Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 03 July 2016 12:49

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президентининг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди;
  2. Корея Республикасида 16885 нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда;
  3. Хитой Ўзбекистонга 2,7 млрд долларлик кредит тақдим қилади;
  4. Ислом Каримов Туркия президентига Истанбулдаги халқаро аэропортда амалга оширилган террористик амалиёт муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади;
  5. Ўзбекистон президенти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига сафар қилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

2016 йилнинг 1 июл куни Ўзбекистон президентининг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида чоп этилди. Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида»ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2016 йил 6 июль дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.

2. Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

Бугунги кунда, Корея Республикасида 16885 нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Кун сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масалалари агентлиги раҳбари Улуғбек Назаров маълум қилган.

Унинг ёдга олишича, 2006 йили Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳамда Корея республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

Мазкур ҳужжат, Ўзбекистондан Кореяга ишчиларни юбориш жараёнини тартибга солади. Ушбу меморандум ҳар икки йилда бир марта янгиланади.

Мазкур ҳужжат доирасида, 2007-2016 йилларда 25543 нафар ўзбекистонлик Жанубий Кореяда иш билан таъминланган. Шундан 16885 нафари ишлашда давом этмоқда.

Хитой Ўзбекистонга 2,7 млрд долларлик кредит тақдим қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой раисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдидаги нутқида маълум қилган.

Хитой раиси Си Цзиньпин ўтган ҳафтада ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистонга давлат ташрифи уюштирганди.

Ислом Каримов ва Си Цзиньпин ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар ҳамда Сенат ва Қонунчилик палатаси аъзолари олдида нутқ сўзладилар. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги 29 июнда ўз сайтида икки давлат раҳбарининг ушбу нутқларини чоп этди.

Ислом Каримов ўз нутқида Ўзбекистон ва Хитой музокаралар натижаларига кўра кўплаб ҳужжатлар имзолагани, бу ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилашини таъкидлаб ўтган.

"Биз, шу жумладан Хитой томонидан Ўзбекистонга 2,7 млрд доллар кредит кўринишида ажратилиши ҳақидаги ҳужжатларни имзоладик, умумий ҳисобда эса 6,2 млрд долларлик объектлар қурилиши кўзда тутилмоқда", деб айтган ўз нутқида Ислом Каримов.

Ислом Каримов Туркия президентига Истанбулдаги халқаро аэропортда амалга оширилган террористик амалиёт муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади.Ҳамкоримизнинг  Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб берган хабарига кўра, 2016 йил 29 июн куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга Истанбул шаҳридаги халқаро аэропортда содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан мактуб йўллади. Ўзбекистон президенти Туркия президентига ва қардош турк халқида самимий таъзия изҳор этиб, қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 30 июн - 1 июл кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлди.

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Қарши туманидаги «Шукрона» фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди.

Президент фермер ва ишчиларнинг меҳнат қилиши ҳамда дам олиши учун яратилган имкониятлар, оилавий шароитлари билан қизиқди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар халқ турмуш даражасини, дунёқарашини, маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh