Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 07 May 2016 08:30

Нур томон йўл-679

Нур томон йўл-679

НУР ТОМОН ЙӮЛ-679

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 82-83-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

 وَإِذَا وَقَعَ الْقَوْلُ عَلَيْهِمْ أَخْرَجْنَا لَهُمْ دَابَّةً مِّنَ الْأَرْضِ تُكَلِّمُهُمْ أَنَّ النَّاسَ كَانُوا بِآيَاتِنَا لَا يُوقِنُونَ ﴿٨٢ وَيَوْمَ نَحْشُرُ مِن كُلِّ أُمَّةٍ فَوْجًا مِّمَّن يُكَذِّبُ بِآيَاتِنَا فَهُمْ يُوزَعُونَ ﴿٨٣ 

 Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жон эгаси чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир. (Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз–қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир жонивор чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу жонивор қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.) (82)Биз ҳар умматнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганларидан бир гуруҳини тўплаган кунда улар жамланиб-тизилиб туришар. (83) 

Олдинги дастурларимизнинг давоми сифатида бу ояти карималарда ҳам қиёмат мавзуси  тилга олиниб, буюрилади: Дунёнинг охири ва қиёматнинг ибтидосида Аллоҳ дунёдан ӯтган айрим кишиларни тирилтиради. Шунда улардан бири қиёмат мункирлари билан гаплашиб, уларга Ҳақни қабул қилишлари лозимлигини эслатади.

Бу дунёда ӯлганларнинг тирилиши Аллоҳнинг иродаси билан амалга ошади. Бу иш бундан олдин ҳам руй берган.  Бу ҳақда Қуръони карим гувоҳлик берган. Масалан Пайғамбарлардин бири Аллоҳдан қиёмат саҳнасини кӯрсатишини илтижо қилади. Аллоҳ таъоло уни ӯлдириб, юз йилдан сӯнг тирилтирди. “Бақара” муборак сурасининг 259-ояти каримасида бу воқеа  ривоят қилинган. Шунингдек Бани Исроил томонидан қурбонликка сӯйилган мол гӯшти билан баданига урилганда ӯликнинг тирилиб, ӯз қотили кимлигини айтиб бериши. Бу можаро ҳам “Бақара” муборак сурасининг 73-ояти каримасида тасвирланган. Қуръони каримда тилга олинган Исо алайҳиссаломнинг муъжизаларидан бири  ҳам шу  дунёда ӯлганларни тирилтириш эди. “Бақара” сурасининг 56- ва 243-оятларида ҳам ӯтган қавмлардан айрим кишиларнинг ӯлгандан кейин шу дунёдаёқ тирилгани ҳақида хабар берилади.

Айрим муфассирларнинг фикрича бу ояти карималарда ҳам  айрим кишиларнинг охирзамонда тирилиши ҳақида хабар берилган, аммо уларнинг кимлиги аниқ айтилмаган.

82-ояти каримада келтирилган “Биз улар учун ердан бир жон эгаси чиқарамиз “ иборасидан мақсад айрим тафсирчиларнинг фикрича ислом тарихидаги муҳим шахсиятлардан бири Али алайҳиссалом кӯзда тутилган.

Шунингдек 83-ояти каримада таъкидланган айрим гуруҳларнинг тирилиши ҳақида ҳам бу тафсирчиларнинг фикри шундай:  бу гуруҳлар инсоният тарихи давомида ер юзида яшаб ӯтган солиҳ инсонлар бӯлиб, охир замонда  ҳазрат Имом Маҳдининг ҳукуматиги гувоҳ бӯлиш ва унга ёрдамчи бӯлиш мақсадида улар тирилтирилади. Тафсирчиларнинг бошқа бир тоифаси эса шу дунёдаёқ ҳақ ва адолатли ҳукуматда жазоланиш учун инсоният тарихи давомида  куфр ва зулм бошлиқлари тирилтиради, деган фикрни илгари сурганлар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ӯликларни тирилтириш фақат қиёматда эмас, балки Аллоҳнинг изни билан шу дунёда ҳам амалга ошиши мумкин. Унга ишонмаслик эса Аллоҳнинг чексиз қудратига ишончсизликдир.
  2. Охират кунида муминлар иззат -эътибор, куфр ва зулм пешволари эса хор ва залил бӯлишади.

Энди “Намл” муборак сураси  84-85--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

حَتَّىٰ إِذَا جَاءُوا قَالَ أَكَذَّبْتُم بِآيَاتِي وَلَمْ تُحِيطُوا بِهَا عِلْمًا أَمَّاذَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٨٤ وَوَقَعَ الْقَوْلُ عَلَيْهِم بِمَا ظَلَمُوا فَهُمْ لَا يَنطِقُونَ ﴿٨٥

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

  Токи улар келиб бўлгач, У зот: «Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқардингизми?! Уларни пухта англамай туриб-а? Йўқса, нима қилган эдингиз?» дейдир.(84) Ва уларга зулм қилганлари сабабли сўз(ланган азоб) тушар. Бас, улар сўзлай олмаслар. (85) 

 

Олдинги оятлар иймон ва куфр пешволарининг рижъати ҳақида эди. Бир гуруҳ инсонларнинг қиёматдан олдин тирилишига рижъат дейилади. Ривоятлардан маълум бӯлишича рижъат бу қиёмат каби бӯлмасада, аммо унинг босқичларидан биридир. Ӯша куни Аллоҳнинг оятлари  бутун маъноси билан зуҳур этади. Ҳақ ва ботил ӯртасида ҳакамлик қилиш учун  Худонинг дӯстлари ва душманлари тирилтирилиб,  дунёга қайтарилади.

Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳ таъоло куфр пешволарини тирилтириб, улардан Илоҳий китоб оятлари ва Пайғамбарларнинг муъжизаларини ёлғонга чиқарганликларини сарҳисоб қилади. Улардан озгина билимлари билан бу оятлар ва муъжизаларни  ёлғонга чиқаришга қандай журъат этганликлари сӯралади.

Табиийки, улар рижъат пайти Илоҳий оят ва муъжизаларни  ёлғон деб айтганларини инкор қилишолмайди. Натижада  бу нолойиқ амаллари учун Илоҳий жазога лойиқ эканликларига рози бӯлишади.

Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Айрим тафсирчиларга кӯра охирзамонда бир гуруҳ хос яхшилар ва бир гуруҳ хос ёмонлар тирилтирилиб, улар Аллоҳ мардларидан бири иштирок этган маҳкамада муҳокама қилинадилар.
  2. Етарли маълумотга эга бӯлмасдан туриб  бирор-бир  нарсани инкор қилган киши албатта, пушаймон бӯлади. Шу сабабли ишонч-эътиқодимиз ҳам мантиқий далиллар асосида бӯлиши керак.
  3. Қиёмат куни золимлар қатъий жазога тортилади. У куни уларнинг ҳийла-найранглари иш бермайди.

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh