Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 02 June 2016 14:10

Нур томон йўл-683

Нур томон йўл-683

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  5-6-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 وَنُرِيدُ أَن نَّمُنَّ عَلَى الَّذِينَ اسْتُضْعِفُوا فِي الْأَرْضِ وَنَجْعَلَهُمْ أَئِمَّةً وَنَجْعَلَهُمُ الْوَارِثِينَ﴿٥ وَنُمَكِّنَ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَنُرِيَ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا مِنْهُم مَّا كَانُوا يَحْذَرُونَ ﴿٦ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни ва уларни ворислар қилишни. (5) Ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз. (6) 

Ӯтган дастуримизда Фиръавн Миср мамлакатига муҳожир бӯлиб келган Бани Исроил қавмини қул қилиб ишлатар, эркакларини турли баҳоналар билан қиличдан ӯтказиб, аёлларини эса чӯри ва хизматкор қилиб оларди, деб айтган эдик.

Бу ояти карималарда буюрилади: Фиръавн ҳукмронлик тахтида доимий қоламан ва истаган амалимни бажаравераман,  деб ӯйларди. У Аллоҳнинг иродаси золимларни шу дунёдаёқ хору залил айлаб, мазлумларга  нусрат бахш этиб, уларга ҳукмфармо этишга қаратилганини билмасди.

Фиръавн ва унинг вазири Ҳомон Бани Исроил қавми исён кӯтариб ҳукуматларини ағдариб ташлашидан хавфсираб, бу қавмни энг оғир азоб-уқубатларга гирифтор этар, уларнинг эркка ташна жӯмард йигитларини ӯлдиришарди. Аммо Фиръавн ва Фиръавнийлар хавфсираган нарсани Аллоҳнинг иродаси уларнинг бошига келтирди: Мусо алайҳиссалом раҳбарлигида Бани Исроил қавми уларнинг устидан ғалаба қозониб,  кӯркам қаср-кошоналари ва ҳисобсиз бойликларига эга бӯлишди.

Албатта, Аллоҳнинг иродаси далил ва мантиқ асосидадир. Бирор-бир халқ золимлар зулмидан қутулишни истаб ҳаракат қилса, Аллоҳ таъоло бу халққа ёрдам бериб, золимлар устидан ғалабасини таъминлайди. Бу нарса тарих давомида қайта-қайта ӯз исботини топган: ҳар бир халқнинг тақдирини унингфел-атвор ва аъмоллари белгилайди. Шунингдек мусулмонлар ӯзлари ирода қилмагунча уларнинг аҳволида жиддий ӯзгариш юз бермайди.

Исломий ривоятларга кӯра охирзамонда Ислом пайғамбари Муҳаммад Мустафо (с) наслидан ҳазрат Маҳди (а) зуҳур айлаб, золимларни мағлуб, мазлумларни эса уларнинг устидан ғолиб этиб, бутун дунёда адолатни барқарор этади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг иродаси золимлар ҳокимиятини барҳам бериб, мазлумларни қудратга келтиришга қаратилган.
  2. Мустабид ҳукуматлар халқни ӯзлари истаган ҳолатда бошқариш учун унинг истеъдодли фарзандларини доимо мансаб-мартабадан четлаштиришга ҳаракат қилишади.
  3. Аллоҳ таъоло мазлумларга келажакда бутун дунё бугунги мазлумлар қӯлига ӯтиши башоратини берган токим ӯша порлоқ келажакка етиш учун ҳаракат қилишсин.
  4. Зулм-ситамни пеша айлаганлар охират азобидан ташқари шу дунёда ҳам Аллоҳнинг қаҳр-ғазабидан қочиб қутулолмайдилар. Улар муминлар қӯли билан тахт-тожларидан айрилиб, хору залил бӯладилар.

Энди “Қасас” муборак сураси 7-8-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ أُمِّ مُوسَىٰ أَنْ أَرْضِعِيهِ ۖ فَإِذَا خِفْتِ عَلَيْهِ فَأَلْقِيهِ فِي الْيَمِّ وَلَا تَخَافِي وَلَا تَحْزَنِي ۖ إِنَّا رَادُّوهُ إِلَيْكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ الْمُرْسَلِينَ ﴿٧ فَالْتَقَطَهُ آلُ فِرْعَوْنَ لِيَكُونَ لَهُمْ عَدُوًّا وَحَزَنًا ۗ إِنَّ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا كَانُوا خَاطِئِينَ ﴿٨

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган :

Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик. (Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ –» эмизавер» ва «дарёга ташла», иккита қайтариш–«қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат–«уни сенга қайтарамиз» ва «Пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.) (7) Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар. (8) 

Мусо алайҳиссаломнинг туғилиши ва ундан кейинги саргузаштини ҳикоя қилувчи бу ояти карима мазлумларнинг золимлар устидан ғалаба қилажаги муқаррар эканлиги тӯғрисида қатъий далилдир.

Коҳинлар Фиръавнга бу йил Бани Исроил қавмида бир бола туғилади, у келажакда сенинг ҳокимиятингни ағдариб ташлайди, дея хабар бердилар.  Бундан таҳликага тушган Фиръавн Бани Исроил қавмидан туғилган барча ӯғил болаларни қиличдан ӯтказиш ва ҳеч кимга раҳм қилмаслик буйруғини берди. 

Мусо туғилган пайти Аллоҳ таъоло онасига болани эмизиш, сӯнгра сандиқчага жойлаб Нил дарёсига оқизиш илҳомини берди.Илоҳий кӯрсатмага амал қилган она болани сандиққа жойлаб Нилга оқизди. У фарзандининг тақдиридан жуда ҳам хавотирда эди.

Нил дарёси бӯйидаги қасрнинг ёнида ӯтирган Фиръавн ва унинг хотини сувда оқиб келаётган сандиқни кӯриб қолишади. Подшоҳ сандиқни сувдан чиқариш буйруғини берди. Уни очиб ҳайратда қотишди. Сандиқнинг ичида чиройлик жажжи чақалоқ турарди. Болани нима қилишга ҳайрон қолишди. Бир томондан ҳукмдорнинг ӯзи Бани Исроилда туғилган ӯғил болаларни ӯлдириш буйруғини берган. Бу болакайнинг Бани Исроиллик эканлиги, уни ӯлимдан қутқариш учун сандиққа жойлаб,  дарёга оқизишгани аниқ. Иккинчи томондан эса Фиръавннинг ӯғли бӯлмай, хотини Осия бу жажжи чақалоқни ӯғил қилиб олишга  жуда-жуда илҳақ эди.

Аммо Мусонинг онасини ӯз жигарбандини сандиққа жойлаб дарёга оқизишга кӯндирган ва Фиръавн  хотинининг болакайга нисбатан меҳрини жӯштириб уни ӯлдиришдан асраб қолган ғолиб куч Аллоҳнинг иродаси эди. Шундай қилиб Мусо ӯз душмани Фиръавннинг хавф-хатарлардан мосуво бӯлган қасрида  келажакда унинг зулм-ситамга асосланган ҳокимиятини ағдариб ташлаш учун ӯсиб-улғая бошлади.

Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Иложсиз лаҳзаларда Аллоҳ таъоло муминларнинг энг яхши ҳимочиси ва ҳидоят қилувчиси бӯлиб, муаммодан қутулишнинг энг қулай  йӯлини кӯрсатади.
  2. Ғайбий мададнинг етиб келиши моддий имкониятлар билан қарама-қарши эмас. Киши ҳам моддий имкониятлардан фойдаланиши , ҳам Аллоҳга таваккул қилиши лозим. (Худди Мусонинг онаси фарзандини эмизиб, сандиққа солиб Аллоҳга таваккул қилиб сувга оқизгани каби).

Аллоҳнинг кӯпгина кӯрсатмаларининг ҳикмат ва фалсафасини билмасакда, аммо Илоҳий кӯрсатмаларни бажаришда  ялқовликка йӯл қӯймаслик лозим. Зеро,  ҳақиқатда Илоҳий кӯрсатмаларда қандайдир сир-асрор яширин бӯлиб, Аллоҳнинг бирор-бир буйруғи ҳикматсиз эмас. (Худди Аллоҳнинг Мусонинг онасига ӯз фарзандини дарёга оқизиш ҳақидаги буйруғи каби. Бу дастурнинг ҳикмати зудлик билан ошкора бӯлди).

Media

Add comment


Security code
Refresh