Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 29 May 2016 13:24

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президенти Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашди;
  2. 2016 йил учун закот, фитр садақа ва фидя нисобларини эълон қилди;
  3. Ўзбекистон ва Хитой Ташқи ишлар вазирларининг мулоқотлари бўлиб ўтди;
  4. 24 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши якунланди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 май куни Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Бу ҳақда Кун. уз сайти хабар берган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари Россия ташқи ишлар вазирини қутлар экан, жорий йилнинг апрель ойида Москвада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Россия музокаралари якунларига юксак баҳо берди ва бу барча йўналишларда ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Бугунги кунда олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги келишувларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бу жаҳон иқтисодиётида мураккаб ўзгаришлар рўй бераётганига қарамасдан ўзаро савдо ҳажмини нафақат сақлаб қолиш, балки кўпайтириш имконини беради. 

Томонлар 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид битим доирасида рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди. 

Россия ташқи ишлар вазири самимий қабул ва ўзаро муносабатлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. С.Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси хусусида ўз фикрини билдирар экан, Ўзбекистоннинг ШҲТга самарали раислиги Тошкент саммитининг муваффақиятли ўтишини таъминлашига ишонч билдирди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши 2016 йил учун закот, фитр садақа ва фидя нисобларини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматига таяниб Дарё уз сайти хабар бермоқда. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2016 йил (ҳижрий 1437 йил) учун закот нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 135 минг сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 грамм тилло ҳисобидан закот нисоби 11 475 000 сўм эканлиги ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни 286 875 сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосаси маъқулланди. Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. (Масалан 2015 йилда Тошкент шаҳри бозорларида 1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2000 сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 4000 сўм бўлади). Фидя миқдори узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 10 000 (ўн минг) сўм деб белгиланди.

Ўзбекистон ва Хитой Ташқи ишлар вазирларининг мулоқотлари бўлиб ўтди; Кўпроқ  тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.

Эшиттиришимиз давом этади.

24 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти  маълумотига таяниб, Кун. уз хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов, Хитой ТИВ раҳбари Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдиллаев, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Аслов, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТнинг Ҳудудий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этди.

Ишчи йиғилишда "ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан расмий Тошкент тайёрлаган декларация лойиҳаси" ҳамда кун тартибидаги масалаларга бағишланган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш масаласини Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди.

Мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа Қироллиги ва Непал билан меморандумлар имзоланганлиги вазирлар томонидан маъқулланди.

Вазирлар томонидан таъкидлаганидек, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларига мувофиқ равишда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотикларни ноқунуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш, трансчегаравий жиноятчиликлар, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар, ноқунуний миграция ва одам савдоси воситаларига қарши умумий курашиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, уларнинг ривожланиш тенденциялари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкмалаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТнинг 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг якунлари бўйича ахборот лойиҳалар ҳамда Бош котиб Рашид Алимов томонидан тақдим этилган ўтган йилда ташкилот Котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди.

Делегация раҳбарлари ташкилот фаолияти ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилишди.

Вазирлар ШҲТда раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган йиғилишига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.

Бу йиғилиш 23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ Саммитига тайёргарлик доирасидаги охирги йиғилиш бўлди.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh