Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 23 June 2016 13:10

Нур томон йўл-686

Нур томон йўл-686

 

 

 

 

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  18-19-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

فَأَصْبَحَ فِي الْمَدِينَةِ خَائِفًا يَتَرَقَّبُ فَإِذَا الَّذِي اسْتَنصَرَهُ بِالْأَمْسِ يَسْتَصْرِخُهُ ۚ قَالَ لَهُ مُوسَىٰ إِنَّكَ لَغَوِيٌّ مُّبِينٌ ﴿١٨﴾ فَلَمَّا أَنْ أَرَادَ أَن يَبْطِشَ بِالَّذِي هُوَ عَدُوٌّ لَّهُمَا قَالَ يَا مُوسَىٰ أَتُرِيدُ أَن تَقْتُلَنِي كَمَا قَتَلْتَ نَفْسًا بِالْأَمْسِ ۖ إِن تُرِيدُ إِلَّا أَن تَكُونَ جَبَّارًا فِي الْأَرْضِ وَمَا تُرِيدُ أَن تَكُونَ مِنَ الْمُصْلِحِينَ ﴿١٩﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, у эрталаб шаҳарда қўрққан ҳолида, аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган яна ёрдам сўраб қичқириб қолди. Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деди. (18) Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди, у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби, мени ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истайсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди. (19)

Ӯтган суҳбатимизда ҳазрат Мусо йигитлик ёшига етгач, Фиръавн қасрини тарк этиб,оддий халқ орасига келди, деб айтган эдик. Ӯшанда Бани Исроил қавми фиръавнийлар  ва қибтийларнинг зулм-ситами остида эзиларди. 

Бир куни қасрдан чиқиб, шаҳар айлангани чоғи ӯзаро жанжаллашиб, бир-бирини ӯлгунча дӯппослаётган  икки кишига дуч келди. Улардан бири Бани Исроилллик, иккинчиси эса қибтийлардан эди. Бани Исроиллик киши Мусони таниб қолиб, ундан кӯмак сӯради. Уни мазлум деб билган Мусо битта мушт зарби билан қибтийни ерга қулатди. Қибтий жон берди. Муштининг зарбаси рақибининг ҳалокатига сабаб бӯлиши мумкинлигини умуман хаёлига келтирмаган Мусо ӯзи истамаган ҳолда қотилга айланди.

Бу ояти карималарда буюрилади: Бу можародан сӯнг ҳазрат Мусо қасрга қайтмади. У шаҳарда махфий равишда яшай бошлади. Фиръавний маъмурларнинг қӯлига тушишидан ҳадиксираб юрди.

Эртаси куни ӯша Бани Исроиллик кишини яна учратди. У энди бошқа бир қибтий билан жиққа мушт уришаётган эди. Ҳазрат Мусони таниб, ундан кӯмак сӯради. Ҳазрат Мусо аввалига унга деди: Сен ҳар куни бирор биҳона билан қибтийлардан бири билан ёқа буғишасан, ӯзинг ва бошқаларнинг жонини хавф-хатарга қӯясан,  қанақа жоҳил ва тадбирсиз одамсан ӯзи? Бу бемаъни ишинг Бани Исроил учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Аммо ҳар ҳолда бу одам мазлум эди.Шу сабабли Мусо алайҳиссалом уни ёлғизлатиб қӯймади, унга ёрдам берди.Бу маротаба энди у қибтийнинг бошига мушт туширмади, балки уларни ажратиб қӯйди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Душманга қарши кураш чоғи ӯзи ва ӯзгаларга муаммолар келтириб чиқармаслик учун махсус режа билан майдонга чиқиш лозим.
  2. Дӯстлар хато қилиб, камчиликка йӯл қӯйишса, эътироз билдириш керак, аммо уларни золим душман қаршисида ёлғиз қолдириш ярамайди, ёрдам бериш лозим.
  3. Душманга қарши бутун куч-ғайрат ила курашиш керак.

Энди “Қасас” муборак сураси  20-21-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَجَاءَ رَجُلٌ مِّنْ أَقْصَى الْمَدِينَةِ يَسْعَىٰ قَالَ يَا مُوسَىٰ إِنَّ الْمَلَأَ يَأْتَمِرُونَ بِكَ لِيَقْتُلُوكَ فَاخْرُجْ إِنِّي لَكَ مِنَ النَّاصِحِينَ ﴿٢٠﴾ فَخَرَجَ مِنْهَا خَائِفًا يَتَرَقَّبُ ۖ قَالَ رَبِّ نَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ ﴿٢١﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган :

Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди. (20) Бас, хавфсираб, аланглаган ҳолда у ердан: «Эй Роббим, менга золим қавмлардан нажот бергин», деб чиқди. (21)

Шаҳарда бӯлиб ӯтган воқеадан Фиръавн дарборидагилар ҳам огоҳ бӯлишди: Бани Исроиллик бир қул икки кун кетма-кет икки нафар қибтий билан уришган ва ҳар иккисида ҳам Мусо қибтийларни уриб,  Бани Исроиллик қулга нажот берган.

Бу хабар ҳукумат мулозимларига оғир ботди. Шу сабабли улар қибтийларга қарши курашга ҳеч ким журъат қилмаслиги учун Мусони ӯлдириш керак, деган қарорга келишди. Уларнинг бу қароридан воқиф бӯлган Фиръавннинг яқинларидан бири зудлик билан шаҳардан Мусони топиб,   бу хабарни етказди ҳамда унга шаҳарни тарк этиш маслаҳатини берди. Номи тарихий ривоятларда Ҳазқил дея аталган бу хайрихоҳ одам Мусо алайҳиссаломнинг нубувватидан сӯнг унга иймон келтириб, “Оли Фиръавн муъмини” деган ном билан машҳур бӯлди. У Фиръавннинг аёли каби қасрда яшасада, аммо Фиръавн тузумидан норози эди ва Фиръавнга қарши қӯзғолонни интиқлик билан кутарди. У ҳазрат Мусонинг ишларини кӯргач, ана шу одам Фиръавнга қарши курашиш салоҳиятига эга, деган хулосага келди. Шу сабабли   ҳазрат Мусони шаҳардан қидириб топиб, уни жонига таҳдид қилувчи хавф-хатардан огоҳ қилди.

Ҳазрат Мусо бу одамнинг гапига жиддий эътибор қаратиб, шаҳарни тарк этди. Ӯлим хавфи ҳар лаҳзада   таҳдид қилиши мумкин эди. Шу сабабли  ҳазрат Мусо Мисрдан соғ-саломат чиқиб кетиб, золимлар зулмидан нажот топишига кӯмаклашишини сӯраб Аллоҳга илтижо қилди.

Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Золимларга кӯмаклашиш жоиз эмас. Аммо мазлумларга ёрдамлашиш ва золимлар зулмининг олдини олиш учун уларнинг даргоҳига кириб бориш ва у ерда нуфуз пайдо қилиш зарурийдир.
  2. Худо учун ишлаган кишига  Аллоҳ таъоло хавф-хатар пайти кӯмаклашиб, уни ҳифз-ҳимоясига олади.
  3. Баъзида ӯз мавқеида амалга оширилган иш бир халқнинг тақдирини ӯзгартириши мумкин. (Хайрхоҳ киши ҳазрат Мусони зудлик билан огоҳлантирмаса ва у вақтида шаҳарни тарк этмаганида  ,ҳукумат маъмурлари қӯли билан ӯлдирилиши мумкин эди).
  4. Қасрдагилар орасида ҳақталаб инсонлар, оддий халқ орасида эса кӯплаб ботил тарафдорлари бӯлиши мумкин. Шу сабабли мезон одамнинг қаерда яшаши ва жамиятнинг қайси табақасидан бӯлиши эмас, балки ҳақ ва ботилдир.

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh