Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 18 April 2016 10:09

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Ўзбекистон президенти "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунни имзолади:

Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби Ўзбекистонга ташриф буюрди;

Қозоғистон президенти Ўзбекистонга сафар қилди;

Ислом Каримов ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари билан учрашди;

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 11 апрел куни "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунни имзолади. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган. Сенат томонидан 31 мартда маъқулланган.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси, Сенат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қўмиталар, фракциялар, депутатлар гуруҳлари томонидан, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан, Сенат кўриб чиқиши учун эса, қўмиталар томонидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан киритилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.

Парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари тегишли палатанинг мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига юборилади.

Парламент сўровига жавоб тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси, Сенат парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби Шаран Барроу бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди.

330 дан ортиқ миллий касаба уюшмалари марказларини бирлаштирувчи Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси вакиллари Касаба уюшмалари федерациясининг турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси бўйича фаолияти билан танишди, шунингдек, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Ташриф доирасида Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг делегация аъзолари Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводи ҳамда Самарқанднинг Sam Antep Gilam компаниясига ташриф буюрди. У ерда ишчиларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш шарт-шароитлари билан танишди.

 

15 апрел куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

14 апрел куни Ўзбекистон президенти ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди.

Ўзбекистон президенти меҳмонларни самимий қутлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг ўн беш йиллик фаолияти давомида нуфузли ва самарали халқаро ташкилот сифатида мустаҳкам қарор топганини, унинг фаолияти тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатларнинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш соҳасида ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар олдида турган умумий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда ўтказилган ўн биринчи йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр билдирди, самимий қабул учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик изҳор этди.

 

Тошкентда 2016 йил 13-14 апрел кунлари Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қозоғистон президентининг ёрдамчиси — Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Эрмекбаев, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси Го Шэнкунь, Қирғизистон Мудофаа кенгаши котиби Т. Жумақодиров, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Патрушев, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби А. Қаҳҳоров, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Р. Алимов ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси директори Е. Сисоев иштирок этди.

Дўстона ва амалий руҳда ўтган йиғилишда ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, терроризм, сепаратизм, экстремизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва биргаликда ҳаракат қилиш механизмларини такомиллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Халқаро терроризм ва экстремизмнинг барча кўринишларига барча давлатларнинг биргаликдаги кураши орқали барҳам бериш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Иштирокчилар 2016 йил 23-24 июнда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишига тайёргарлик ишлари ҳақида Ўзбекистон томонининг ахборотини тинглади. ШҲТнинг бўлажак саммити ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида ўтадиган саммитда қабул қилиниши кўзда тутилаётган ШҲТнинг экстремизмга қарши курашиш конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишга доир тадбирлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотикларга қарши курашиш бўйича 2017-2022 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаларини имкон қадар тезроқ келишиб олиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ва МАТТ Ижроия қўмитаси директорининг ташкилотнинг хавфсизлик соҳасидаги фаолияти тўғрисида ахборотларини тинглади ва маълумот учун қабул қилди.

Йиғилиш якуни бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши протоколи имзоланди.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh