Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 15 May 2016 14:07

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Халқаро газ иттифоқининг бош котиби Пол Расмуссен Ўзбекистонда бўлади;
  2. ШҲТ раҳбарлари учрашувига журналистларни аккредитация қилиш бошланди;
  3.  Ислом Каримов Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган ўзбекистонликлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди;
  4. Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш учун 10 йилга қамаш таклиф қилинди;
  5. Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 4 сўм 57 тийинга ошди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

18-20 май кунлари Тошкент бутун дунё экспертларини жамлайдиган «Ўзбекистон нефти ва гази – OGU 2016» 20-Халқаро кўргазма ва конференцияни қабул қилади.

Дарё сайтининг хабарига кўра, Ўзбекистон нефтгаз тармоғининг асосий юбилей кўргазмасига тармоқ экспертлари ва жаҳоннинг пешқадам компаниялари келмоқда. Углеводородлар бозорининг барча асосий масалаларини қамраб олувчи кенг кўламли кўргазма ва илмий дастур 25 мамлакат вакилларини жалб қилди. Жумладан, кўргазманинг энг йирик иштирокчилари бўлмиш «Лукойл», SOCAR, Schlumberger, General Electric, Hyundai Engineering Co. Ltd инновацион технологияларни тақдим этади.

«Ўзбекистон нефтгаз тармоғи: Технологиялар, Инвестициялар ва Ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференция дастурида делегатларнинг нуфузли рўйхати ўрин олган. Конференциянинг дастлабки маърузачилари орасида — Халқаро газ иттифоқи бош котиби Пол Расмуссен ва Европа Иттифоқи раисининг энергетика бўйича биринчи ўринбосари Марош Шефчовичлар бор. Асосий маърузалар орасидан қуйидаги мавзулар ўрин олган: «Ўзбекистонда нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш самарадорлигини ошириш», «Газни қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни ривожлантириш», «Энергиянинг қайта тикланадиган манбалари».

20 йилдан бери OGU кўргазмаси Ўзбекистон нефтгаз тармоғининг энг муҳим воқеаси бўлиб келмоқда ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва «Ўзбекнефтегаз» Миллий холдинг компаниясининг расмий кўмагида ўтказилмоқда. Тадбир халқаро нефть ва газ компаниялари учун энг янги ютуқлар ва ишланмаларни намойиш қилиш учун юқори даражадаги бизнес-платформани тақдим этади ҳамда етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчилар учрашуви учун энг мақбул жой бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги журналистларни 2016 йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ мамлакатлари раҳбарлари учрашувида қатнашиш учун аккредитация қилишни бошлади, вазирлик матбуот хизмати хабари асосида. Бу ҳақда Спутник агентлиги хабар бермоқда. Кенгашни ёритмоқчи бўлган ОАВ вакиллари Ўзбекистон ТИВ сайтида кўрсатилган ҳужжатлар тўпламини вазирликка юбориши керак. ОАВ вакилларидан аккредитация аризалари 2016 йилнинг 6 июни Тошкент вақти билан соат 18:00га қадар қабул қилинади. Ушбу муддатдан кейин олинган ёки керакли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган, аризалар ва журналистлар анкеталари кўриб чиқилмайди.

Чет эл ахборот воситалари, анжуманда қатнашиш учун нафақат ариза юбориши, балки Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигидан аккредитация олиши керак.  

Ислом Каримов Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган ўзбекистонликлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Кўпроқ  тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.

Эшиттиришимиз давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама учун жойлаштирилди. Бу ҳақда Кун.уз сайти хабар қилган.

Ҳужжатда мамлакат ҳаво ҳудудидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни киритиш кўзда тутилган.

Ҳаво ҳудудидан, жумладан учувчисиз парвоз қурилмаларидан  ноқонуний фойдаланиш 100 дан 200 гача минимал иш ҳақи миқдорида жарима тўлаш кўринишидаги маъмурий жавобгарлик ёки қоидабузарлик буюмларини мусодара қилиш билан 15 кунга ҳибсга олишга олиб келади.

Агар бу қоидабузарлик жарима тўлангандан кейин такроран содир этилган ёки ўз ортидан ўртача оғирликдаги жароҳат ёки оғир жароҳатга олиб келган бўлса, унда айбдор одам 2 йилгача ахлоқ-тузатиш ишлари ёки 3 ой ҳибсга олиниш кўринишидаги жиноий жавобгарликка тортилади.

Одамнинг ўлимига олиб келган дронлар билан ҳаракатлар 3 йилгача ахлоқ-тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача эркинликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қурбонлар, фожиа ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келади.  Ўзбекистонга дронларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш 2015 йил 1 январдан тақиқлаб қўйилган.

Ўзбекистон Марказий банки АҚШ доллари қийматини 2909 сўм 25 тийин этиб белгилади.

Дарё сайтининг хабарига кўра, Ўзбекистон Марказий банки 2016 йил 11 майдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади.

Унга кўра, 1 АҚШ доллари 2909 сўм 25 тийин этиб белгиланди. Бу 3 майдаги курсга нисбатан 4 сўм 57 тийинга кўп.

11 майдан эътиборан 1 евро қиймати 3341 сўм 76 тийин (3 майдаги курсга нисбатан 31 сўм 58 тийин қиммат), 1 Хитой юани 446 сўм 43 тийин (3 майдаги курсга нисбатан 2 сўм 25 тийин арзон), 1 Россия рубли эса 43 сўм 95 тийин (3 майдаги курсга нисбатан 1 сўм 20 тийин арзон) этиб белгиланган.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh