Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 12 May 2016 12:18

Нур томон йўл-680

Нур томон йўл-680

 Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 86-ояти каримаcи тиловатига қулоқ тутамиз:

 أَلَمْ يَرَوْا أَنَّا جَعَلْنَا اللَّيْلَ لِيَسْكُنُوا فِيهِ وَالنَّهَارَ مُبْصِرًا ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴿٨٦﴾

 Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Биз сокинлик топишлари учун кечани, кўришлари учун кундузни қилганимизни кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун ибратлар бордир. (86) 

Олдинги ояти карималарда инкор қилувчиларга Илоҳий азоб борлигини эслатиш мақсадида қиёмат куни ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада Илоҳий қудратнинг мазҳарларидан бирига ишора қилиниб, буюрилади: Бу ҳақда ӯйлаб кӯрганмисиз: бордию, қуёш тинимсиз қиздириб, зиё сочса, яъни доимо кундуз бӯлиб, кеча бӯлмаса қандай дам олиб, ҳордиқ чиқарар эдингиз? Ёхуд ер курраси доимий равишда тун оғушида бӯлса, қандай қилиб касб-кор билан шуғулланардингиз? Бундай шароитда ӯт-ӯлан ва дарахтларнинг ҳоли нима кечарди? Ернинг 24 соат давомида ӯз ӯқи атрофида айланиб, кеча ва кундузни вужудга келтириши тасодифийми? Бугунги илм-фаннинг исботлашича, кеча қоронғуси инсон нерв системаси ва руҳиятининг осойишталиги, куннинг ёруғи эса унинг турли соҳалардаги фаолиятлари учун ниҳоятда муҳимдир.

Қуръони карим бу мазмундаги ояти карималарни такрорлаш йӯли билан ҳақни кабул қилишга мойил бӯлган кишиларни  теварак-атрофларига боқиб, Аллоҳнинг илм, қудрат ва ҳикматига иймон келтириб, қиёмат кунини инкор қилмасликка чақиради.
 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Кеча ва кундузнинг айланиб туриши оламлар Яратувчисининг илм ва тадбири нишонасидир. Теварак-атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга сергак боқиб,  яратилиш фалсафаси  ҳақида тафаккур қилишимиз лозим.
  2. Уйқу ва уйғоқлик мавзусининг қиёмат мавзуси билан бирга келиши бизнинг шу дунёдаёқ ҳар куни ӯлиш ва тирилишни тажриба қилишимизга ишорадир.
  3. Инсоннинг яшаш тарзи табиат қонуниятларига мос равишда бӯлиши керак. Кечаси дам олиб, кундузи ишлаш лозим. Ярим тунгача уйғоқ ӯтириб, эрталаб тушлик пайтигача ухлаш яратилиш қонуниятларига зиддир.

Энди “Намл” муборак сураси  87--ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَيَوْمَ يُنفَخُ فِي الصُّورِ فَفَزِعَ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَمَن فِي الْأَرْضِ إِلَّا مَن شَاءَ اللَّـهُ ۚ وَكُلٌّ أَتَوْهُ دَاخِرِينَ ﴿٨٧﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Сур чалиниб, Аллоҳ хоҳлаганидан бошқа осмонлардаги кимсалар ва ердаги кимсалар даҳшатга тушган кунда ҳамма У зотга бўйин эгиб келурлар. (87) 

Бу ояти каримада қиёмат мавзусига яна қайтиб унинг ибтидоси бӯлган сурнинг чалиниши эслатилади. Қуръони карим оятларида таъкидланишича икки маротаба сур чалинади. Бири ушбу оятда ишора қилинганидек дунёнинг охирига етган пайти. Бунда барча тирик мавжудот сурнинг садосидан даҳшатга тушиб, ӯлади. Иккинчи маротаба қиёматда сур чалинганида ӯликлар тирилиб, маҳшар саҳросида тӯпланишади.

Бу ояти каримада таъкидланишича, сур чалинган пайти барча инсонлар қӯрқув ва даҳшатга тушишади. Аммо солиҳ ва пок инсонлар, шунингдек фаришталар бундан мустасно. Кейинги икки ояти каримада келтирилишича,  улар тинчлик-осойишталикдадирлар.  Албатта, бу маврида яхшилар, ёмонлар ва фаришталарнинг барчаси ӯлади. Улар Аллоҳнинг иродаси наздида таслим бӯлиб, иккинчи маротаба сур чалинганда  қайта тирилишади. Ривоят қилинишича сур чалишга масъул фаришта муқарраб фаришталардан бири Исрофилдир.
 Бу ояти карима  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Қуръони карим таълимоти бӯйича ер ва осмонлардаги барча тирик мавжудотлар даҳшатли бир овоз натижасида  таҳликага тушиб жон беришади.
  2. Осмонда ҳам тирик мавжудотлар бор. Улар учун ҳам худди ер аҳли мисоли ӯлим ва қиёмат мавжуд.
  3. Ӯлим фақатгина инсонга тегишли эмас, балки барча мавжудотлар, жумладан фаришталар ҳам ӯлим лаззатини тотишга маҳкум.

 

Энди “Намл” муборак сураси  88--ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَتَرَى الْجِبَالَ تَحْسَبُهَا جَامِدَةً وَهِيَ تَمُرُّ مَرَّ السَّحَابِ ۚ صُنْعَ اللَّـهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ ۚ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ ﴿٨٨﴾

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Тоғларни кўриб, қимирламай турибди деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир. (88)

 

Бу ояти каримада ҳам яратилишнинг ажойиботларидан бириги ишора қилиниб, буюрилади: Сизнинг назарингизда тоғлар жойидан жилмайдиган, сокит эрур. Ваҳоланки, улар ҳам булутлар каби доимий равишда ҳаракатдалар. Бу ҳам оламлар Яратувчисининг қудрат ва азамати нишонасидир. Ер ӯз ӯқи атрофида шундай айланадиким, унинг устида яшайдиганлар бу ҳаракатни сезишмайди ҳам. Тарих давомида одамлар ва ҳатто донишмандлар ҳам ер ҳаракат қилмайди, балки ой ва қуёш унинг атрофида айланади, деган фикрда эдилар.

Бу ояти карима  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Тоғлар ҳаракатда экан, демак ер ҳам ҳаракат қилади.
  2. Қуръони карим Галилей ва бошқа олимлардан минг йил илгари ернинг айланиши ҳақида хабар берган. Бу нарса Қуръони карим илмий муъжизаларидан биридир.
  3. Тоғлар булутлар мисоли ҳаракатдалар. Ернинг ҳаракатлансада, сокит кӯриниши Илоҳий муъжизалардан биридир.
  4. Қуръони каримнинг таълимоти бӯйича Аллоҳ таъоло томонидан яратилган барча мавжудотлар мукаммал бӯлиб, уларда бирор-бир нуқсон учрамайди.

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh