Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 14 March 2016 08:27

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Финляндия ва Ўзбекистон ўртасида иккиёқлама солиққа тортиш бўйича баённома имзоланди;

Ўзбекистон МХХнинг 9 офицери қамоқ жазосига маҳкум этилди;

Ўзбекистонда давлат ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланди;

Чет элда меҳнат қилаётган шахслар иш стажи Ўзбекистонда ҳисобга олинадиган бўлди;

Ўзбекистон БМТ раҳбарини ШҲТ фаолияти ҳақида хабардор қилди;

2015 йилда Ўзбекистонда 2000 нафарга яқин мансабдор жавобгарликка тортилган;

Ўзбекистонда Наврўз байрами олдидан хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда.

 

2016 йилнинг 8 март куни Хелсинки шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг Финляндияга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иккиёқлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1998 йилнинг 9 апрелида тузилган Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Баённомани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатни Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ва Финляндия Ташқи ишлар вазири Тимо Сойни имзоладилар.

Ушбу Баённома билан Битимга солиқ шаффофлиги халқаро стандартларига мос келувчи янги ўзгартиришлар киритилади.

 

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг юқори даражали масъулларидан бири Жавдат Шарифхўжаев яна 8 офицер билан бирга 16 йил қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Маҳаллий ахборот манбаларининг хабарига кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий суди Жавдат Шарифхўжаев ва МХХнинг яна 8 офицерини ноқонуний бизнес юритиш, коррупция ва тамаъгирлик айби билан 16 йил қамоқ жазосига маҳкум этди.

2009 йил 28 августида “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган Жавдат Шарифхўжаев Ўзбекистон МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг укасидир.

Бундан олдин Жавдат Шарифхўжаев 2014 йил декабр ойида вазифасидан бўшатилиб, Ўзбекистоннинг ҳарбий суди уни ноқонуний бизнес юритиш айби билан 4 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

 

Вазирлар Маҳкамаси 2 мартдаги қарори билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлади.

Қарорда таъкидланишича, у давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгилаш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, давлат хизматида суиистеъмолликларнинг олдини олишга қаратилган.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш давлат хизматчисининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

Ҳужжатда келтирилишича, давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принциплари асосида амалга ошириши керак.

 

Чел элда ёлланган ҳолда ишловчи ўзбекистонликлар Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш имконига эга бўлдилар.

Чет элда ёлланган ҳолда ишлаётган шахслар Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш имконига эга бўлдилар. Бадаллар ўз вақтида тўлаб борилганда, чет элда ишловчи шахслар Қонунга мувофиқ Ўзбекистонда пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўладилар, дейилади Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Қарорида.

Шахслар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш шарти билан Қонунга мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда пенсия миқдори Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади, деб таъкидланади Вазирлар Маҳкамаси Қарорида.

Қарорда келтирилишича, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим, шунингдек деҳқон хўжалиги аъзоси (деҳқон хўжалиги бошлиғидан ташқари) Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдилар. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар иш стажига улар фаолият юритган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган даврлар киритилади.

Деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосига пенсия тайинлашда иш стажига Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар қўшилмайди.

 

Ўзбекистон БМТ бош котибига расмий хат юбориб, Шанхай халқаро ҳамкорлик ташкилоти фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

2015 йилда Ўзбекистонда 2000 нафарга яқин мансабдор жавобгарликка тортилган.

Таҳлилларга қараганда, 2015 йилда ва жорий йилнинг ўтган ойларида Ўзбекистонда икки юздан зиёд тадбиркор фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказилган. Икки мингга яқин ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 92 шахс интизомий, 21 шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда 66 ноқонуний қарор бекор қилинган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга киритилган таклиф асосида уч юздан зиёд ҳуқуқбузарга тегишли чоралар қўлланилган.

Қолаверса, тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таклифига кўра, ўтган йилда ноқонуний аралашувларга йўл қўйган ходим билан бирга, назорат органларининг 26 нафар раҳбари ҳам жавобгарликка тортилган.

Адлия идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида 2015 йилда тегишли идораларга кўплаб тақдимнома, огоҳнома киритилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. Бундай чоралар натижасида икки мингга яқин мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шу жумладан, юз нафардан зиёди эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

 

Ўзбекистонда Наврўз байрами олдидан хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 19 февралдаги «2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу айёмни муносиб кутиб олиш учун ҳар томонлама пухта тараддуд кўрилмоқда. Хусусан, ички ишлар идоралари томонидан байрамни тинч-осойишта ўтказиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Байрам шодиёналари ўтадиган масканларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилган. Айни пайтда ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада, айниқса, мамлакатнинг чегара ҳудудларида ҳушёрлик ва огоҳликка чорловчи тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилмоқда. Хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли «Тозалаш» тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда. 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh