Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 11 February 2016 08:57

Такфирий жараёнлар

Такфирий жараёнлар

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, ўтган суҳбатимизда Салаф сўзи луғатда кўпроқ бўлган ва ўтган нарсалар бобида ишлатилган. Бошқача айтганда,  фақат солиҳ авлодлар даврига  яқин асрда яшаш солиҳ салаф маъносида эмас. Салафларга эргашиш  суннат аҳли  ҳадиси  тарихининг турли  даврларида  барча муҳаддислар учун яхши   таниш бўлган жумладир. Саккизинчи асрнинг бошларида ушбу гуруҳнинг пайдо бўлишидан олдин  салаф сўзининг луғавий маъноси аксар ҳолларда “ўтганлар” мафҳумини англатарди. ”Салафларга эргашиш”  ё “салаф  имомлари” ибораларини иккинчи ва учинчи асрларда  аҳли ҳадис  ибораларида учратиш мумкин.

Салафий”лик оқими XVIII аср ўрталарида Марказий Арабистоннинг Нажд ва ал-Хосса вилоятлари ҳудудида юзага келган. Дастлаб, ушбу оқимнинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1898) диндан чекинувчиларга қарши кураш олиб борди. Унинг фикрича, нафақат араб ярим оролидаги аҳоли, балки бутун мусулмон ўлкалари ҳам асл ислом таълимоти бўлмиш «тавҳид»дан узоқлашган.Ўша пайтда Марказий Арабистон расман Турк халифалиги қўл остида бўлса-да, аммо ушбу халифаликнинг таъсири бу ўлкада сезиларли даражада сусайган эди. Чунки, империянинг ўзида бошланган инқироз нафақат давлат хавфсизлиги сиёсатига, балки диний уламолар фаолиятида ҳам акс этган эди. Жуғрофий муҳит, қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашувига тўсқинлик қилса, бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо этар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса ўлкада вужудга келган вазиятларни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда кейинги даврдаги ушбу оқимнинг тарафдорлари уни янги таълимот яратди, деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва мазҳабларда мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни ривожлантирган, айримларига эса урғу берган, холос.

Ҳозирда дин ниқобидаги экстремистик ва террорчи ташкилотлар глобаллашув жараёнлари, турли геосиёсий гуруҳлар манфаатлари тўқнашувидан фойдаланган ҳолда замонавий муҳит ва шароитга мослашиб олаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Шу боисдан, ҳозирги давр диний мутаассиблик ва халқаро терроризм глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани билан характерлидир. Сўнгги вақтларда халқаро терроризм умумий бошқарув марказига эга бўлмаган, айни пайтда, моддий-техник ва ғоявий йўналишда ҳамкорлик олиб борувчи террорчи гуруҳлар тизими фаолияти натижаси сифатида намоён бўлмоқда. Уларнинг «жиҳод» ғояси асосида бирлашган ҳолда ҳаракат қилаётгани кузатилмоқда. Муқаддас ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган турли экстремистик ташкилотлар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғоялар ўзаро алоқадорликда таҳлил қилинадиган бўлса, уларни бир-бирига боғлаб турувчи кўринмас «занжир» мавжудлигини ва бу вазифани сохта салафийлик мафкураси ўйнаётганини англаш мумкин. Шу ўринда, «глобал жиҳодчилик» мафкурасига «салафийлик» туси берилиши натижасида «глобал жиҳодчи салафийлик» юзага келганини таъкидлаш зарур.
Мавзуни таҳлилчи Фахриддин Умаров давом эттиради. Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Бироқ, сўнгги вақтларда «салаф солиҳларга эргашиш» шиори остида «салафийлик» мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки «салафларнинг издошлари», деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳозирги кунда сохта салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлардир. Бу тоифадаги сохта салафийлар «жиҳод» ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик тусини бермоқдалар. Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган «мўътадил» салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.   
Сохта салафийликнинг зарур ғоявий асосларга эга бўлиши суриялик Ибн Таймия (1263-1328) фаолияти билан боғлиқ. Унинг ғоялари кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари қарашларига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, XVIII асрда тарихий адабиётларда «ад-даъватуд дамавия», яъни «қонли даъват» номини олган ҳаракатлар пайдо бўлди. Сохта салафийлик XIX асрнинг иккинчи ярмидан ўз олдига халифаликка асосланган ислом давлатини барпо этиш вазифасини қўйган «ислоҳотчилик», «панисломизм» ниқоби остида янгидан жонланди.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh