Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 14 February 2016 14:35

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

 

 

 

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида" туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу эшиттиришда Ўзбекистонда юзага келган муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ўзгаришлар ёритиб борилади.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

Покистон Ўзбекистондан электр энергияси харид қилишни кўзда тутмоқда;

Ўзбекистон ШҲТнинг террорчиликка қарши курашини фаоллаштиради;

Fitch Ўзбекистоннинг 3та хусусий банкининг рейтингларини тасдиқлади;

Абдулазиз Комилов ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директорини қабул қилди;

Ўзбекистонга нобиометрик паспорт билан муаммосиз қайтиш мумкин;

Муборак газни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун тендер эълон қилинди;

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австрия атроф-муҳит агентлиги ўртасида битим имзоланди.

 

Покистоннинг Тошкентдаги элчиси Исломобод Ўзбекистондан электр энергияси харид қилишни назарга олганлигини эълон қилди.

Риёз Ҳусайн Бухорийнинг айтишича, Ўзбекистон ва Покистон бир-бири билан кўплаб соҳаларда ҳамкорликларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистондан электр энергиясини харид қилиш мавзуси ҳам икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорликларини янада кенгайтирилишига туртки беради.

Бухорийнинг таъкидлашича, айни пайтда икки мамлакат расмийлари ўртасида Ўзбекистондан минг мегават электр энергиясини Покистонга экспорт қилиш ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Ўзбекистондан Афғонистоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Қобулгача юқори кучланишга эга бўлган электр линияси тортилган бўлиб, Қобул шаҳрининг энергияга бўлган эҳтиёжи ушбу электр линияси орқали таъминланмоқда.

 

Ўзбекистон ШҲТда раислик лавозимида террорчиликка, экстремизмга ва сепаратизмга қарши курашини фаоллаштиришга бел боғлади.

Ўзбекистон ҳукумати вакилининг сўзларига кўра ҳозирги кунда халқаро хавфсизликннинг замонавий чақириқларига мос жавоблар топиш, ва шу билан бирга ташкилотнинг барча аъзолар учун иқтисодий ва гуманитар ривожланиншини таъминлаш жуда муҳимдир.  

“Биз бир неча бор ШҲТда ҳамкорлик доирасида террорчилик, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашни кучайтириш ҳамда Афғонистон можаросини ҳал қилишни таклиф қилган эдик, чунки Афғонистон муаммоси барча ШҲТ давлатлари учун муҳим рол ўйнайди. Ҳозир, ташкилотни бошқаришга навбат бизга келганда, бу борада янада фаоллашмоқчимиз”, — деди суҳбатдош.

Давлат вакили, ШҲТнинг Уфадаги саммитида президент Ислом Каримовнинг нутқидан лавҳа келтириб “Ўзбекистон ШҲТни ҳарбий-сиёсий альянсга айлантиришга қарши” эканлигини ва аксинча Шанхай ташкилотининг  регионда тинчлик ва барқарорлик кафилига айланиб, ўз нуфузини ошириш учун, БМТ билан мунособатларини ривожлантириш кераклигини таъкидлади.

Аъзо мамлакатлар президентлари иштирокида Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ 2016 саммити – йилнинг асосий воқеасига айланиши керак.

 

Fitch Ratings агентлиги Трастбанк ва Ипак Йўли банкларининг чет эл валютасидаги эмитенти дефолтини “В-” даражасидаги узоқ истиқболли рейтингларини “барқарор” прогнози билан тасдиқлади, шунингдек, Универсалбанкка “ССС” даражасини лойиқ топди.

Юқорида тилга олинган банкларнинг ушбу кўрсаткичис мустақил кредит лаёқатига боғлиқ бўлиб, барқарорлик рейтингларида акс этган: Ипак йўли банкида ва Трастбанкда “b-“, Универсалбанкда «ccc».

Банкларнинг барқарорлик рейтинглари мураккаб операцион муҳитни инобатга олган ҳолда тузилади, хусусан, ишбилармонлик муҳитини, иқтисодиётнинг структур нуқсонларини, ташқи босим ва ҳоказоларни инобатга олади.

 

9 феврал куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоевни қабул қилди.

Мулоқот чоғида Абдулазиз Комилов Евгений Сисоевни ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши қарорига биноан уч йил муддатга қўмита директори лавозимига киришганлиги билан табриклади ҳамда терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашда ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини таъминловчи асосий орган – Минтақавий аксилтеррор тузилма фаолиятига Ўзбекистон муҳим аҳамият қаратишини таъкидлади.

Суҳбат давомида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкент саммитига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, Минтақавий аксилтеррор тузилма  Ижроия қўмитасининг 2016 йилда ва истиқболдаги фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

 

 

Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти, агар амал қилиш муддати тугамаган бўлса, паспорт эгаси томонидан фақат Ўзбекистонга қайтиш ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкинлиги эълон қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилишича, "Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари қарорига мувофиқ Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилиш муддати тугамаган бўлса паспорт эгаси томонидан фақат Ўзбекистонга қайтиш ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкин. Ушу паспорт Ўзбекистонга қайтаётганда учинчи давлат ҳудудидан транзит ўтишга ҳам ишлатилиши мумкин".

Мазкур маълумот хорижий давлатларга етказилиши айтилган.

Ушбу тартиб хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари томонидан ўзларининг жойлардаги бўлимларига етказилганидан сўнг 2018 йилнинг 1 июлига қадар амал қилади.

Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқишлари учун биометрик паспорт талаб қилинади.

 

"Ўзбекнефтгаз" АК Муборак газни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун тендер эълон қилди. Мавзу тафсилотларини ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хабарида тингланг.

 

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Австрия атроф-муҳит агентлиги ўртасида илғор технологиялар ва тажрибаларни алмашиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш нормалари ва меъёрларини мукаммаллаштиришни кўзда тутувчи битим имзоланди.

Икка давлат табиатни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси бошчилигида Ўзбекистон делегациясининг 24-27 январ кунлари Австрияга ташрифи давомида имзоланган.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh