Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 09 July 2016 09:44

Нур томон йўл-688

Нур томон йўл-688

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  26-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَتْ إِحْدَاهُمَا يَا أَبَتِ اسْتَأْجِرْهُ ۖ إِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْأَمِينُ ﴿٢٦ 

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Икки (қиз)дан бири: «Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди. (26)

Ӯтган дастуримизда ҳазрат Мусо қӯйларни суғоришда ҳазрат Шуъайбнинг қизларига кӯмаклашди ва ҳазрат Шуъайб хизмат ҳақини бериш учун уни ӯзининг хонадонига таклиф қилди, деб айтган эдик. Бу ояти каримада буюрилади: Ҳазрат Мусони уйларига бошлаб келган қиз отасига ҳар куни қӯйларни далада ӯтлатиб келиш машаққатидан қутулиш учун бу йигитни чӯпонликка қабул қилишини таклиф қилди.

Отасига бу таклифни айтган чоғи қиз ҳазрат Мусонинг жисмоний куч-қуввати ва омонатдорлигини назарда тутганди.

Зил-замбил далвни бир ӯзи қудуқдан тортиб, қӯйларни суғорганида унинг жисмонан бақувватлигига тан беришган эди. Покизалик ва шикастанафслиги эса қиз билан ҳазрат Шуъайбнинг уйига келиш чоғи маълум бӯлди. Ҳазрат Мусо унинг ортидан эргашиш ӯрнига қизнинг баданига кӯзи тушмаслиги учун ӯзи олдинда юриб борди. Керак бӯлган жойларда эса қиз орқадан унга у ёки бу ёққа қайтиш лозимлигини айтиб турди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Фарзандлар қиз ёхуд ӯғил бӯлишидан қатъий назар тӯғрилигига ишонган нарсаларини мантиқий далиллар билан исботлаб, катта ёшдаги кишиларга таклифларини айтишга ҳақлидирлар.
  2. Бировни ишга қабул қилиш пайти ишнинг хусусиятига қараб энг муносиблар танланиши лозим.
  3.  Бировга ишониб масъулиятни топширишнинг икки асосий шарти бу ишни  уддалай олиши ва омонатдорликдир

Энди “Қасас” муборак сураси  27-28-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَىٰ أَن تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ ۖ فَإِنْ أَتْمَمْتَ عَشْرًا فَمِنْ عِندِكَ ۖ وَمَا أُرِيدُ أَنْ أَشُقَّ عَلَيْكَ ۚسَتَجِدُنِي إِن شَاءَ اللَّـهُ مِنَ الصَّالِحِينَ ﴿٢٧ قَالَ ذَٰلِكَ بَيْنِي وَبَيْنَكَ ۖ أَيَّمَا الْأَجَلَيْنِ قَضَيْتُ فَلَا عُدْوَانَ عَلَيَّ ۖ وَاللَّـهُ عَلَىٰ مَا نَقُولُ وَكِيلٌ ﴿٢٨

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган :

 У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди. (27) У (Мусо): «Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», деди. (28)

Ҳазрат Шуъайб қизининг ҳазрат Мусони чӯпонликка  ёллаш  ҳақидаги таклифини қабул қилди. Аммо уйда икки бӯй етган қизи борлиги сабабли буйдоқ йигитнинг уйида яшашига рози бӯлолмасди.Шу сабабли Мусога қизларидан бирига уйланишни таклиф қилди. Аммо қӯйлари чӯпонсиз қолмаслиги учун ҳазрат Мусога уйланишидан сӯнг камида саккиз йил чӯпонлик қилиш шартини қӯйди. Бу шартни қӯйишда ҳазрат Шуъайб икки томоннинг ҳам манфаатини ҳисобга олган эди. Шартга кӯнса, ҳазрат Мусо хотин, турар жой ва яшаш воситаларининг соҳибига айланар, ҳазрат Шуъайбнинг қизлари эса хавф-хатарга тӯла чӯл-биёбонларда чӯпонлик қилиш машаққатидан қутулишарди.

Ҳазрат Мусонинг саккиз йил чӯпонлик қилиши  қизнинг маҳри эди. Зеро отасининг кексайиб қолганлиги сабабли ҳар куни қӯй сурувини чӯл-биёбонга ҳайдаб чиқиб, ӯтлатиб келишга мажбур бӯлган бӯйчан қиз табиий равишда  соғлом, бақувват ва поктийнат  бир йигит унга уйланиб, чӯпонлик масъулиятини зиммага олиб,  аёл кишига тӯғри келмайдиган бу машаққатдан халос этишини жуда-жуда истар эди.

Ҳазрат Шуъайб ӯз таклифини айтган чоғи ҳазрат Мусога қарата дейди: Биз сизнинг қийин аҳволда қолишингизни истамаймиз. Сиз ҳам ӯз фикрингизни айтинг, эшитайлик. Ҳазрат Мусо саккиз йиллик чӯпонлик эвазига уйланиш таклифини қабул қилиб дейди: саккиз йил бунда қолиб, шартни бажараман. Ҳатто сизнинг ва ӯзимнинг  тирикчилигимни таъминлаш учун яна икки йил ҳузурингизда қолиб чӯпонлик қилишим ҳам мумкин.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Поктийнат, омонатга хиёнат қилмайдиган, солиҳ  йигитга  уйланиши ҳақида қизнинг отаси ёхуд яқин қариндошлари томонидан таклиф қилиниши одобсизлик ҳисобланмайди.
  2. Соғлом муҳитни барпо қилиш учун уйланиш лозим.
  3. Қизнинг маҳрини белгилашда куёв боланинг иқтисодий вазиятини эътиборга олиш керак, уни қийин аҳволга қӯйиш ярамайди.

Media

More in this category: « Нур томон йўл-687

Add comment


Security code
Refresh