Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 12 June 2016 13:46

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

 

Ўзбекистон Меҳнат вазири ХМТ бош директори билан учрашди;

Урганч шаҳридаги аэропортга шошилинч равишда қўнган EgyptAir самолёти бортидан портловчи қурилма топилмади;

Ўзбекистонда об-ҳаво ҳароратининг янги рекорди қайд қилинди;

Ўзбекистон ва Эстония ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлари ўтказилди;

ИШИДга қўшилмоқчи бўлган экстремистлар гуруҳи қамалди;

Россия ва Ўзбекистон вакиллари тўқимачилик қўшма корхонаси ташкил қилиш юзасидан муҳокама ўтказди.

 

Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер билан учрашди. Швейцариянинг Женева шаҳрида ташкил этилган 105-Халқаро меҳнат конференцияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ХМТнинг етакчи департаментлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Гай Райдер Ўзбекистон ўзи томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари доирасидаги мажбуриятларини бажаришда шаффоф ва тарафдор эканлигини, халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ қилишда сезиларли ўсишга эришганини қайд этиб ўтган.

Мазкур жараёнда Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-сотиқ палатасининг мос равишда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Халқаро иш берувчилар ташкилотига аъзо бўлгани муҳим аҳамият касб этади.

ХМТ раҳбари ташкилот меҳнат соҳасида асосий тамойилларни амалга ошириш ҳамда бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича фаолиятнинг янги йўналишларини шакллантириш, уларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб ўтган.

 

Ўзбекистоннинг Урганч шаҳридаги аэропортга портлаш хавфи билан қўнган EgyptAir самолётининг шошилинч равишда қўндирилиши ҳафтанинг муҳим хабарларидан бўлди.

Мисрнинг EgypAir авиакомпаниясига тегишли А-320-220 авиалайнери Қоҳира-Пекин йўналишида (MS955 рейси) парвозни амалга ошираётганда чоршанба куни 8:00 да Урганч аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.

Шундан сўнг, унинг йўловчилари ҳамда экипаж аъзолари хавфсиз ҳудудга кўчирилиб, бортда текширув ишлари олиб борилди.

Бу воқеа туфайли Урганч аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун вақтинчаликкаёпиб қўйилган эди.

Самолёт изчил текширувдан ўтказилган ва унинг бортидан портловчи ускуна топилмаган ва портлаш хавфи ҳақидаги маълумот ёлғон бўлиб чиқди.

Қўнганидан тўрт соат ўтиб, лайнер Урганчдан Хитой пойтахтига учиб кетган.

 

Ўзбекистонда 9 июн, пайшанба куни бўлиб ўтган иссиқ об-ҳаво, қайд қилинган метерология тарихида энг юқори ҳарорат бўлди.

Ўзбекистон метеохизмати хабарига кўра, 9 июн куни Термезда кўрсаткичлар 44,4 градусни кўрсатди. Бу йилги ҳарорат 2008 йиллгидан (43градус) ҳам ўзиб кетди. Ўзбекистонда об-ҳаво ҳарорати 135 йилдан бери, яъни 1881 йилдан бери қайд қилиб келинмоқда.

Бу йил Самарқанд вилоятида ҳам янги иссиқлик рекорди ўрнатилди — 37,7 градус. Олдинги рекорд 2013 йилда ўрнатилган бўлиб у 37,5 градусни ташкил қиларди. Бу йил 9 июнда Тошкентда ҳам 40,5 градусли, янги температура рекорди ўрнатилди.

 

Ўзбекистон ва Эстония ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлари ўтказилди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

Самарқанд вилояти Пояриқ туманида яшовчи,  келажакда ИШИДга қўшилишни режалаштираётган, экстремистлар гуруҳига суд ҳукми ўқилди.

Пояриқ туманида яшовчи Азизхон Носиров ва унинг шериги Равшан Пўлатов, Қирғизистон фуқароси бўлган “Абдулло” исмли шахсдан ичида экстремистик материаллар бўлган электрон ахборот манбаси олган. Кейин улар атрофдагилардан шариат қонун-қоидаларига амал қилишни талаб қила бошлаган.

“Гаштак” ўтказиш баҳонасида улар Сардор Саидалиев, Музаффархон Махмудов, Ҳасан Пўлотов ва Камола Абдуллаеваларни ўз уйларига таклиф қилишган. У ерда улар биргаликда радикал экстремизм ғояларини ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланишган. Шу билан бир вақтда улар Сурия ҳудудига бориб ИШИД террорчилик ташкилотига қўшилиш режасини тузишган.

“Бунинг учун юқорида айтиб ўтилган шахслар доимий равишда Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали “Муазо” исмли шахснинг тарғиботларини тинглашади. “Муазо” ИШИД жангариларни рағбатлантириб турувчи ва улар билан бирга жанг қилаётган шахслардан биридир”, — деди суд вакили.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ўтказган тадбирлар натижасида гуруҳнинг жиноий фаолияти тўхтатилган. Махсус хизмат ходимлари уларнинг турар жойидан кўп миқдорда экстремистик адабиётлар ва Ўрта Осиё ҳамда Ўзбекистон ҳудудида ислом давлати ташкил қилиш мазмунидаги тарғиботлар сақланаётган электрон ахборот воситалари  топишган.

Судда айбланувчилар ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлишди. Кўриб чиқилган иш юзасидан гуруҳ аъзоларига 6 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. Камола Абдуллаева бўлса – икки йил шартли қамоқ жазоси олди.

 

Россия ва Ўзбекистон вакиллари тўқимачилик қўшма корхонаси ташкил қилиш юзасидан муҳокама ўтказди. 10 июн куни Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.

Делегация Ўзбекистонга қўшма корхона тузиш ва ярим-тайёр маҳсулотлар еткизиб бериш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида келган. Россия делегацияси 2 кунлик ташриф давомида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, вазирликлар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказишни режалаштирган. Биринчи куни Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбари Элёр Ғаниев билан учрашув ўтказган. Томонлар тўқимачилик ва кўнчилик (тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш) саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш, Россияга пахта толаси ва ип-газлама етказиб беришни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган.

Делегация таркибида Россиянинг бир неча тўқимачилик комбинатлари вакиллари бор. "Россия учун Ўзбекистон енгил саноат соҳасида стратегик ҳамкор ҳисобланади. 2015 йилда Россия Ўзбекистондан 150 млн долларлик пахта толаси импорт қилган. Бу 73,7 минг тонна маҳсулот ва бу Россия пахта толаси импортининг 60 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келганини англатади. Учрашувда биз Россия ҳудудида қўшма корхона ташкил қилиш имкониятини ўрганиб чиқдик. Ушбу корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик ярим-тайёр маҳсулотлари асосида юқори қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Бу эса Россиядаги корхоналарга хомашёни арзон нархларда харид қилиш ва сифатни таъминлашга имкон беради", деган Виктор Евтухов.

Россия делегацияси Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан ҳам учрашади. Ундан ташқари делегация Ўзбекистондаги бир неча пахта заводларига ташриф буюришни режалаштирган.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh