Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 05 June 2016 12:52

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

1.Муборак Рамазон ойи Ўзбекистонда 6-июндан бошланади;

2. Дунё мамлакатлари ривожланганлик рейтингида Ўзбекистон 57-ўринда;

3. Ўзбекистон РФга йилига 800минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот етказиб бера олади;

4. Атоқли шоир Эркин Воҳидов оламдан ўтди;

5.Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг узун туннел қурилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни 1 июнь куни имзолади. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинган.Ҳужжатда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига асосланиб, муборак Рамазон ойининг бошланиши 2016 йилнинг 6 июнь кунига тўғри келиши маълум қилинган. Қарорда Рамазон ойининг жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ўзбек халқига мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлашдаги алоҳида ўрни ва аҳамияти алоҳида қайд этиб ўтилган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳақида кўрсатма берилган. Рамазон ойида эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас зиёратгоҳларни ободонлаштириш бўйича тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилади.

Буюк Британиянинг Legatum Institute тадқиқот маркази 2015 йил якунларига кўра, дунё мамлакатлари ривожланганлик рейтингини эълон қилди.Бу ҳақда Дарё уз сайти хабар беради.

Рейтингда биринчи ўринни Норвегия эгаллади. Юқори ўнликка Швейцария, Дания, Янги Зеландия, Швеция, Канада, Австралия, Нидерландия, Финляндия ва Ирландия каби давлатлар ҳам кирди.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 57-поғонани эгаллаб турибди. Бунгача Ўзбекистон 2009 йилда 65, 2010 йилда 76, 2011−2012 йилларда 64, 2013 йилда 63 ва 2014  йилда  57-ўринни эгаллаган эди.

МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон 56, Россия 58, Қирғизистон 66, Украина 70, Озарбайжон 71, Тожикистон 91-ўринларда кўрсатилган.

Рейтингнинг сўнгги поғоналарида Марказий Африка Республикаси, Афғонистон, Гаити, Чад, Бурунди, Конго Демократик Республикаси ва Сурия жойлашди.

Индекс жамият ҳаётининг турли жабҳалари ва жамоатчилик фаровонлигининг параметрларини акс эттирувчи саккизта мезонга бирлаштирилган 79 та кўрсаткич асосида тузилади. Саккизта мезон эса иқтисодиёт, тадбиркорлик, бошқарув, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, шахсий эркинликлар, ижтимоий капиталдан иборат.

Ўзбекистон РФга йилига 800минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот етказиб бера олади. Кўпроқ  тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.

Эшиттиришимиз давом этади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, машҳур ижодкор Эркин Воҳидов узоқ хасталикдан сўнг 30 май куни кечга яқин вафот этди. Бу ҳақда «Ziyouz.uz» портали хабар берди.

Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), драматург ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини тугатган (1960).

«Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960–1963; 1975–1982), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963–1970), директор (1985–1987), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982–1985) бўлиб ишлаган.

Илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. Кейинчалик «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) сингари китоблари дунё юзини кўрган.

Шунингдек, У Гётенинг «Фауст» асарини, Сергей Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган, Шиллер, Иқбол, Улфат, Расул Ҳамзатов, Леся Украинка, Александр Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). Шунингдек, 2016 йили шоир ҳақида “Эркин Воҳидов замондошлари нигоҳида” тўплами ҳам нашр этилган эди.

Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг узун туннел қурилди.

Қурилган туннелнинг узунлиги 19 километрдан зиёд бўлиб, у Фарғона вилоятини мамлакатнинг бошқа шаҳарлари билан улайди. Туннелда қатнов июнь ойининг охирида бошланиш режалаштирилган.

Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси Қамчиқ довони орқали темир йўл туннели қурилишини якунлади.

“Ўзбекистон темир йўллари” вакилининг сўзларига қараганда, узунлиги 19 километр бўлган, ушбу туннел Ўрта Осиёда энг узун темир йўл туннели бўлди.

“Туннелда темир йўл излари ва коммуникация воситалари ўрнатилган. Ўтган дам олиш куни поезднинг синов  қатнови ўтказилди”, — дейишди компанияда. Поездларнинг туннел орқали доимий ҳаракати июнь ойининг охирида бошланиши режалаштирилган.    

China Railway Tunnel Group компанияси 2013 йил ёзида “Ўзбекистон темир йўллари” билан шартнома тузди. Шартноманинг умумий қиймати 455 миллион долларни ташкил қилди. Шартнома доирасида Хитойлик корхона узунлиги 19,2 км бўлган туннел ва фавқулодда ҳолатларда керак бўладиган алоҳида ер ости йўлаги қуриб битказди. 

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh