Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 08 May 2016 14:01

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Теҳронга илк юк ташиш рейсини амалга оширди:

ТИАИСВда Хитой савдо вазири билан учрашув ўтказилди;

Ўзбекистонда ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар бошланди;

Қамчиқ довонида содир бўлган ер кўчкисида 5 киши қурбон бўлди;

GM Uzbekistan корхонасида текширув ўтказилмоқда.

 

29 апрел куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси «Навоий» халқаро аэропортидан Эрондаги Имом Ҳумайний номидаги халқаро аэропортга илк юк ташиш рейсини амалга оширди.

Илк рейсда 35,5 тонна (электроника маҳсулотлари, автомобил қисмлари, фармацевтика ва бошқа турдаги маҳсулотлар кўринишидаги) юк ташилган.

Эрон пойтахти Теҳронга мунтазам юк ташиш рейслари Korean Air авиакомпанияси билан ҳамкорликда амалга ошира бошланди. Рейслар Boeing-767-300BCF юк самолётларида ҳафтасига икки марта — душанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Бугунги кунда «Навоий» халқаро аэрпорти орқали Франкфурт, Вена, Милан, Сарагоса, Тель-Авив, Дубай, Деҳли, Мумбай ва Сеулга юк етказилмоқда.

Бундан аввалроқ, апрелнинг охиридан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Теҳронга мунтазам юк ташиш рейсларини амалга ошира бошлаши ҳақида хабар берилганди.

 

3 май куни Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Хитой Савдо вазири Гао Хучэн билан учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида икки томоннинг савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлигини давом эттириш масалалари таҳлил қилинди ҳамда икки томоннинг 2013-14 йиллардаги олий даражадаги учрашувлари натижалари кўриб чиқилди.

 

 

Ўзбекистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқарув қўмиталари раҳабарларини сайлаш бўйича икки ойлик марафон бошланди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг

 

Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманида жойлашган бўлагида ер кўчиши содир бўлди.

“Тўртинчи май куни соат 14:00да Қамчиқ довонида, Тошкент-Ўш йўлининг 223 километрида ер кўчиши содир бўлди. Кўчки оғирлиги 13,3 кубометрни ташкил қилди. Кўчки остида икки машина қолиб кетди ва 5 киши қурбон бўлди”, — дейилган Ўзбекистон Фавқулодда Ҳолатлар вазирлиги хабарида.

ФҲВ хабарига кўра, ўз вақтида кўрилган чораларга биноан 6 киши қутқарилди, жабрланганлар ва уларнинг яқинларига ёрдам кўрсатилмоқда.

Қамчиқ довони денгиз сатҳидан 2,2 км баландликда жойлашган бўлиб, ушбу довон орқали Ўзбекистонни Фарғона водийси билан боғловчи ягона йўл ўтган. Ҳар куни ушбу йўлдан 20 мингга яқин автомобил қатнайди.

Қиш вақтида довонда автомобил ҳаракати мураккаблашади. Қор кўп бўлганда ва ер музлаганда йўл вақтинча ёпилиши ҳам мумкин. Яқин орада ушбу довон орқали темир йўл ҳаракати ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.

 

Ўзбекистон Ҳуқуқни сақлаш  ва Солиқ органлари Ўзбекистон АҚШ қўшма корхнаси GM Uzbekistan устидан текширувни бошлади.

“Текширув автомобилларни ноқонуний экспорт қилиш ва валюта қонунчилигини бузиш туфайли бошланди”, — деди ахборот Sputnik ахборот агентлиги билан суҳбатда бўлган киши. Текширувнинг дастлабки муддати — бир ой, керак бўлса яна узайтирилиши мумкин.

Ушбу ҳафтада бир неча ОАВлар GM Uzbekistan бош директори ва "Ўзавтосаноат" АЖ раиси ўринбосари Тохиржон Джалилов ҳибсга олинганини хабар берган эди. Ҳозирча ушбу вазият юзасидан Ўзбекистон  ҳуқуқни сақлаш органлари ва GM Uzbekistan ва "Ўзавтосаноат" АЖ ходимлари томонидан вазиятга расмий изоҳ берилгани йўқ.

GM Uzbekistan - қўшма корхонаси 2008 йилда АҚШнинг General Motors (25 %) ва Ўзбекистоннинг  "Ўзавтопсаноат" АЖ (75%) томонидан “ЎзДэуАвто” ЁАЖ ўрнида ташкил қилинган эди. Компания қуввати йилига 250 минг автомобилни ташкил қилади.

Бугунги кунда корхона Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra ва Malibu, Matiz, Spark, Captiva, Orlando минивэни, Damas микроавтобус ва унинг юк ташишга мослашган кўриниши Labo  каби автомобиллар ишлаб чиқаради.

Экспорт қилинадиган автомобиллар Ravon бренди остида сотилади. Булар асоан Nexia, Cobalt, Matiz ва Spark автомобилларидан иборат.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh