Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 03 April 2016 14:59

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Ўзбекистон Global High-Speed Train Ranking рейтингида 17 ўринни эгаллади;

Москвада Ўзбекистон - Россия товар айланмаси ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди;

Штанмаер Тошкентда Ислом Каримов ва Абдулазиз Комилов билан учрашди;

Меҳнат вазирлигида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди;

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Ўзбекистон юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларга эга 20 мамлакат ичида тузилган рейтингда 17 ўринни эгаллади.

Рейтинг GoEuro талқини бўйича Global High-Speed Train Ranking кўринишида тузиб чиқилган.

Мазкур рейтинг асосини поездларнинг рекорд тезлиги, операцион тезлиги, шунингдек темирйўл йўналиши ва аҳолининг қамрови ва 1 кмга масофада аҳолига нисбатан харажат кўрсаткичлари ҳисобга олинган.

Рейтингга кўра, Ўзбекистонда поезднинг энг юқори тезлиги 255 км/соатни (17 кўрсаткич), операцион тезлик эса 250 км/соатни (13 ўрин) ташкил қилган.

Ўзбекистонда темирйўл йўналишида тезюрар поездларнинг улуши 8,21 фоизни ташкил этади (6 ўрин). Натижада GoEuro талқиинига кўра, Ўзбекистоннинг 9,01 фоиз аҳолиси тезюрар поезддан фойдаланиш имкониятига эга (16 ўрин).

GoEuro`нинг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолиси тезюрар поезднинг 1 км масофаси учун 0,18 евро сарфлайди (11 ўрин).

Рейтингда Япония, Жанубий Корея ва Хитой кучли учликни эгаллашган. АҚШ 19 ўринда. Финляндия эса сўнгги 20 ўринда қайд қилинган. Россия 15 поғонани эгаллаб турибди.

 

Молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон - Россия иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Москвада бўлди.

24 - 25 март кунлари Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясига икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўн еттинчи Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Москва шаҳрига ташриф буюрди.

Йиғилишда Россия делегациясига Ҳукумат раиси ўринбосари Д.Козак бошчилик қилди.

Йиғилиш кун тартибига биноан, Ўзбекистонга 2014 йил декабр ойида амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш бўйича таклифлар, транспорт ва транзит соҳаларида ўзаро ҳамкорлик, Марказий Осиё минтақаларида сув-энергетика соҳаларида келишилган сиёсат юритиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Комиссия йиғилиши натижаларига кўра эришилган келишувлар қайд этилган Протокол имзоланди.

Томонлар навбатдаги ўн саккизинчи Комиссия йиғилишини 2017 йил Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олди.

 

Штанмаер Тошкентда Ислом Каримов ва Абдулазиз Комилов билан учрашди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг

 

Ўзбекистонга Корея Республикаси Меҳнат ва бандликка кўмаклашиш вазири Ли Ги Квон бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати эълон қилган.

Ташриф доирасида Корея томони Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашди. Музокаралар давомида томонлар меҳнат миграцияси, касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва идоралар ваколатига кирувчи бошқа масалаларнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Корея Республикаси Меҳнат ва бандлик вазирлиги ўртасида бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

 

2016 йил 1 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар Ўзбекистон Марказий банкининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишдан бошлади. Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Ўзбекистон Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди. Сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг самарадорлигини – ҳам давлат экологик назоратининг, ҳам жамият экологик назоратининг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқди.

Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлиси чоғида 14та масала, шу жумладан, демократик, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштиришга, Асосий қомус қоидаларини амалда рўёбга чиқаришга, мамлакатдаги инвестициявий муҳитнинг ўзига жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари учун ишчанлик муҳити ва қулай шарт-шароитлар яратишга, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга, мамлакатда барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган тўртта қонун кўриб чиқилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh