Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 31 January 2016 09:15

Такфирий жараёнлар

Такфирий жараёнлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Бугундан бошлаб Эрон Халқаро радиоси Ўзбек хизматининг  оқшомги дастури орқали чоршанба кунлари эфирга узатиладиган эшиттиришларда “Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси"  мавзуидаги суҳбатларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бизни тинглаб боринг.

Такфир ёхуд кофирга чиқариш жараёни тарих давомида ҳеч бир меъёр ва қоидага амал қилмасдан бир гуруҳ томонидан бошқа гуруҳга қарши ёки демократик бўлмаган ва мустабид тузумлар томонидан шахсга, шахсларга, фирқаларга ва бошқа турли гуруҳларга қарши амалга оширилган ҳаракатдир. Айрим кимсалар таассуб  ҳамда  хато тушуниш ва хулосалар натижасида бошқаларни диндан чиққанликда айбдор этиб, уларнинг  қонини тўкиш, мол-давлатига эгалик қилиш ва номусига тегишни ҳалол ҳисоблайдилар. Ушбу  такфир сўзидан диний гуруҳ ва фирқалар  ҳамда мустабид ҳукуматларнинг фойдалангани дунёнинг турли минтақаларида кўплаб низолар, тўқнашувлар ва қонтўкишларга сабаб бўлиб, жаҳон ҳамжамиятини жиддий муаммолар билан юзмаюз қилган.

Бугунги кунда исломий мамлакатларда такфирий гуруҳлар томонидан амалга оширалаётган  оғир жиноятлар ва даҳшатли қотилликлар ва ўз диндошларини ҳалокатга етказишлар  олдин таъкидлаб ўтилган жиддий муаммолардан  ҳисобланади. Шак-шубҳасиз, юзага келган ушбу қалтис ҳолатлар Ислом душманларининг  орзуси бўлиб, уларни мақсадларига яқинлаштиради. Зеро бу каби ҳаракатлардан Ғарб ОАВ Ислом чеҳрасини қоралаб кўрсатиш учун сиёсий мақсадларда  ва  тарғиботларда кенг кўламда  фойдаланишади.

Воқелик шундаки, Ислом таълимотидан нотўғри хулосалар чиқариш ва такфирий жараёнларга мойиллик кўрсатиш Ислом Пайғамбарининг реҳлатларидан кейин бошланган.Такфирий ақида ва тафаккурга эга бўлган биринчи  гуруҳ  “Хаворижлар” ҳисобланади.

Ҳазрати Али (а) “Хавориж”ларнинг Ислом жамияти учун хатарли эканликларини билгач, уларга қарши курашни бошлайдилар.Ушбу тўқнашув тарихда “Наҳравон” жанги номи  билан машҳурдир.

Ривоят қилишларича, бу борада ҳазрати  Али (а): «Эй одамлар! Мен Расулуллоҳ (с)нинг «Умматимдан бир қавм чиқур. Улар Қуръон қироат қилурлар. Сизларнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Сизларнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Сизларнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Қуръонни қироат қилурлар ва уни фойдаларига деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки у уларнинг зараригадир. Уларнинг намозлари бўғизларидан нарига ўтмас. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқурлар. Агар уларга мусибат етказадиган лашкар ўз набийлари тиллари ила ўзларига ҳукм қилинган нарсани билсалар, ўшанга суяниб амални тарк қилур эдилар. Ўшанинг аломати уларнинг ичида бир одам бўлади. Унинг билаги бору чиғаноғи йўқ. Билагининг бошида сийнанинг соғадиган жойига ўхшаш нарса бор. Унинг устида оқ туклар бор», деганлар.
Сизлар Муовия ва аҳли Шом томон бориб, анавуларни зурриётларингиз ва молларингизга ўзингиздан ўринбосар бўлишлари учун қолдириб кетасизларми? Аллоҳга қасамки, мен анавуларни ўша қавм бўлса керак деб ўйлайман. Чунки улар ҳаром қонни тўкдилар. Одамларнинг чораваларига ғорат қилдилар. Бас, Аллоҳнинг исми ила олға босинглар!» деган эканлар.
Зайд ибн Ваҳбнинг ривоят қилишича:
«Юриб бориб бир манзилга тушдик. Кейин бир кўприкдан ўтдик. Ўша кунда хаворижларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Ваҳб ар-Росибий эди. Тўқнашган чоғимизда у уларга «Найзаларни ташланглар! Қиличларингизни қинларидан чиқаринг! Мен уларнинг сизларга худди Ҳаруро куни мурожат қилганларидек мурожат қилишларидан хавфдаман», деди. Улар қайтиб найзаларини узоққа улоқтирдилар ва қиличларини суғирдилар. Бас, кишилар уларни найзалари ила қарши олдилар. Улар остин устин бўлиб қатл қилиндилар. Бизнинг лашкаримиздан фақат икки кишигина мусибатга учради. Шунда ҳазрати Али (а):
«Уларнинг ичидан билаги ноқисни топинглар!» деди.
Одамлар уни топа олмадилар. Шунда  Имом Али (а) ўзлари турдилар. Ул ҳазрат  бир-бирининг устида тўпланиб ётган ўликлар олдигача борди. Буларни нарига суринглар, дедилар. Уни ерга қапишиб ётган ҳолда топдишди. Шунда ҳазрати Али (а) такбир айтдилар ва: «Аллоҳ рост айтди! Унинг расули етказди!» дедилар.

  Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг биринчи   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

“Хавориж”ларнинг шаклланиши ҳазрати Али(а)  амалга оширган бир ҳаракат бобидаги нотўғри тушунча ва шубҳа натижасида бошланган ва  охирида улар мусулмонларга нисбатан эътироз ва камситиш жараёнидан кейин Ислом динидан чиқишади.

Ривоят қилишларича,  «Али ибн Абу Толиб  Ямандан Расулуллоҳ (с)га тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллони қарз ила ошланган терига солиб юборадилар. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна ибн Бадр, ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва Алқама ибн Улоса орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳақли эдик», деди.

Бас, бу Набий алайҳиссаломга етди ва: «Менга ишонмайсизларми?! Ҳолбуки, мен осмондаги зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», дедилар.
Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди.
«Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси эмасманми?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид:
«Эй Аллоҳнинг расули Унинг бўйнига зарба берайми?» деди.
«Йўқ. Эҳтимол у намоз ўқир», дедилар.
«Қанчадан қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», деди Холид.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», дедилар.
Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб:
«Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», дедилар».

“Хавориж”лар гуруҳининг бошлиқлари ҳазрат Али (а) қарши куфр ҳукмини чиқариб, ўз курашларини  “Аллоҳ ҳокимиятининг бошланиши” деб атадилар. “Хавориж”лар жараёни фаолиятининг ўша аввалида зоҳирни кўриш ёндашуви кузатилган. Уларнинг тушунишича, Қуръони карим қатъий қонун бўлиб, унинг тафсирига ҳеч қанақа эҳтиёж йўқ. Улар ҳукмни Аллоҳга хос деб билиб, ҳукумат масъулларини ушбу ҳуқуққа лойиқ ҳисобламасдилар. Шунинг учун улар ҳукуматга қаршилик кўрсатиш ва уларга қарши кураш тарафдори бўлиб, бир нав анархизмга эътиқод қилардилар.”Хаворижлар” гуруҳи аъзолари  одамларни икки гуруҳга, яъни шариат олими ва шариат жоҳилига бўлишган эдилар. Уларга ўхшамаган  ё эргашмаган ва  уларга қарши бўлган кишиларни кофир ва душман эълон қилардилар.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг илк  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh