Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Wednesday, 23 December 2015 17:27

Янги жаҳолат

Янги жаҳолат

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Янги жаҳолат"  рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони яна   эфирда. Унда “ИШИД террорчи ташкилоти ва  Афғонистон”  мавзуси  бобида фикр юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Афғонистоннинг энг беқарор жанубий Ҳелманд вилоятида собиқ Толибон қўмондони ўзининг "Исломий Давлат"га содиқлигини эълон қилган.

Мулла Абдул Рауф ўз жангарилари билан аллақачон "Исломий Давлат" байроғи остида Толибонга қарши жанг ҳам олиб борган.

Бу ҳақда вилоятнинг Сангин тумани оқсоқоли Сайидуддин Сангинвол Би-би-сига айтиб берган.

Оқсоқолнинг сўзларидан аён бўлишича, икки гуруҳ орасида кечган жангда камида 20 нафар жангари ўлиб, яраланган.

Афғонистон жанубида янги гуруҳ пайдо бўлганини мамлакат ҳарбийлари ҳам тасдиқлашган.

Жумладан, генерал Маҳмуднинг айтишича, ўтган бир неча куни ичида бунга оид хабарларни ўзлари ҳам олишган.

Унга кўра, янги гуруҳ "Исломий Давлат"га янги жангарилар ёллаш ҳаракатида ва "жангга ҳозирлик кўрмоқда".

Аён бўлишича, Мулла Абдул Рауф 2001 йилда Афғонистонда бошланган ҳарбий амалиётлар чоғида АҚШ кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Бунинг ортидан, умрининг олти йилини Американинг Кубадаги "Гуантанамо" ҳарбий базасида тутқунликда ўтказган.

Хабарларга кўра, Мулла Абдул Рауф Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар билан уришиб қолган.

Унинг Нимрўз вилояти ҳокими Амир Муҳаммаднинг узоқ қариндоши экани ҳам айтилади.

Гуантанамога олиб кетилмасидан аввал эса, битта оёғини йўқотган бўлган.

Ҳоким жанобларининг айтишича, "Исломий Давлат" гуруҳи бундан аввал жанубий-ғарбий Фароҳ вилоятидан ҳам ўзига тарафдорлар орттиришга уриниб кўрган.

Аммо бунга муваффақ бўлмаган: маҳаллий аҳоли полициянинг кўмаги билан уларни вилоятдан қувиб чиқарган.

"Бу одамлар вақтида "ал-Қоида", кейин Толибон ва энди эса, "Исломий Давлат" номи остида жанг қилишмоқда. Ўша-ўша мақсаддаги ўша-ўша кишилар", - дейди ҳоким.

Худди шу манзарада Толибон ҳаракатининг ичдан зил кетаётганининг бошқа нишоналари ҳам пайдо бўлган.

Ҳаракатнинг собиқ воизи янги видеомурожаат билан чиққан:

Ҳудудда "Исломий Давлат"нинг бир қанча қўмондонлари фаолият олиб боришаётганини айтган.

Покистон Толибон ҳаракати ҳозирда гуруҳ билан иттифоқчиликка киришганини иддао қилган.

Собиқ воиз даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

 

Аммо у акс этган видеолавҳада бутун Афғонистон бўйлаб ўзларининг "Исломий Давлат"га содиқликларини баён қилган бир қанча қўмондонларни кўриш мумкин бўлган.

Унда янграган иддаолардан аён бўлишича, бу қўмондонлар Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришган.

Бу эса, узоқ йиллар бадалида илк бор Толибон ҳаракати раҳбариятининг қудратига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган воқеъликдир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда  "Янги жаҳолат" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Аммо халқаро иттифоқ қўшинлари Афғонистонда ўз жанговар амалиётларини якунлашганига қарамай, унинг жангарилари ҳамон бутун Афғонистон бўйлаб ўз ҳужумларини давом эттиришмоқда.

Катта сонда талофатларга учраётганига қарамай, ҳозирча, Афғонистон хавфсизлик кучлари назоратни қўлдан бой бериб қўйишганича йўқ.

Ўтган йилги оммавий сафарбарлик ортидан, катта сондаги хорижий қўшинлар жанубий Ҳелманд вилоятини ҳам тарк этиб бўлишган.

Уларга кўра, агар, "Исломий Давлат" Афғонистонга сизиб киришга муваффақ бўлса, кечаётган урушларнинг табиати ҳам ўзгаради.

БМТ  эълон қилган ҳисоботида Афғонистонда “Исломий давлат” террор гуруҳини қўллаб-қувватловчилар сони кўпайгани айтилади.

Ташкилоти экспертларига кўра, Афғонистондаги 34 вилоятдан 25тасида “Исломий давлат” сафларига қўшилиш истагида бўлганлар сони ортган.

Ҳозирда “Исломий давлат”нинг кўзга кўринган жанггариларидан бири, аввал Толибон етакчиси Мулла Умарнинг маслаҳатчиси бўлган Абдул Рауф Ходим Афғонистонда террорчи гуруҳ сафларига одам ёллаш билан шуғулланиши айтилади.

Афғонистон ҳукумати “Исломий Давлат”га ёлланган фуқаролари ҳақида шу пайтгача бирор бир аниқ маълумот бермай келади.

Таҳлилчилар "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб киргани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақозо этишини баён қилишади.

Қадрли  тингловчилар, “Янги жаҳолат” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh