Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 01 May 2016 14:13

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Ўзбекистон ва Россия ўртасида янги шартномалар имзоланди;
  2. "ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистонга 12 млрд доллар инвестиция йўналтиради;
  3. Ўзбекистонлик қорилар VII халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этди;
  4. Ўзбекситонда паспорт тизимидаги қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

25 апрел куни Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Москвага расмий сафар уюштирган эди. Ташрифининг биринчи кунида Ислом Каримов Владимир Путин билан норасмий учрашув ўтказди.

Sputnik ахборот агентлигининг хабарига кўра, Россия ва Ўзбекистон президентларининг норасмий учрашуви икки мамлакат ўртасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун яхши имконият туғдирди, деб хабар қилди сешанба куни журналистларга Россия президенти матбуот-котиби Дмитрий Песков.

Бундан бир кун олдин Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевия Каримов Москвага расмий ташриф уюштирган эди. Ташрифининг биринчи кунида Ислом Каримов Владимир Путин билан норасмий учрашув ўтказди.

"Хабарингиз бор, улар куни кеча норасмий учрашув ўтказишган эди. Бирга тушлик қилишди ва бу Россия ҳамда Ўзбекистондаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишга қулай имконият туғдирди”, — деди Песков.

"Шундан сўнг, тор доирада, расмий нонушта форматида Россия-Ўзбекистон музокаралари бўлиб ўтади. Бунда икки давлат делегациялари учрашадилар. Сўнгра ҳужжатлар имзоланади ва бўлиб ўтган учрашув якуни бўйича икки президент чиқиш қилиши режалаштирилган”, — қўшимча қилди Песков.

 26 апрел куни Кремлда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия орасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожланишга қаратилган бешта муҳим ҳужжат имзоланди.

Sputnik ахборот агентлигининг хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошчилигидаги расмий делегациялар 26 апрел куни Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия орасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожланишга қаратилган бешта муҳим ҳужжат имзолашди.

Ушбу ҳужжатлар рўйхати билан  танишинг:

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукуматлари орасида “Учинчи мамлакатларга қурол-яроқ экспорт қилганда ўзаро ҳамкорлик ҳақида”ги шартнома.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси орасида 2016-2018 йилларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳақидаги шартнома.

Ўзбекистон ва Россия Ташқи Ишлар вазирликлари орасидаги 2016-2017 йиллардаги ҳамкорлик дастури ҳақидаги шартнома.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги ва Россия Федерацияси Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари орасида ҳамкорлик ҳақидаги ўзаро тушуниш меморандуми.  

Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат Техник университети ва Тошкент темир йўллари инженерлари институти орасидаги илмий ва академик ҳамкорлик ҳақидаги шартнома.

"ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистонга 12 млрд доллар инвестиция йўналтиради.

Кун сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда 26 апрелда Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ўтказган музокаралардан кейинги матбуот-анжуманида маълум қилди.

Путин Россия компанияси ўзбекистонлик ҳамкорлар билан Бухоро вилоятидаги газ-конденсат конлари гуруҳини ўзлаштираётганини таъкидлаб ўтди. Путин бу мақсадлар учун 3,6 млрд доллар сарфланганини қўшимча қилди. Инвестициялар умумий ҳажми 12 млрд доллар даражасида режалаштирилган.

Путин апрелда Марказий Осиёдаги энг йирик мажмуалардан бири бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланганини эслатиб ўтди.

"Мажмуанинг режавий қуввати йилига 8 млрд куб метр газни, қиймати эса 3 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. Бу катта лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонда минглаб янги иш ўринлари яратади, республика бюджетига катта миқдорда молиявий ва солиқ тушумлари келишини таъминлайди", деб айтди Путин.

"ЛУКОЙЛ" компанияси ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 16 млрд куб метрга етказишни режалаштирмоқда.

 Ўзбекистонлик қорилар VII халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этишди. Кўпроқ  тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.

Эшиттиришимиз давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 25 апрелда имзолаган "айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги" қонунига мувофиқ паспорт тизимидаги қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилди, дейилади “Халқ сўзи” нашрида.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, эндиликда паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши— энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солинади.
Фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh