Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 21 February 2016 15:27

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Евроиттифоқ ва Ўзбекистон Хорижий инвестициялар ва савдо кенгашини тузади;

Дунёнинг энг қудратли армиялари рейтингида Ўзбекистон 54-ўринни эгаллади;

Россияда биометрик паспортларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларга чекловлар киритилди;

Эрон Ўзбекистонга Теҳрондаги аэропорт орқали юк ўзказишда ёрдам беради;

Ўзбекистонда прокуратура устидан назорат қилувчи комиссия тузилди;

Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавров Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи бўйича мулоқот ўтказишди;

Ислом Каримов Наврўз байрамини ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

 

Европа иттифоқи ва Ўзбекистон 2016 йилнинг биринчи ярмида Хорижий инвестициялар ва савдо кенгашини ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк таъкидлашича, бундай кенгашнинг яратилиши Ўзбекистон ва ЕИнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш имконини беради.

«Ғоя мослашувчан форматни яратишдан иборат, унинг доирасида муайян муаммоли масалаларни, Ўзбекистондаги бизнес-иқлимни яхшилаш бўйича таклифларни, ўзбек бизнесига ЕИ мамлакатларида тўсиқ бўлаётган масалаларни муҳокама қилиш мумкин бўлиши керак», — деди Штерк.

ЕИ делегацияси раҳбари сўзларига кўра, тузилма номи ҳозирча шартли бўлиб, ҳали ўзгариши мумкин.

 

Global Firepower нашри дунёнинг энг қудратли армиялари рейтингини тузди.

Рейтингда Ўзбекистон 126 мамлакат ичида 54-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилги кўрсаткич билан тенг бўлди.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россия (2-ўрин), Украина (25-ўрин) ва Беларусь (45-ўрин)дан кейинги 4-ўринни эгаллади.

Ушбу рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлди. Қозоғистон армияси рейтингда 66-ўрин, Қирғизистон — 78, Тожикистон — 81, Туркманистон — 90-ўринда жойлашди.

Рейтингда АҚШ етакчилик қилди. Юқори ўнталикка, шунингдек, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Германия, Япония, Туркия кирди.

Рейтингни тузишда 50 га яқин турли омиллар, жумладан қўшинлар сони, қуруқлик, ҳаво ва денгизда жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган ҳарбий техника миқдори ҳисобга олинди. Шу билан бирга, мамлакатлар қурол-яроғга сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий манбалар ва рейтинг иштирокчиларининг географик жойлашуви ҳисобга олинди.

 

Россия Федерал миграция хизматининг бир қатор вилоят бошқармалари Ўзбекистоннинг биометрик паспортларга эга бўлмаган фуқароларига чекловлар киритилиши ҳақида маълумотлар тарқатди.

Хабарда таъкидланишича Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг 2014 йил 19 нотасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг эски, яъни нобиометрик намунадаги паспорти ўзининг сафар ҳужжати кучини Ўзбекистон ташқарисига 2014 йилнинг 1 июлигача чиққан шахслар учун сақлаб қолган ва 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилган.

Шу сабабли Россия Федерал миграция хизматининг ҳудудий бошқармалари нобиометрик паспортга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари номидан вақтинчалик яшашга рухсат бериш, ишлаш патентини олиш ёки қайта расмийлаштиришга аризаларни қабул қилинмайди.

Ўзбекистоннинг нобиометрик паспортлар билан Россияга чиққан фуқаролари Ўзбекистоннинг консуллик идорасига биометрик паспортни ёки Ўзбекистонга қайтишга сертификатни расмийлаштириш учун мурожаат қилишлари шарт.

Ўзбекистоннинг Россияда вақтинчалик яшашга рухсат ёки Россияда яшаш ҳуқуқи бўйича яшаётган фуқаролари ҳам биометрик паспорт олишлари керак.

2016 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб фақатгина биометрик паспорт ҳисобланади.

 

Эрон Ўзбекистонга Теҳрондаги аэропорт орқали юк ўзказишда ёрдам беради. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

Ўзбекистон Сенатида прокуратура органлари устидан назорат қилувчи комиссия тузилди.

Ўзбекистон Сенатида прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссия тузилди. Комиссия тузиш ҳақидаги қарор Сенат ва Олий мажлиснинг умумий Кенгашида жума куни қабул қилинди.

Бу комиссия “Республикада қонун ва қонунийлик устуворлигини таъминлаш ва прокуратура фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида” ташкил этилган.

Комиссия зиммасига жумладан, прокуратура органлари иш тартибини, ишлаш методларини ва ҳуқуқни тадбиқ қилиш амалиётини белгиловчи қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш юклатилган.

Комиссиянинг 15 аъзоси Сенаторлардан ташкил топган бўлиб, улар ўз ваколати муддатига сайланади. Комиссия Сенат Кенгаши олдида ҳар йили икки марта бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот бериши керак.

 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 19 феврал куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон мулоқоти ўтказди.

Бу мулоқотни ўтказиш таклифи Ўзбекистон томонидан бўлган ва унда икки мамлакат президентининг учрашувига тайёргарлик кўриш хусусида гаплашилган.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари бу мулоқот чоғида халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳақида ҳам гаплашишган.

2015 йилнинг июлида Уфада бўлиб ўтган ШҲТ саммити вақтида Владимир Путин Ислом Каримовни Москвага расмий ташриф уюштиришни таклиф қилган, Ўзбекистон раҳбари бу таклифга розилик берганди.

 

Ўзбекистон президенти 2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор имзолади.

Қарорга мувофиқ, 2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ташкил қилинади ва у Наврўз байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқади ва амалга оширади.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh