Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 29 February 2016 08:05

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Латвия-Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди;

Ўзбекистон яшаш учун дунёдаги энг арзон мамлакатлар рейтингида 69-ўринни эгаллади;

Озарбайжон ва Ўзбекистон ФВВлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга кирди;

Ислом Каримов янги ташкил этилган Меҳнат вазирлиги тузилмасини тасдиқлади;

Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши ўтказилди.

 

2016 йилнинг 22 феврал куни Рига шаҳрида Ўзбекистон ва Латвия Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўн учинчи раунди бўлиб ўтди.

Латвия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари, Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий директори Эдуардас Стипрайс бошчилик қилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси таҳлил қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон-Латвия олий даражадаги мунтазам учрашувлари ўзаро манфаатли муносабатларининг негизи ҳисобланади ҳамда ушбу алоқалар томонларнинг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб жадал ривожланиб бормоқда.

Томонлар бир-бирларини узоқ муддатли ва ишончли ҳамкор деб ҳисоблайдилар. Муносабатлар очиқлик ва манфаатларни эътироф этишга асосланади ҳамда сиёсий мулоқот, парламентлар ва давлат идоралари ўртасидаги алоқалар, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳалари каби йўналишларни қамраб олади.

Суҳбат чоғида 2016 йилга мўлжалланган турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси Латвия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Андрей Пилдегович билан учрашув ўтказди.

 

GOBankingRates халқаро агентлигининг талқинига кўра, Ўзбекистон яшаш учун энг арзон бўлган мамлакатлар рейтингида 69-ўринда қайд этилди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг

 

Тошкент шаҳрида 2015 йил 19 майда имзоланган Ўзбекистон Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим кучга кирди.

Битим шартларига кўра томонлар табиий, техноген ва экологик хусусият касб этувчи фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва бартараф этиш борасида ўзаро ёрдам кўрсатиш, мониторинг қилиш, тегишли давлат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, маълумот алмашиниш, мутахассислар тайёрлаш орқали ҳамкорликни амалга оширади.

 

24 феврал куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қарори билан янги ташкил этилган Меҳнат вазирлигининг тузилмаси тасдиқланди.

Вазирликнинг марказий аппарати структурасидан вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими олиб ташланди (вазирнинг битта ўринбосари бўлади), Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги, Қорақалпоғистон Меҳнат вазирлиги, меҳнат бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош бошқармалари ҳамда туман бандлик марказлари ходимлари сони оптималлаштирилди.

Қарорга кўра, икки ой ичида вазирлик ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар бошқарув персонали аттестацияси ўтказилади ва унинг натижаларига кўра, вазирлик "юқори малакали, замонавий талабларга жавоб берувчи раҳбар ходимлар ва мутахассислар" билан бутланиши керак.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 22 февралдаги фармони билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига ўзгартирилганди.

Аввалги вазирликнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий-ижтимоий ёрдам бўйича вазифалари Соғлиқни сақлаш вазирлигига, эҳтиёжмандларга ижтимоий нафақаларни белгилаш ҳамда уларни ва моддий ёрдамни тўлашни мониторинг қилиш бўйича вазифалари эса Молия вазирлигига топширилди.

 

25 феврал куни Тошкентда Ўзбекистон ва Болгария ўртасида иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилиши ҳамда икки давлат бизнес доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги музокараларда иштирок этиш учун Болгария ҳукумати ва бизнеси вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюрди. Делегацияга Болгария ҳудудий ривожланиш ва ободончилик вазири Лиляна Павлова бошчилик қилди. Хорижий делегация таркибига Болгария иқтисодиёт вазирлиги вакили, энергетика, атроф-муҳит ва сув захиралари вазири ўринбосари, Миллий йиғилиш ва бошқа ҳукумат институтлари вакиллари ҳамда 30 дан кўпроқ бизнес вакиллари кирди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев комиссиянинг йиғилишини оча туриб, Болгарияни Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги ишончли ва истиқболли ҳамкори деб атади.

Элёр Ғаниевнинг таъкидлашича, Болгария билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо ҳажми 2015 йилда 41,2 млн долларни ташкил қилган. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятига жавоб бермайди. Ғаниев савдо, инвестициялар, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун барча шароитлар мавжуд, деб айтди.

Болгария делегацияси раҳбари Лиляна Павлова Ўзбекистон ва Болгария мавжуд салоҳиятидан тўлароқ фойдаланиши зарурлигини тасдиқлади.

Ўзбекистонда Болгария инвестициялари иштирокида 14 корхона фаолият олиб боради, улардан 3 таси тўлиқ Болгария капитали асосида яратилган. Бу корхоналар асосан кимё, тўқимачилик ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритади.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh