Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 28 March 2016 10:08

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Ўзбекистонда 2016 йил бошида ишсизлик даражаси 5,2 фоизни ташкил этди;

Ўзбекистон ва Япония сиёсий маслаҳатлашувларнинг 16-раунди бўлиб ўтди;

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ЕИ офисига ташриф буюрди;

Ўзбекистон аҳолиси 31,5 миллиондан ошди.;

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яширин туннел топилди;

Россия Давлат думаси Ўзбекистон билан молиявий даъволарнинг тартибга солинишини маъқуллади;

Ўзбекистон электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича жаҳон мамлакатлари рейтингида 100-ўринни эгаллади.

 

Ўзбекистонда 2016 йил бошида ишсизлик даражаси 5,2 фоизни ташкил этди

2015 йил натижаларига кўра, иқтисодий фаол аҳоли сони 13 миллион 767,7 минг кишини ёки аҳоли умумий сони (31,5 миллиондан зиёд)нинг 44,0 фоизини ташкил қилди.

Дастлабки маълумотларни Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2015 йилнинг январ-декабр ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга бағишланган маърузасидакелтирилган.

2015 йилда иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони 13 млн 58,3 минг кишини ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга ошди.

Бандлар сонининг сезиларли ўсиш даражаси транспорт ва алоқа соҳасида (+3,8 фоизга), уй-жой коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг ноишлаб чиқариш турида (+3,6 фоизга), савдо, умумий овқатланиш, таъминот ва тайёрлов соҳасида (+3,5 фоизга) ва қурилишда (+3,3 фоизга) кузатилди.

2015 йилда иқтисодий фаол аҳолининг бандлик даражаси (иқтисодиётда банд аҳолининг иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбати) 94,8 фоизни ташкил этди.

Нодавлат секторида банд бўлганларнинг жами бандлар сонидаги улуши 82,2 фоизга етди, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврида 81,9 фоизни ташкил қилган.

2015 йил декабрь ойи охирида меҳнат идораларида иш қидирувчилар сифатида рўйхатдан ўтган аҳоли сони 2700 кишини ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига (3400 киши) нисбатан 20,5 фоизга камайди.

Ишсизлар сони (ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига асосан аниқланган) 709,4 минг кишини ташкил қилди ва иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ишсизлик даражаси 5,2 фоизга тенг бўлди.

2016 йилда Ўзбекистонда 993 минг кишини иш жойи билан таъминлаш режалаштирилган. Ундан 148 минг иш жойи МДҲ давлатларидан қайтиб келаётган ишчилар учун мўлжалланган.

Маълумотларга кўра ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 31 миллион аҳолисидан 3-4 миллиони хорижда меҳнат фаолияти билан шуғилланмоқда.

Россия Федерал Миграция хизмати хабарига кўра, Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси бор.

 

2016 йилнинг 24 март куни Токио шаҳрида Ўзбекистон ва Япония Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 16-раунди бўлиб ўтди.

Тадбир давомида 2015 йилнинг 24-26 октябр кунлари Япония Бош вазири Шинзо Абенинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар ва битимларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик, молиявий ва техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

 

2016 йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Тошкент шаҳридаги офисига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган 2016 йил 22 март куни Брюссел шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатлари муносабати билан чуқур таъзия билдирди ва дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига қайд киритди.

ЕИ делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк, ўз навбатида, Белгия Қироллиги ва бутун Европа Иттифоқи учун қайғули бўлган дамларда ҳамдардлик ва далда сўзлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

Ўзбекистон аҳолиси 31,5 миллиондан ошди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси орқали ўтган яширин ер ости туннели топилди.

МХХ Чегарани қўриқлаш хизмати хабарига кўра, ушбу ер ости йўлидан ўзбек-қирғиз чегараси орқали қурол-яроғ, портловчи моддалар, экстремистик адабиёт ва одамларни яширин ўтказиш мақсадида фойдаланган бўлиши мумкин.

“Контрабанданинг бундай усули ўзбек-қирғиз чегарасида бирнчи марта аниқланди.Туннел чуқурлиги 6 метр, эни 60-70 см, баландлиги 1-1,2 метрни ташкил қилади. Туннелнинг узунлиги эса 120 метрни ташкил қилди. У Ўзбекистон фуқаросининг уйини Қирғизистон фуқароси ҳовлиси билан боғлаган”,- деди қўмита ходими.

Ушбу муаммо ва бошқа масалалар ўзбек-қирғиз чегарасида бўлиб ўтган икки мамлакат Чегарани қўриқлаш хизматлари учрашувида муҳокама қилинди. Учрашувда Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Райимберди Дуйшенбиев ва Ўзбекистон Чегара қўшнлари қўмондони Рустам Эманжановлар иштирок этди. Учрашув қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтди. 

“Иккала томон ўзаро қизиқарли бўлган барча масалаларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олишди. Учрашув ўзаро ҳамфикрлик ва самарали мулоқот кайфиятида бўлиб ўтди”, — деди матбуот хизмати.

Чегара хизматлари ушбу туннелни йўқ қилишга келишиб олишди.

 

Россия Давлат думаси 25 март куни Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида ўзаро молиявий даъволар ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Келишув 2014 йил 10 декабрда, Россия президенти Владимир Путиннинг расмий ташрифи давомида Тошкентда имзоланганди. У томонлар ўртасида собиқ Иттифоқ операциялари бўйича юзага келган даъволар, жумладан, Шўролар Иттифоқининг Олмос фондини бўлишиш, Внешэкономбанк ҳисоб рақамларидаги валюта маблағлари, шунингдек, Ўзбекистонга 1992-1993 йилларда тақдим этилган кредитларни қайтаришдан воз кечишни англатади.

Қонунга илова қилинган изоҳда маълум қилинишича, Россия 2014 йил 1 ноябр ҳолатига Ўзбекистоннинг муддати ўтган 889,3 миллион АҚШ доллари (жумладан, фоизлар бўйича 388,7 миллион доллар) миқдоридаги қарзидан кечади.

«Имзоланган келишув Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кучайтириш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлишига ёрдам беради», — дея таъкидлаган Россия молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак.

Келишувнинг кучга кириши Россия бюджет қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган Ўзбекистон билан кредит-молиявий ҳамкорликка ўрнатилган тақиқни бекор қилади.

 

БМТнинг Давлат бошқаруви ва ривожланишни бошқариш бўлими жаҳон давлатларининг электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича индексини (E-Government Development Index) эълон қилди.

The UN Global E-Government Development Index комплекс кўрсаткич бўлиб, миллий давлат структураларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга ҳозирлиги ва бу борадаги имкониятларини баҳолайди. 2003 йилда бошланган лойиҳа доирасида бир неча йилда бир марта индекс эълон қилиб борилади. Тадқиқот натижаларига кўра индексдан ўрин оладиган давлатлар қуйидаги уч критерий бўйича баҳоларнинг ўртача индекси асосида поғоналаштирилади: интернет хизматларининг сифати ва қамров ҳудуди, ахборот-коммуникация технологиялари инфраструктурасининг ривожланганлик даражаси ҳамда инсон капитали.

2014 йил якунларига кўра тузилган рейтингдан 193 давлат ўрин олди. Улар орасида Ўзбекистон 100-ўринни эгаллади. Ўрта Осиёнинг бошқа давлатлари қуйидаги кўрсаткичларни қайд қилди: Қозоғистон — 28, Қирғизистон — 101, Туркманистон — 128, Тожикистон — 129.

Биринчи ўринни Жанубий Корея эгаллади. Кучли учликка, шунингдек, Австралия ва Сингапур кирди.

Ўнталикдан ўрин олган бошқа давлатлар: Франция, Нидерландия, Япония, АҚШ, Буюк Британия, Янги Зеландия, Финляндия.

Рейтингга Нигер, Эритрея ва Сомали якун ясади.

Media

Add comment


Security code
Refresh