деярли учдан бир қисми Сахрои кабирдан жанубда жойлашган саккиз африка мамлакатларида рўй бермоқда.

ОИТС деб аталувчи бу дахшатли касаллик эпидемиясининг бошланганига ҳам мана қарийб 25 йил бўлди. Бу касалликнинг шиддатли тарқалиши ва шу кунгача давоси топилмаганлиги унинг XX аср вабоси деб аталишига сабаб бўлди. Бу иллат XXI асрда ҳам ўз ечимини тополгани йўқ, миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритмоқда. Бу бало инсониятга қаердан ёпирилди, нима сабаб бўлди, унинг илдизи қаерда? Келинг бу касалликнинг тарихига бир назар солайлик.

Орттирилган иммун танқислик синдроми (ОИТС) одам иммундефицити вируси (ОИВ) томонидан қўзғатилади ва бу ўлим билан якунланувчи касалликдир, унинг давоси шу кунгача топилгани йўқ.

Баъзи олимлар фикрича ОИВ вируси маймунлардан одамга тахминан 1926 йил ўтган. Охирги изланишларга кўра инсон бу вирусни Ғарбий Африкада орттирган. 1930 йилларгача бу вирус умуман ўзини билдирмаган.  1959 йили Конгода бир эркак ўлди.  Унинг касаллик тарихини тахлил қилган шифокорларнинг кейинроқ қилган изланишлари кўрсатдики, балким, бу дунёда биринчи марта қайд қилинган ОИТСдан ўлим ҳолати эди. 1969 йили АҚШда фохишалар орасида ОИТС симптомлари билан кечган касаллки ҳолатлари биринчи марта қайд қилинган. Ўша вақтда шифокорлар, буни пневмониянинг кам учрайдиган тури деб ўйлашган ва бунга унчалик ахамият беришмаган.  1978йили АҚШ ва Швеция гомосексуалистларида, шунингдек Танзания ва Гаитининг гетеросексуал эркаклари орасида худди шундай касаллик симптомлари аниқланган.

Фақатгина 1981 йили касалликлар профилактикаси маркази Лос-Анджелес ва Нью-Йорк гомосексуалистларида янги касаллик аниқланганлиги ҳақида хабар берган. АҚШда 440га яқин ОИВ вируси ташувчилари аниқланган. Улардан 200 нафари ўлган. Касалларнинг аксарияти гомосексуалистлар бўлганлиги учун бу янги касаллик “Гомосексуалистлардан тарқайдиган иммунодефицит” ёки “Гомосексуалистлар саратони” деган номни олди.

1981 йилнинг 5 июнида Касалликларни назорат қилиш маркази олими, америкалик Майкл Готлиб биринчи марта иммун тизимнинг чуқур зарарланиши билан кечадиган янги касалликнинг таърифини келтирди. Чуқур олиб борилган таҳлил америкалик олимларни фанга олдин номаълум бўлган синдром мавжуд эканлиги хақидаги хулосаларга олиб келди ва у 1982 йили Aquired Immune Deficience Syndrom (AIDS) – орттирилган иммун танқислик синдроми (ОИТС) номини олди.

1983 йили француз олими Монтанье томонидан касаллик вирус сабабли эканлиги аниқланди. У ОИТС билан касалланган одамдан олинган лимфа тугунида вирусни топди ва уни LAV (lymphadenopathy associated virus) деб номлади.

1984 йили 24 апрелда Мэриленд университетининг одам вирусологияси институти директори Роберт Галло ОИТСнинг аниқ сабабини топганлигини эълон қилди. У ОИТС билан касалланган беморларнинг периферик қонида вирусни ажратиб олишга муваффақ бўлди. У HTLV-III (Human T-lymphotropic virus type III) деб ном олган ретровирусни изоляциялади. Бу иккала вируслар бир хил бўлиб чиқди.

1985 йили, ОИВ тананинг суюқ мухитлари: қон, сперма, она сути  орқали тарқалиши аниқланди. Ўша йили  ОИВга биринчи тест ишлаб чиқилди ва унинг асосида АҚШ ва Япония олимлари донор қонини ОИВ га текширишни бошлашди.

1987 йили Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ОИТС қўзғатувчисининг номини тасдиқлади – “одам иммунтанқислиги вируси” (ОИВ, инглизчада HIV).

1987 йили ОИТС бўйича БССТнинг Глобал программси тадбиқ қилинди, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассемблеяси томонидан эса ОИТСга қарши глобал курашиш стратаегияси қабул қилинди.

ОИВ инфекция манбаи ОИТС билан хасталанган  одам ёки симптомсиз вирус ташувчи. Касаллик жинсий контакт, айниқса гомосексуал йўл билан; инфицирланган онадан хомиладорлик вақтида болага плацента орқали, туғруқ вақтида, эмизган вақтида; наркоманларда игна орқали; устара асбоблари ва бошқа санчувчи кесувчи жихозлар, тиш чёткаси ва х.к. лар орқали ўтади Бундан ташқари сунъий йўл орқали ҳам ўтади: даволаш-диагностик муолажаларида зарарланган тери,шиллиқ қаватлар орқали (қон қуйиш, органлар трансплантацияси, инъекциялар, операциялар, эндоскопик муолажалар ва.х.к.)вируснинг ўтиши, сунъий уруғлантиришда, наркотик моддаларни вена ичига юборишда, ҳар хил турдаги татуировкаларни қилишда.

Хавф гурухига қуйидагилар киради: пассив гомосексуалистлар ва фохишалар. Аёллар орасида асосий хавф гурухини вена ичига наркотик қабул қиладиган наркоманкалар ташкил қилади. Бемор болалар ичида 4/5 қисмини оналари ОИТС билан касалланган ёки ОИВ инфицирланган болалар ташкил қилади. Иккинчи ўринда гемотрансфузия қилинган болалар туради, учинчи ўринда – гемофилия билан касалланганлар, ОИВ инфицирланган касалларнинг қони ва биологик суюқликлари билан контактда бўладиган тиббий персонал туради.

Касаллик белгилари: 1 ойдан ошиқ давом этган иситма, 1 ойдан ошиқ ич кетиши, тана вазнининг тушунтириб бўлмас 10% ва ундан кўпга пасайиши. Чўзилувчан, рецидивланувчи ёки стандарт даволанишда тузалмайдиган пневмония, 1 ойдан ошиқ чўзиладиган доимий йўтал, чўзилувчан, рецидивланувчи вирусли, бактериал, паразитар касалликлар, сепсис, икки ва ундан кўп гурухдаги лимфа тугунларининг 1 ойдан ошиқ вақт мобайнида катталашиши, ўткир ости энцефалит, олдин соғлом бўлган одамларда эси пастлик. Охирги босқич бу – ОИТС – уч клиник кўринишда кечади: онко-ОИТС, нейро-ОИТС ва инфекто-ОИТС. Онко-ОИТС Капоши саркомаси ва бош мия лимфомаси билан намоён бўлади. Нейро-ОИТС марказий асаб тизими ва периферик нервларнинг ҳар хил зарарланишлари билан характерланади. Инфекто-ОИТС эса  кўп сонли инфекциялар билан намоён бўлади.

Диагностика. ОИВнинг асосий лаборатор диагностикаси бу вирусга қарши антитаналарнинг иммунофермент анализ ёрдамида аниқланишидир.

Даволаш. Тиббиётниг бугунги ривожланган босқичида  касалликни тўлиқ даволай оладиган дори мавжуд эмас. Бироқ ОИВни ўз вақтида даволаш бошланса ОИТС ривожланиши анчайин орқага суриш мумкин, демакки беморнинг умрини у ёки бу даражада узайтирш мумкин.

Юқоридаги келтирилган маълумотларга асосланадиган бўлсак инсоният бошига бу бало келишининг сабаблари яққол кўриниб турибди. Аллоҳ таоло Ўзиниг каломи, Қуръони Каримда бутун инсоният учун айтиб, белгилаб қўйган ҳаддан чиқиб кетиш, Унинг буйруқларига итоат қилмаслик, баччабозлик (гомосексуализм), фохишабозлик каби бузуқликларга берилиш одамзотнинг бошига бундайин бало ёғилишининг аниқ сабаби эканлиги кундай равшан бўлиб турибди. Агар тарихга назар соладиган бўлсак қачонки одамзот хаддан ошиб, бундайин бузуқликларга берилган вақтда албатта Аллохнинг қахрига учрагани ва бошига балои мусибатлар ёғилгани тўғрисидаги хабарлар етарлича топилади. Муқаддас Қуръони Каримда баччабозлик билан шуғулланганлиги учун ва бу йўлдан қайтмаганлиги, тавба қилмаганлиги учун Лут алайҳиссалом қавмини ер ютиб юборганлиги хақидаги оятларни мисол қилиб келтиришнинг ўзи етарли бўлса керак.   Бундан 14 аср олдин Пайғамбаримиз Мухаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб шундай деганлар: инсоният гуноҳга ботиб, ҳар хил бузуқлик, фохишабозликка берилганда аждодларнинг кўзи кўриб қулоғи эшитмаган тузалмас касалликлар тарқалади.

Хўш, инсониятнинг бугунги бундайин гуноҳлар ботқоғига ботиб ётган кунида бу балолардан қутулишнинг йўли борми. Замонавий олимларнинг 25 йилдан бери қилаётган уринишлари ҳеч қандай натижа бермаяпти, касаллик авж олса оляаптики, тарқалса тарқалаяптики, лекин камаётгани йўқ. Йилдан йилга касалланаётганлар сони ортиб бормоқда, бу касалликдан ўлим ҳолати кўпаймоқда. Юқорида айтиб ўтганимиз, касаллкининг сабаби бўлган, бузуқлик йўлини ўзининг ҳаёт тарзига айлантириб олганларнинг касофати энди бугунги кунда бошқаларга ҳам, ҳатто гўдакларга ҳам урмоқда. Тиббиётда шундай олтин қоида бор : касалликнинг сабабига болта урилмас экан,  уни йўқотиб бўлмайди. Касаллик белгиларига қарши кураш ғалвирга сув олишдай гап - ҳеч қандай нафи бўлмайди. Буни бугунги кунимизнинг ўзи исботлаб турибди. Дунёнинг манаман деган олимларининг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмаяпти. Иллатнинг сабаби, манбаи бўлган ҳолат билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Ғарб “маданияти” намоёндаларининг тавсиясига бир назар солинг: “ногаҳоний жинсий мулоқотларда ўзингизни ҳимоя қилиш учун ҳимоя воситалари – презервативлардан фойдаланинг”. Шунча мусибатни кўриб ҳам бу шўрингқурғурларнинг кўзи очилмаса-я. Инсониятни бузуқлик йўлидан қайтаришга, бу йўлга кирганларга қатъий ва оғир жазо беришга негадир ҳечам ҳаракат қилишмаяпти, яъники бу иллатнинг йўлини кесиш пайига тушишмаяпти. Минг афсуски бу ғарбона ҳаёт тарзи бизнинг ўлкаларимизга ҳам сирғалиб кириб келмоқда, ота бобоси иймон эътиқод учун, ор-номус, ҳаё учун жон берган авлод бугунги кунда ўз аждодлариниг йўлини қўйиб, ана ўша шарманда, усти ялтироқ ичи қалтироқ, беҳаёлик ва бузуқликни тарғиб қиладиган ғарб “маданияти” найрангларига ўйнамоқда!  Бунинг нақадар аянчли оқибатларини эса бугунги ҳаёитмизнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Агар статистик маълумотларга эътибор берадиган бўлсак ОИТС касаллиги тарқалган худудлар – бу айни иймон-эътиқоддан йироқда бўлган инсонлар яшайдиган мамлакатлардир. Ислом динига қатъий амал қиладиган давлатларда бу касаллик учраши, дунё статистик маълумотларига кўра мамлакат ахолисининг 1%дан хам кам эканлиги аниқланган. Нима учун бундай эканлигини тушунтириб ўтирмаса ҳам бўлаверади.

Манба: tib.islom.uz

 

 

 

Add comment


Security code
Refresh