Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 14 April 2016 13:15

Нур томон йўл-676

Нур томон йўл-676

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 64-ояти каримаcи тиловатига қулоқ тутамиз:

 أَمَّن يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ وَمَن يَرْزُقُكُم مِّنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ ۗأَإِلَـٰهٌ مَّعَ اللَّـهِ ۚ قُلْ هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ ﴿٦٤ 

 Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ёки аввал-бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадан яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган зот яхшими? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатингизни келтиринг», дегин. (Аслида, йўқ инсонни бор қилиб, аввал-бошда яратган ким? Бут-санамларми, жин ва фаришталарми, мушриклар худо деб юрган бошқа махлуқларми? Инсонни охиратда қайтадан яратадиган ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи.) (64)

Ӯтган суҳбатимизда Қуръони карим мушрикларга қарата қуйидаги савол билан мурожаат қилганди: Сизлар сиғинаётган маъбудларингиз яхшими ёхуд  бутун мавжудотни яратиб, осмон ва заминдаги барча катта-кичик нарсаларни бошқариб турувчи ягона Аллоҳми? Ояти кариманинг давомида яна савол берилади: сизнинг маъбудларингиз яхшими ёхуд нафақат оламларни  яратган, балки барча мавжудотни қиёмат куни тирилтирадиган, қайтиш фақат унгагина бӯлган ягона Аллоҳми?

Агар ягона Аллоҳдан ӯзга худолар хам мавжуд бӯлиб, улар оламларни яратиш ишида ягона Аллоҳга кӯмаклашишади, деган гумонда бӯлсангиз, фикрингизнинг исботи учун аниқ-равшан далиллар келтиринг.

Қуръони каримнинг бир неча ояти карималарида мухолифлар билан муносабат масаласи такрорланади. Ана шундай мавридларда бу Илоҳий китоб мухолифларидан доимо мантиқий исбот-далиллар талаб қилади. Уларни заҳарханда қилиш, масхара этиш ва таҳқирлашдан тилларини тийиб, ошкора далиллар келтиришга ундайди.

  Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Мухолифлар билан муносабатда инсофли бӯлиб, улар келтирган мантиқий далилларни қабул қилиш лозим. Уларни душман билиб, фикрларини рад қилиш ярамайди. Зеро, ислом далил ва мантиқ дини бӯлиб, ӯз мухолифларидан ҳам исбот-далилни талаб қилади.
  2. Аллоҳ барчамизнинг ризқ-рӯзимизни тайёрлаб қӯйган.Ҳаво, нур ва ёмғирга бӯлган эҳтиёжимизни осмондан, еб-ичиш, турли-туман мевалар ва кийим-кечакка бӯлган эҳтиёжларимизни эса ерда муҳайё айлаган.

Энди “Намл” муборак сураси  65-66--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قُل لَّا يَعْلَمُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّـهُ ۚ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ ﴿٦٥ بَلِ ادَّارَكَ عِلْمُهُمْ فِي الْآخِرَةِ ۚ بَلْ هُمْ فِي شَكٍّ مِّنْهَا ۖ بَلْ هُم مِّنْهَا عَمُونَ ﴿٦٦

 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар. (Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким — на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди.) (65) Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, улар ундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар ундан кўрдирлар. Кофирлар охират илмидан хабардормикин? Йўқ, била олмайдилар. Улар охират нима эканини билиш у ёқда турсин, охиратнинг бўлиш-бўлмаслигига аниқ ишонмайдилар. Балки у хусусдаги масалада кўрдирлар, ҳеч нарсани кўрмаслар. (66)

Қиёмат куни ҳамда ӯлимдан кейинги тирилтиришга мантиқий далиллари бӯлмаган мушриклар пайғамбарлардан доими “Қиёмат қачон юз беради?” дея сӯрашарди. Табиийки пайғамбарлар бу саволга жавоб беришолмасди. Шунда улар , демак сизнинг ӯзингиз ҳам қиёмат ҳақида ҳеч нарса билмайсиз, дея кулишарди.

Бу ояти каримада пайғамбарларнинг бу саволга жавоб беролмаслиги ва мухолифларнинг шубҳа-гумонга боришлари ҳақида қуйидагиларни шарҳлайди: Аллоҳнинг айрим махсус ишларидан ҳатто фаришталар ва пайғамбарлар ҳам бехабардирлар. Аммо қиёмат руй берадиган замонни билмаслик қиёматнинг юз бермаслигини билдирмайди. Мисол учун бирор-бир киши ӯзининг қачон дунёдан кетишини билмайди. Аммо ҳар бир киши бир куни келиб ӯлиши ҳақ эканлигини, ӯлимдан қочиб қутулиб бӯлмаслигини  яхши билади.

Қиёматнингбарпо бӯлиши ҳам қатъий амр бӯлиб, унинг қачон амалга ошишини ҳеч ким билмайди. Бу нарса унинг барпо бӯлишига шак келтириш ҳуқуқини бермайди.

 Бу ояти карималар  бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Қиёмат кунининг барпо бӯлишига ишонмайдиганлар мунтазам равишда  кишиларнинг диний эътиқодида шак-шубҳа уйғотиб келишади.
  2. Оламларнинг яратилиши ва қиёмат кунига иймон келтириш ғайбий асрор бӯлиб уни инсоннинг бешта ҳисси билан сезиш имконсиздир. Фақатгина ақл бу нарсанинг мантиқийлигини исботлаши мумкин.

Энди “Намл” муборак сураси  67-68-69--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَإِذَا كُنَّا تُرَابًا وَآبَاؤُنَا أَئِنَّا لَمُخْرَجُونَ ﴿٦٧ لَقَدْ وُعِدْنَا هَـٰذَا نَحْنُ وَآبَاؤُنَا مِن قَبْلُ إِنْ هَـٰذَا إِلَّا أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ ﴿٦٨ قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُجْرِمِينَ ﴿٦٩

 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Куфр келтирганлар: «Биз ва ота-боболаримиз тупроқ бўлганимиздан кейин, яна чиқариламизми?! (67) Батаҳқиқ, бу бизга-да, ота-боболармизга-да олдин ҳам ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа ҳеч нарса эмас», дедилар. (68) Сен: «Ер юзида сайр қилинглар ва жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар», деб айт. (69)

Бундан олдинги ояти карималарнинг давоми сифатида бу оятларда буюрилади: Мухолифлар ӯз шубҳа-гумонларини исботлаш мақсадида қуйидаги нуктага ишора қилишади: бундан олдинги пайғамбарлар ҳам қиёматнинг қойим бӯлишини айтишган. Аммо мана бизнинг неча-неча аждодларимиз яшаб ӯтган бӯлсада, ҳали ваъда қилган қиёматлари етиб келмади.Биз ӯлганимизда ҳам  ӯтган аждодларимиз каби баданимиз тупроққа қоришиб кетади, қайта тириладиган ҳеч нарсамиз қолмайди”.

Мухолифларнинг бу иддаосига нисбатан Қуръони каримнинг жавоби аниқ:  Биринчидан барча инсонлар тупроқдан яралди. Шундай экан яна тупроққа айлангач, иккинчи маротаба тирилиб, бошқа оламда яшашингизнинг нимаси ғайритабиий? Иккинчидан Пайғамбарларнинг ҳақ сӯзларига қарши сизнинг инкор ва якравлигингиз сиздан олдин ӯтган қавмлар мисоли сизни ҳам шу оламдаёқ Илоҳий жазога гирифтор қилиши мумкин.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мухолифлар тарих давомида самовий китобларни эртак ва афсона сифатида қабул қилишган. Ҳатто бугунги кунда ҳам айримлар  жоҳиллик, бошқа бировлар эса билиб турган ҳолда диний таълимотни афсона деб аташади.
  2. Қуръони карим одамларни ӯтган қавмлар тарихини ӯқиб-ӯрганшга, зулмкорларнинг тақдири билан танишиш учун ернинг турли минтақаларига сафар қилишга, уларнинг қисматидан ибрат олишга даъват этади.
  3. Аждодлардан қолган ёдгорликлар авлодларнинг ибрат олишлари учун зарурдир.)

Media

Add comment


Security code
Refresh