Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 19 May 2016 12:31

Нур томон йўл-681

Нур томон йўл-681

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 89-90-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

مَن جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ خَيْرٌ مِّنْهَا وَهُم مِّن فَزَعٍ يَوْمَئِذٍ آمِنُونَ﴿٨٩ وَمَن جَاءَ بِالسَّيِّئَةِ فَكُبَّتْ وُجُوهُهُمْ فِي النَّارِ هَلْ تُجْزَوْنَ إِلَّا مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٩٠

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур. Ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар. (89) Ким ёмонлик қилса, бас, юзтубан дўзахга ташланурлар ва: «Сизларга фақат қилган амалларингиз жазоси берилмоқда, холос», (дейилур). (90) 

 Ӯтган дастуримизда дунёнинг охири ва қиёматнинг барпо бӯлиши ҳақида суҳбатлашган эдик. Бу ояти карималарда қиёмат кунидаги сарҳисоб, мукофот ва жазоларга ишора қилиниб, буюрилади: Илоҳий илм ва ҳикмат инсонларнинг бажарган амалларига жавоб беришларини тақозо этади. Зеро, Аллоҳ таъоло уларга ақл ва ирода  ато этган. Улар қарор қабул қилиш ва танлаш қобилиятига эгадирлар.

Ҳақиқат шулким, одамлар бу дунёда фақатгина айрим ишларининг натижасини кӯришади. Дунё уларнинг барча амалларига яраша мукофот ва жазо бериш жойи эмас. Аммо дунёдаги каби  замон ва макон маҳдудиятлари бӯлмаган охират оламида ҳар бир киши ӯз амалларининг натижасини кӯриб, унга яраша мукофот ёхуд жазоланади.

Бу ояти карималарга асосан яхши амалларни риё ва ғурурсиз бажарган кишига унданда яхши мукофот берилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Эзгу амалларни бажаришдан кӯра уларни барбод этувчи риё, ужб ва гуноҳ каби офатлардан сақлаш муҳимдир. Зеро, кӯпгина амалларимиз бундай офатларга учраб, охират кунигача етиб бормайди.
  2. Аллоҳнинг мукофотлари инсонлар бажарган эзгу амаллардан кӯра арзирлидир. Аммо Илоҳий жазо қилинган ёвуз амалга яраша берилади.


Энди “Намл” муборак сураси  91-92--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

إِنَّمَا أُمِرْتُ أَنْ أَعْبُدَ رَبَّ هَـٰذِهِ الْبَلْدَةِ الَّذِي حَرَّمَهَا وَلَهُ كُلُّ شَيْءٍ ۖ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ﴿٩١ وَأَنْ أَتْلُوَ الْقُرْآنَ ۖ فَمَنِ اهْتَدَىٰ فَإِنَّمَا يَهْتَدِي لِنَفْسِهِ ۖ وَمَن ضَلَّ فَقُلْ إِنَّمَا أَنَا مِنَ الْمُنذِرِينَ ﴿٩٢

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим. (91) Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим). Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин. (92)

 Бу ояти карималар ва “Намл” муборак сурасининг сӯнгги ояти булган бундан кейинги ояти каримада  Расули акрам (с)нинг Макка мушрикларига айтган қатъий гаплари баён этилади. Аллоҳнинг ҳабиби буюрадилар: Бутпарастликни тарк этинг. Билиб қӯйинг, мен Илоҳий оятларни сизга етказиш ва сизларни огоҳлантиришдан иборат бӯлган ӯз масъулиятимни мукаммал тарзда бажардим. Сиз ӯз ихтиёрингиз билан икки йӯлдан бирини танлашингиз лозим. Биринчиси, Аллоҳнинг сӯзларига иймон келтириб, ҳидоят топиш. Иккинчиси эса Ҳаққа қарши бориб, гумроҳ бӯлишдир. Бу йӯллардан қай бирини танласангиз, унинг фойда-зиёни ӯзингизга қайтажак. Сизнинг иймон келтиришингиздан менга фойда, инкор ва куфрингиз эса менга зиён келтиради, деб ӯйламанг.

Мен Аллоҳ фармонига итоатдаман ва ӯз вазифамни бажараман. Сизлар Каъбага ӯрнатган тош ва ёғоч бутларга эмас, балки нафақат Каъба ва бу шаҳарнинг, балки бутун оламларнинг Парвардигори бӯлган Аллоҳ таъолога сиғинаман.

Бу ояти карималарда Расули акрам (с)нинг икки бир-биридан фарқли масъулиятларига ишора этилади.  Биринчиси, ягона Аллоҳга сиғиниш ва Унинг буйруқларини бажариш каби шахсий масъулият. Бунда Пайғамбарнинг масъулияти ҳам барча мусулмонлар каби шахсий масъулиятдир. Иккинчиси, одамларга Илоҳий оятларни етказиш ва уларни огоҳлантириш каби рисолат масъулияти.

Пайғамбар подшоҳ ва ҳокимлар каби буйруқ берувчи, бошқалар эса бажарувчи эмас. Ул ҳазрат одамларга айтган  диний аҳкомларга энг биринчи ӯзлари қатъий риоя қилар эдилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруғига  сӯзсиз бӯйин сунадилар. Улар ӯзбошимчалик билан бирор-бир ишни бажармайдилар.
  2. Пайғамбарлар ва дин пешволарининг вазифаси аниқ Илоҳий оятларни одамларга етказишдир. Одамларнинг бу оятларни қабул қилиш-қилмаслиги  ӯзларига боғлиқ.
  3. Инсонлар кӯп ҳолатларда Аллоҳ ёдидан ғафлатдалар. Шу сабабли дин пешволари одамларни доимо огоҳлантириб, уларни ғафлатдан уйғотишга бурчлидирлар.

Энди “Намл” муборак сураси  93--ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَقُلِ الْحَمْدُ لِلَّـهِ سَيُرِيكُمْ آيَاتِهِ فَتَعْرِفُونَهَا ۚ وَمَا رَبُّكَ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ ﴿٩٣

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. (93)

“Намл” муборак сурасининг сӯнгги ояти бӯлган бу ояти карима Ҳақ таъолога шукроналар айтиш билан якунланади. Инсонни Аллоҳ томон ҳидоят этувчи буюк неъмат –Қуръони карим учун, шунингдек умматларини икки дунё саодати сари бошловчи бутун инсониятнинг муаллими бӯлган Аллоҳнинг расули (с) учун шукрона ва миннатдорчилик.

Ояти кариманинг давомида буюрилади: Келажак авлодлар Аллоҳнинг илм, қудрат ва ҳикматининг кӯпгина нишоналарини мушоҳада қилишади. Бу нишоналар дунёдаги энг кичик мавжудотлардан тортиб, энг узоқ ва улкан сайёраларда ҳам кӯзга ташланади. Албатта, кишиларнинг диди турличадир. Масалан тиббий олийгоҳнинг лабораториясида шогирдларга ӯргатиш учун жигарни тилган ҳамда жигардан кабоб тайёрлаш учун унга пичоқ урган кабобпаз иккиси ҳам юзаки қаралганда бир ишни бажаришади. Аммо мақсад ва дийд бошқа-бошқа.

Борлиқ низоми махлуқ экан, демак барча мавжудотларда оламлар Яратувчисининг нишоналари мавжуд. Агар мавжудотни мақсадсиз, шунчаки ӯз-ӯзидан яралган табиат деб билсак, уни яратган Холиқи яктодан ғафлатда қоламиз. Аллоҳдан ғафлатда қолиш эса инсоннинг тафаккур тарзи ва юриш-туришига жуда катта салбий таъсир ӯтказади.

Бу ояти карима  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Қуръони каримнинг нозил бӯлиши ва Расули акрам (с)нинг биъсатлари  икки буюк неъмат бӯлиб, бу неъматлар учун Аллоҳ таъолога доимо миннатдорчилик изҳор қилмоғимиз лозим.
  2. Бу вақтгача Қуръони каримнинг инсониятга маълум бӯлган муъжизалари денгиздан қатрадир. Аҳли башарнинг  илм-фани ривожланган сайин борлиқ оламда Аллоҳи зулжалолнинг қудрат ва ҳикмати ошкор бӯла боради.
  3. Амалларимизга зудлик билан мукофот ёхуд жазо берилмаётгани  Аллоҳнинг ғафлати  эмас, балки раҳмати натижасидир.

“Намл”  муборак сурасининг тафсири ниҳоясига етди. Бу хайрли ишни давом эттириш учун Аллоҳдан тавфиқ тилаб сиз азизлар билан хайрлашамиз.

Хайрли дуоларингизда бизни ҳам унутмассиз деган умиддамиз.

Media

Add comment


Security code
Refresh