Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 10 July 2016 13:42

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

1.Тошкент саммити БМТ томонидан юксак баҳоланди;

2. Ўзбекистонлик зиёратчилар умра сафаридан қайтишди;

3. Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2017-2018 йиллардаги доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан табрик йўллади;

4. Ўзбек-япон ёшлар инновацион маркази Тошкент Давлат техника университети қошида ташкил топади.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

БМТ янгиликлар марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитига бағишланган мақола эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумат портали хабар берди.

Материалда ШҲТ давлатлари раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилиши доирасида бўлиб ўтган мажлисда БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман иштирок этгани эслатиб ўтилади. БМТ бош котиби номидан қилган чиқишида Фелтман ШҲТнинг экстремизм, террорчилик ва ноқонуний наркотик савдосига қарши курашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мақолада, шунингдек, бош котиб Пан Ги Мун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, республика ҳукуматига ва Ўзбекистон халқига «тарихий саммит» юксак савияда ташкил этилгани, шунингдек, унинг иштирокчиларига нисбатан кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдиргани алоҳида қайд қилиб ўтилди.

«ШҲТ Евросиё дуч келаётган муаммоларга қарши кураш ишида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ўстиришда муҳим аҳамият касб этади», — деб таъкидлади ўз чиқишида Жеффри Фелтман.

БМТ вакили террорчилик, эстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик муаммоларига эътибор қаратаркан, уларни бартараф этишга битта алоҳида давлат қодир эмаслигини тан олди.

«Ўз мурожаатида БМТ бош котиби шу йили у тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш бўйича ҳаракат Режасини тақдим этганини эслатиб ўтди. Унда хавфсизлик чораларини мустаҳкамлаш ҳамда мазкур ёвузликни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этишга қаратилган 70 дан ортиқ тавсия ўрин олган», — дейилади мақолада.

БМТ вакили халқаро ташкилот ШҲТ билан алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини ишонтириб айтди.

5 июл куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Рамазон мавсумидаги дастлабки 215 нафардан иборат гуруҳи умра сафаридан Ўзбекистонга соғ-саломат қайтиб келди, дея хабар берди Дарё сайти.

Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари кутиб олди.

25-28 июн кунлари ўзбекистонлик зиёратчилар Рамазон ойидаги умра сафарига кузатилган эди.

Рамазон ойидаги умра зиёратида жами 672 нафар фуқароларнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 3 та чартер авиарейсида сафарлари ташкил этилди.

Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2017-2018 йиллардаги доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан табрик йўллади.

Дарё сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайтида маълум қилинди.

Ўзбекистон президенти ўз табригида глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ваколатлар юкланган нуфузли органдаги аъзолик дунё ҳамжамияти томонидан Қозоғистоннинг халқаро саҳнадаги юксак обрўси эътироф этилганидан далолат беришини таъкидлади.

«Хавфсизлик кенгашидаги фаолияти давомида Қозоғистон БМТ институтлари ва органларини такомиллаштириш, халқаро ташкилотнинг умумий барқарорлик ва ривожланишни таъминлаш борасидаги ўрни мустаҳкамланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига чуқур ишонч билдираман», — дейилади телеграммада.

Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевга мустаҳкам соғлик ва ишларда ривож, дўст Қозоғистон халқига фаровонлик, мамлакат келгусида янада гуллаб-яшнашини тилади.

Ўзбек-япон ёшлар инновацион маркази Тошкент Давлат техника университети қошида ташкил топади.

30 июнь куни Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Фумихико Като билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ҳудудида Тошкент Давлат техника университети қошида ўзбек-япон ёшлар инновацион маркази лойиҳасини реал ҳаётга татбиқ этиш масаласида батафсил суҳбатлашилди.

Марказ ҳаракати биргаликда инновацион тадқиқотлар олиб бориш, илмий ишларни ўрганишга йўналтирилади ҳамда Япониянинг илмий ишлари, иқтисоддаги тажрибаси, инновацион ютуқларни тижоратлаштириш ишлари ўрганилади.

Томонлар истиқболдаги режаларни ҳамда Марказни ташкиллшатиришда амалий ҳаракатларни тезлаштириш масалаларини аниқлаштириб олишди.

 Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh