Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 26 June 2016 13:49

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. ШҲТ ўзининг очиқлиги ва бетарафлигини сақлаб қолиши керак;
  2. Ўзбекистон президенти россиялик ҳамкасби билан учрашди;
  3. ШҲТ саммити якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди;
  4. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилоти давлат раҳбарлари учрашувида, ШҲТ ўзининг очиқлиги ва бетарафлигини сақлаб қолиши кераклигини таъкидлади, дея хабар берди Sputnik ахборот агентлиги.

“Афсуски бугунги кунда дунёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликни ривожлантириш ўрнига зидият ва рақиблик кучаймоқда. Буни кўрмаслик ё сезмасликнинг иложи йўқ. Ҳосил бўлган мураккаб вазиятда ШҲТнинг очиқлик ва бетарафлик тамойилларини сақлаб қолиш ўта муҳимдир… Жаҳон бозорларидаги қарама-қаршилик, можаролар, мавҳумлик ва нотайинлик алоҳида безовталик уйғотади”, — деди Ислом Каримов.

Тошкентда ШҲТнинг 15 – саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо бўлган барча мамлакат раҳбарлари, кузатувчи мамлакатлар вакиллари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Россия президенти Владимир Путин пайшанба куни кечқурун алоҳида учрашув ўтказишди ва унда ШҲТ раҳбарлари саммити кун тартибига қўйилган алоҳида масалалар бўйича фикр алмашишди, дея хабар берди Sputnik ахборот агентлиги.

Президентлар учрашувида Ислом Каримов, эртанги кун билан боғлиқ бўлган устувор масалалар борасида умумий нуқтаи назар ишлаб чиқиш учун, уларни биргаликда муҳокама қилишни таклиф қилди.

“Мен ушбу таклифни эртага йиғиладиган улкан жамоа олдида, тасодифлар бўлмаслиги учун қилдим. Россия ва Ўзбекистон учун айрим жуда муҳим масалалар бўича сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим”, — деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов Россия делегациясига ушбу учрашувни тезкорлик билан уюштиргани учун миннатдорчилик билдирди ва ўзбек санъат усталари томонидан Саммит қатнашчилари учун ташкил қилинган тантанали концерт дастури Россия президентига манзур бўлганлигига ишонч билдирди.

Владиммир Путин Саммитга кўрилган таёргарликка юқори баҳо берди.

“Ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон каби қудратли давлатларнинг қўшилиши ШҲТ учун катта воқеа бўлади, албатта. Ва бу бизнинг ташкилот тарихида, Тошкент саммити сифатида сақланиб қолади”, — деди Россия президенти.

Россия президенти Ўзбекистон ва Россия орасидага ҳамкорлик алоқаларига юксак баҳо бериб учрашувда, жумладан, икки мамлакат орасидаги муносабатларни ҳам муҳокама қилиш нияти борлигини билдирди.

Шанхай Ҳамкорлиги ташкилоти давлат раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммит якунида ШҲТнинг ўн беш йиллиги Тошкент декларациясини қабул қилишди, дея хабар берди Sputnik ахборот агентлиги.

Декларация саммитнинг асосий якуний ҳужжати бўлиб, унида ташкилот аъзоларининг ШҲТни ривожлантириш борасидаги қарашлари жамланган. Тошкент саммити якунида ташкилотнинг 2016-2020 йиллардаги амалиёт дастури ҳамда ШҲТнинг 2025 йилга қадар Ривожланиш стратегияси қабул қилинди.

Ундан ташқари, ташкилотнинг Ҳудудий Аксил-Террор Тизими (РАТС) Кенгашининг 2015 йилдаги фаолияти ҳақидаги баёноти тасдиқланиб, унинг 2016 йилги амалиёт режаси қабул қилинди.

ШҲТ раҳбарлари келаси йилги саммит ўтказиш санаси ҳақида ҳам келишиб олишди.

“ШҲТ давлат раҳбарларининг навбатдаги мажлиси 2017 йилнинг 7-8июнида Остонада бўлиб ўтади”, — деди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Кейинги йил ШҲТга раҳбарлик, ташкилот низомига кўра, Қозоғистонга ўтди.

2016 йил 23-24 июнь кунлари Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди. Мажлис Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтди.

ШҲТ саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти асосий натижаларини кўриб чиқдилар. Ташкилот нуфузли ва аҳамиятли тузилма сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммаджавод  Зариф, саммит меҳмони – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди. Шунингдек, мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди.

Саммитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Минь, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Цзяньвэй ҳам иштирок этди.

Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим воқеаларидан бўлди.

Давлат раҳбарлари Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Камбоджа Қироллиги ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланишини маъқулладилар.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh