Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 11 April 2016 08:20

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Дунёнинг энг бой мамлакатлари рейтингида Ўзбекистон 127-ўринни эгаллади;

Ўзбекистон жаҳоннинг энг кучли армиялари рўйхатида 48-ўринни эгаллади;

Ўзбекистон ва Қирғизистон мол-мулк бўлишуви;

Путин Ўзбекистоннинг 865 млн доллар қарзидан кечиш ҳақидаги битимни имзолади;

"Ўзбекнефтгаз" ва Жанубий Кореянинг GS компанияси 4,5 млрд долларлик завод лойиҳасини тайёрлашмоқда;

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Россия ТИВ раҳбари билан учрашди;

Тошкентда ШҲТ аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг 28-йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Global Finance Magazine нашри Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди маълумотларига асосланиб, ялпи ички маҳсулот бўйича дунёнинг энг бой мамлакатлари рейтингини тузди.

Бунда харидорлик қобилиятининг аҳоли жон бошига нисбатига асосланилди. Рейтинг мамлакатлардаги яшаш харажатлари қиймати ва инфляция даражасини ҳисобга олади.

Рейтингда юқори 25 таликка асосан Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канада кирди. Буюк Британия 27-ўринни эгаллади.

Рейтингда биринчи ўринни аҳоли жон бошига 146 минг доллар билан Қатар банд этди. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти аҳоли жон бошига 5,9 минг долларни ташкил этди, натижада мамлакат рўйхатнинг 127-поғонасини банд этди.

Россия киши бошига 25,3 минг долларлик ЯИМ билан 51-ўринда, Қозоғистон 50 (25,3 минг доллар), Қирғизистон 142 (3,5 минг доллар), Тожикистон 153 (2,8 минг доллар), Туркманистон 77-ўринда  (15,8 минг доллар) жойлашди.

 

Ўзбекистон жаҳоннинг энг кучли армиялари рўйхатида 48-ўринда.   globalfirepower.com сайтида жойлаштирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг энг кучли армиялари рейтингида 54-ўриндан 48-ўринга кўтарилган. Тадқиқотда дунёнинг 126 мамлакати армияси таққосланиб, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россия (рейтингда 2-ўрин) ва Украина (30-ўрин)дан кейин келмоқда. Ўзбекистон армияси ушбу рейтингга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. Қозоғистон – 53-ўрин, Туркманистон – 86, Қирғизистон – 110 ва Тожикистон – 112-ўринга муносиб кўрилган. Сайтнинг маълумотларига биноан, Ўзбекистон қуролли кучлари ихтиёрида, 420 танк, 166 та самолёт, 715 та пиёда жанговар машина, 143 дона ўзиюрар ускуна, 880 та артиллерия ва 109 та реактив артиллерия тизимлари мавжуд. Ўзбекистоннинг йиллик ҳарбий бюджети 70 миллионни ташкил этади. Рейтингни тузишда, 50га яқин турли кўрсаткичлар эътиборга олинган. Ҳарбийлар ва ҳарбий хизматга лойиқ эркаклар сони, қуруқликда, ҳавода ва сувда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш имкониятини берувчи жанговар техникалар сони шулар жумласидан. Шу билан бирга, мамлакатларнинг қурол-яроғ харидига сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий заҳираси ҳамда рейтинг қатнашчиларининг географик жойлашуви инобатга олинган.

 

Қирғизистон вазирлар маҳкамаси, Иссқ Кўлда жойлашган, Ўзбекистонга тегишли бўлган “Роҳат”, “Дилором” ва “Золотые пески” оромгоҳларини Қирғизистон ҳисобига ўтказиш  ҳақида қарор чиқарди.

Қирғизистон чегарани бўлиш бўлими бошлиғи Қурбонбой Искандаровнинг сўзларига қараганда, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки Ўзбекистон ва Қирғизистон орасида тузилган 1992 йилги шартномага кўра, собиқ Шўролар Иттифоқи даврида қурилган барча иншоотлар улар жойлашган мамалкатлар ихтиёрига ўтказилиши керак.

Собиқ Иттифоқ даврида Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистонга тегишли бир неча каналлар, газ қазиб олиш ва сақлаш станцияси, оромгоҳлар ва бошқа қатор мулклар  қурилган эди. Иттифоқ тарқалиб кетганидан кейин, Қирғизистон ва Ўзбекистон расмий вакиллари, ўзаро келишув асосида, ушбу мол мулклар қайси мамлакат ҳудудида бўлса, уш мамлакат ихтиёрига ўтиши ҳақида шартнома имзолашган.

 

Россия президенти Ўзбекистоннинг 865 миллион долларлик қарзидан кечишни назарда битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

 

Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси ва Жанубий Кореянинг GS Engineering & Construction Corporation компанияси йил охиригача Бухоро вилоятида полимер ишлаб чиқарувчи, 4,5 млрд долларлик заводни қуриш лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосланишини тайёрлайди.

Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси вакили маълум қилган.

Вакилнинг айтишича, бугунги кунда дунёда энергия ташувчиларга нархларнинг пастлигига қарамасдан, Жанубий Корея компанияси лойиҳа иштирокчиси бўлиб қолмоқда.

"Бу ўзига хос келажакка захира бўлади, нархлар кўтарилиб, лойиҳа ўзининг рентабеллигини оширади", деб айтди манба.

Дастлабки маълумотларга кўра, яратилаётган заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 250 минг тонна полиэтилен, 500 минг тонна полипропилен, 100 минг тонна полистирол, 30 минг тонна каучук ва спандексни ташкил қилади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 5 йилни ташкил қилади. Лойиҳа халқаро банклар (50 фоиз) ва Ўзбекистон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

 

8 апрел куни Москвада МДҲ ташқи ишлар вазирлари Кенгашида қатнашаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг долзарб масалалари, МДҲ кун тартиби, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражадаги Ўзбекистон-Россия учрашувига тайёргарликнинг боришини ҳам муҳокама қилишди.

 

Жорий йилнинг 8 апрел куни Тошкент шаҳрида Қозоғистон раислигида ШҲТ аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг навбатдаги 28-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этдилар. Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашишнинг 2013-2015 йилларга мўлжалланган дастури доирасидаги ҳамкорлиги якуни муҳокама қилинди. Якуний ҳужжат тасдиқланди.

Хитой Халқ Республикаси ҳудудида ўтказилган интернетда террорчиликка қарши кураш борасида ўтказилган “Сямынь-2015” ҳамкорликдаги штаб машғулотига юқори баҳо берилди.

Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси ўртасида радикал ғоялар, худшудлар воситасида амалга ошириладиган террорчилик ҳолатларини олдини олишга қартилган ишларни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

ШҲТ давлатларининг мутасадди ташкилотлари ҳамкорлигида “Бирлик-2016” номли чегара операциясини ўтказишга қарор қилинди.

2016 йилнинг сўнгги чорагида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар вакиллари иштирокида халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши ҳамкорлик масаласида илмий анжуман ўтказиш режалаштирилди.

ШҲТ аксилтеррор тузилмаси Кенгаши фаолияти ривожланиши ва мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамланишига хисса қўшган масъул ходимлар тақдирланди.

Шунингдек, тузилманинг ташкилий-кадрлар, Ижроия қўмитани молиявий таъминлашга оид  масалалари юзасидан қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh