Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 21 May 2016 14:19

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. GM Uzbekistan қўшма корхонаси Россияга Chevrolet Spark’нинг муқобили Ravon R2 автомобилини жўнатишни бошлади;
  2. Ўзбекистон Миллий банки Жанубий Корея билан  ҳамкорликни кенгайтирмоқда;
  3. ЕИ Комиссияси вице-президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди;
  4. Ўзбекистон ҲҲК Airbus вертолётлари ва самолётларига эга бўлди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси Россияга Chevrolet Spark’нинг муқобили Ravon R2 автомобилини жўнатишни бошлади, деб хабар берилмоқда Ravon сайтида. Жорий йилнинг охиригача компания бу автомобиллардан 2500 тача сотмоқчи. 

Машиналар муваффақиятли етказилиши ва сотилиши учун дистрибьюторлар, дилерлар ва бошқа ташкилотлар билан фаол иш олиб борилмоқда, дейилмоқда хабарда.

GM Uzbekistan кейинги чиқарадиган модели Nexia седани бўлади. Ўзбекистонда бу модел Chevrolet Nexia сифатида, хорижий бозорларда эса Ravon Nexia R3 сифатида сотилади.

Айни вақтда GM Uzbekistan’нинг Асакадаги заводида икки янги моделни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча ишга тушириш-созлаш ва синов ишлари якунланди.

Компания Ravon дилерлик тармоғини кенгайтиришни ва Ravon R4 (Cobalt) моделини ишлаб чиқариш билан моделлар қаторини янгилашни давом эттирмоқда.
 
Кейинги йилда Россияда ўтган йилнинг октябрида тақдим қилинган Ravon бренди МДҲнинг бошқа бозорларида, жумладан Қозоғистонда ишга туширилади.

Ravon R2 модели ташқи ва ички томондан янги дизайнга эга, тежамкор 1,25 л B-DOHC двигатели ва янги авлоддаги автоматик трансмиссия билан жиҳозланган. Модел комплектацияси яхшиланган шовқин изоляцияси, янгиланган асбоблар панели, MP3, USB, AUX ва Bluetooth функцияларига эга аудиотизимни ўз ичига олади.

Ravon R2’нинг фаол ва пассив хавфсизлик тизими хавфсизлик ёстиқчалари, рулни электрон бошқариш тизими, электр ойна кўтаргичлар, антиблокланиш тормози ва болалар автомобиль ўриндиқларини маҳкамлаш тизими Isofix билан бутланган. Кейинроқ моделнинг стандарт комплектациясига йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда авария-қутқарув хизматларини шошилинч чақириқ билан хабардор этадиган фавқулодда вазиятларда шошилинч огоҳлантириш тизими киради. 

T250 негизида яратилувчи янги Nexia янги автоматик узатмалар қутиси ва хавфсизлик ёстиқчалари, уч нуқтали хавфсизлик камари, Isofix тизими, ABS ва электрон барқарорлик тизимини ўз ичига олувчи такомиллаштирилган хавфсизлик тизими билан жиҳозланган. Nexia ҳам фавқулодда вазиятларда шошилинч огоҳлантириш тизими билан бутланади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Банк бошқаруви раиси Саидаҳмат Раҳимовнинг Корея республикасига ташрифи натижаси ҳақида маълум қилмоқда. 

С. Раҳимов 2016 йил 25-29 апрель кунлари Корея республикаси пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтган «Invest in Uzbekistan» бизнес форуми доирасида, Корея давлат органлари, компания ва банк-молия институтлари вакиллари билан бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказган. 

Хусусан, Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Корея Эксимбанки президенти Ли Дук Хун билан учрашган. Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Эксимбанки (Корея экспорт-импорт банки) ўртасида стратегик ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама этишган. 

Умуман, форум давомида қуйидаги йўналишлар бўйича алоҳида йиғилишлар ташкил этилган: «Нефтегаз, кимё ва энергетика соҳаси», «Электротехника соҳаси, машинасозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати», «Енгил саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаси», «Банк-молия сектори ва суғурта хизматлари».

Бизнес форум натижаларига кўра, ўзбек ва корейс компаниялари ўртасида қатор келишувлар имзоланган. Уларга мувофиқ, корейс бизнеси вакиллари ўзбек акционерлик жамиятлари низом жамғармаларида иштирок этишади.

ЕИ Комиссияси вице-президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди. Кўпроқ  тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.

Эшиттиришимиз давом этади.

Ўзбекистон ҲҲК Airbus вертолётлари ва самолётларига эга бўлди.

Ўзбекистон Қуролли Кучларига Airbus Helicopters’дан AS 332 (H225) Super Puma транспорт вертолётлари ва AS 350 Ecureil енгил вертолётлари харид қилинди. Бу ҳақда Стратегиялар ва технологиялар таҳлили маркази (Россия) шафелигидаги BMPD блогида хабар берилган. Унда Youtube порталида февраль охирида эълон қилинган Ўзбекистон ҚК тўғрисидаги видеоролик ҳам илова қилинган.

Ўзбекистон 2013 йилда Airbus Helicopters (ўшанда Eurocopter эди) билан ўз ҲҲК учун ҳарбий фойдаланишдаги умумий қиймати 180 млн доллар атрофида бўлган саккизта AS 332 (аввалги H225) Super Puma транспорт вертолёти ва саккизта AS 350 Ecureil енгил вертолётини харид қилиш бўйича шартнома имзолаган эди. 2014 йилнинг ёзида Airbus Helicopters AS 350 Ecureil вертолётининг 2 та ноҳарбий талқинини етказиб берди, қолган 14 транспорт 2016 йилнинг бошига қадар етказилди. Airbus Ўзбекистонга апрель ойи сўнгида 4 дона C295W ҳарбий-транспорт самолётларини етказиб бериш ишларини ҳам якунига етказди.

 Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh