Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 16 June 2016 13:08

Нур томон йўл-685

Нур томон йўл-685

  

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  14-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَىٰ آتَيْنَاهُ حُكْمًا وَعِلْمًا ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ ﴿١٤﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз. (Биз «вояга етиб» деб таржима қилган «балаға ашудда» иборасини араблар жисмоний жиҳатдан вояга етиш, «мукаммал бўлганида» деб ўгирган «итаво» сўзини ақлий жиҳатдан камолга етиш, деб тушунадилар. Ҳазрати Ибн Аббос (р. а.): «Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, мукаммал бўлиш ўттиздан қирққача», деган эканлар.) (14)

Бу ояти каримада Мусо алайҳиссалом ҳаётининг бошқа бир томонига ишора қилиниб, буюрилади: Мусо ӯсиб-улғайиб, йигитлик ёшига етганида Аллоҳ таъоло унинг ақл-тафаккурини ривожлантириб, унга ҳақиқатларни англаш ҳамда ҳақ ва ботилни ажрата олиши учун билим ва ҳикмат  ато қилди. Қайд қилиш жоизким, йигитлик айёми ҳар бир инсон ҳаётининг куч-ғайратга тӯлган палласи ҳисобланади. Мусо алайҳиссаломнинг поклиги ва  ӯзгаларга яхшиликни дариғ тутмаслиги  сабабли йигитлик чоғидаёқ унга Илоҳий лутф насиб айлади. Бу ояти карима асосида эҳсон аҳли бӯлган кишилар Илоҳий лутфни ҳис қилишлари мумкин. Кейинчалик эса ҳазрат Мусога ваҳий ва нубувват келди ва унга пайғамбарлик мақоми ато этилди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Йигитлик айёми инсон ҳаётининг энг яхши давридир. Зеро, бу даврда киши  ҳам жисмоний ва ҳам ақлий жиҳатдан ривожланиб, инсон камолотининг заминалари вужудга келади.
  2. Ӯзгаларга яхшилик қилиш ва яхши ишларга қӯл уриш Аллоҳнинг махсус лутфу карамини қӯлга киритишга замина ҳозирлайди.

Энди “Қасас” муборак сураси  15-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَدَخَلَ الْمَدِينَةَ عَلَىٰ حِينِ غَفْلَةٍ مِّنْ أَهْلِهَا فَوَجَدَ فِيهَا رَجُلَيْنِ يَقْتَتِلَانِ هَـٰذَا مِن شِيعَتِهِ وَهَـٰذَا مِنْ عَدُوِّهِ ۖ فَاسْتَغَاثَهُ الَّذِي مِن شِيعَتِهِ عَلَى الَّذِي مِنْ عَدُوِّهِ فَوَكَزَهُ مُوسَىٰ فَقَضَىٰ عَلَيْهِ ۖ قَالَ هَـٰذَا مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ ۖ إِنَّهُ عَدُوٌّ مُّضِلٌّ مُّبِينٌ ﴿١٥﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган :

Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди. (Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми–Бани Исроилдан, иккинчиси душман–Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан  қибтийга қарши ёрдам сўрар эди. «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.) (15)

Ҳазрат Мусо йигитлик айёмигача Фиръавннинг қасрида ӯсиб-улғайиб, қаср  аҳли  мисоли тӯкин-сочинликда яшаб, жанговарликни ҳам ӯрганган эди. Бир куни қасрдан чиқиб, шаҳар айлангани чоғи ӯзаро жанжаллашиб, бир-бирини ӯлгунча дӯппослаётган  икки кишига дуч келди. Улардан бири Бани Исроилллик, иккинчиси эса қибтийлардан эди. Бани Исроиллик киши Мусони таниб қолиб, ундан кӯмак сӯради. Уни мазлум деб билган Мусо битта мушт зарби билан қибтийни ерга қулатди. Қибтий жон берди. Муштининг зарбаси рақибининг ҳалокатига сабаб бӯлиши мумкинлигини умуман хаёлига келтирмаган Мусо ӯзи истамаган ҳолда қотилга айланди.

Ҳазрат Мусо бу низонинг сабабини суриштириб, шундай хулосага келди: барча келишмовчиликларнинг асосчиси шайтондир. У одамлар орасини бузиб, уруш-жанжалга солади. Дарҳақиқат, шайтон  инсонларнинг душманидир. У кишиларни гумроҳ қилиб, ӯзаро бир-бирларини ӯлдиришга чоғлайди.

Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Ҳазрат Мусо Фиръавн қасрида ӯсиб-улғайганига қарамай, у золимларнинг эмас, балки мазлумларнинг ҳомийси эди. Фиръавннинг хотини Осия ҳам подшоҳ қасрида яшашига қарамай, ҳазрат Мусога иймон келтирди ва бу йӯлда жонини фидо қилди.
  2. Анбиёлар жӯмард, камбағалпарвар ва зулмга қарши кишилар бӯлиб, улар золимларга қарши курашга отланганлар.
  3. Одамлар орасига низо солиш шайтонинг ишидир. Шу сабабли жаҳл келганда ӯзимизни қӯлга олишимиз, шайтонга мағлуб бӯлмаслигимиз лозим.

 

Энди “Қасас” муборак сураси 16-17-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَ رَبِّ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي فَاغْفِرْ لِي فَغَفَرَ لَهُ ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ ﴿١٦﴾ قَالَ رَبِّ بِمَا أَنْعَمْتَ عَلَيَّ فَلَنْ أَكُونَ ظَهِيرًا لِّلْمُجْرِمِينَ ﴿١٧﴾ فَأَصْبَحَ فِي الْمَدِينَةِ خَائِفًا يَتَرَقَّبُ فَإِذَا الَّذِي اسْتَنصَرَهُ بِالْأَمْسِ يَسْتَصْرِخُهُ ۚ قَالَ لَهُ مُوسَىٰ إِنَّكَ لَغَوِيٌّ مُّبِينٌ ﴿١٨﴾

 Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган :

 У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир. (16) У: «Эй Роббим, менга берган неъматнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деди. (17

Қибтийнинг ӯлдирилишидан сӯнг, табиийки, бошқа қибтийлар қотилни топиб, қасос ундирмоққа тушишади. Ҳазрат Мусо бу можарода гунаҳкор ҳисобланмайди. Аммо бу нохуш ҳодиса унинг кейинги ишларида муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабли у Аллоҳ таъолодан агар ӯз вазифасини бажариш жараёнида камчиликка йӯл қӯйган бӯлса, уни кечиришини, ишларининг оқибатини хайрли этиб, унга Фиръавнийлар зулмидан нажот бахш этишини сӯраб илтижо қилди.

Аллоҳ таъоло пайғамбарнинг дуосини ижобат қилди,  у қибтийлар қӯлига гирифтор бӯлмади. Шунда Мусо алайҳиссалом уни душман илкидан қутқарган бу Илоҳий лутф шукронасига  умрининг охиригача гунаҳкорларнинг ёнини олмаслик ва зулм қилувчиларга ёрдам бермаслик учун Аллоҳ билан аҳд-паймон қилди. Шундан сӯнг у Фиръавн қасрига қайтмади ва қасрдагилар билан алоқасини узди.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Муминларни золимлар чангалидан қутқариш пайти бу иш кейинчалик муаммоларга сабаб бӯлмаслиги учун эҳтиёт бӯлиш керак.
  2. Хато иш қасддан қилинмаган бӯлсада, нохуш оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
  3. Саломатлик ва куч-қувватнинг шукронаси бу мазлумларга кӯмаклашиб, золим ва гунаҳкорларлар билан ҳамкорликдан парҳез қилишдир.

 

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh