Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Monday, 01 February 2016 08:48

Нур томон йўл-670

Нур томон йўл-670

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 36-37-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

 

فَلَمَّا جَاءَ سُلَيْمَانَ قَالَ أَتُمِدُّونَنِ بِمَالٍ فَمَا آتَانِيَ اللَّـهُ خَيْرٌ مِّمَّا آتَاكُم بَلْ أَنتُم بِهَدِيَّتِكُمْ تَفْرَحُونَ ﴿٣٦ ارْجِعْ إِلَيْهِمْ فَلَنَأْتِيَنَّهُم بِجُنُودٍ لَّا قِبَلَ لَهُم بِهَا وَلَنُخْرِجَنَّهُم مِّنْهَا أَذِلَّةً وَهُمْ صَاغِرُونَ ﴿٣٧

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки, (элчиси) Сулаймонга келганида, у: «Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз. (36) (Эй элчи!) Сен уларга қайтиб бор. Бас, албатта, Биз улар бас кела олмайдиган қўшин ила борурмиз ва у ердан уларни хору зор ҳолларида чиқарурмиз», деди. (37)

Ӯтган суҳбатимизда Сабо маликаси  ҳазрат Сулаймоннинг мақсади мол-дунё ёхуд бошқа нарса эканлигини аниқлаш мақсадида  унга ӯз элчилари орқали қимматбаҳо совғалар юборди, деб айтган эдик. У ӯз элчиларига Сулаймоннинг қандай аксуламал кӯрсатишини кузатиб унга хабар беришларини топширган эди.

Бу ояти карималарда келтирилишича ҳазрат Сулаймон совғаларни кӯргач қувонишнинг ӯрнига уни пора деб ӯйлаб деди: Мени мол-дунёталабгори билиб бу совғаларни келтирдингларми? Сиз келтирган нарса Худо менга ато айлаган неъмат наздида арзимасдир.

Мақсадим сизларни Ҳақ наздида таслим қилиш эди. Таслим бӯлмасаларинг сон-саноқсиз қӯшин билан юртингизга кириб бориб, сизлардан ҳукумат ва қудратни тортиб оламан. Сиз совғалар юбориб мени алдаш ӯрнига мактубимга жиддий эътибор қаратиб, мендан пайғамбарлигим ҳақида исбот-далил талаб қиласиз, деб ӯйлагандим.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни ӯргатади:

  1.  Аллоҳнинг дӯстлари қилаётган амалларидан моддий манфаат кутмайдилар. Улар Илоҳий мақсад ва масъулиятларини дунёнинг мол-матосига алмаштирмайдилар.
  2. Бошқалар билан муомалада мантиқдан фойдаланиш лозим. Аммо Ҳаққа таслим бӯлмаганларга нисбатан баъзан куч ишлатишга тӯғри келади.
  3. Аввалги динларда ҳам жиҳод тушунчаси мавжуд эди.

Энди “Намл” муборак сураси  38--ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ أَيُّكُمْ يَأْتِينِي بِعَرْشِهَا قَبْلَ أَن يَأْتُونِي مُسْلِمِينَ﴿٣٨ قَالَ عِفْرِيتٌ مِّنَ

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

У (Сулаймон): «Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга у(малика)нинг тахтини келтира оладир?» деди. (38)

Қуръони каримнинг тафсирларида келтирилишича, Сабо мамлакати маликасининг элчилари Сулаймон алайҳиссалом билан мулоқот қилишгач, ӯз юртларига қайтиб, улар келтирган ҳадяларга нисбатан ҳазрат сулаймоннинг муносабатини малика Билқисга айтиб беришди. Шунда Сабо маликаси аъёну ашрофлари билан шахсан ӯзи ҳазрат Сулаймоннинг ҳузурига бориб, у билан курашмоқчи эмаслигини эълон қилишга қарор қилди.

Ҳазрат Сулаймон Илоҳий илм воситасида маликанинг бу қароридан хабардор бӯлди. Шу сабабли Илоҳий қудратни маликага намойиш қилиш учун дарбор аҳлига малика Шомга етиб келмасидан олдин унинг Ямандаги тахтини Шомга, ҳазрат Сулаймон қасрига келтиришлари топшириғини берди.

 Бу ояти карима бизга қуйидагиларни таълим беради:                                         

  1. Илоҳий пайғамбарлар ғайб илмидан огоҳ бӯлиб ӯрни келганда ундан фойдаланадилар.
  2. Узоқ масофани оз фурсатда босиб ӯтиш бошқаларнинг ҳам қӯлидан келадиган иш. Шу сабабли ҳазрат Сулаймон бу ишни сарой аҳлига топширди.

Энди “Намл” муборак сураси  39-40--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

الْجِنِّ أَنَا آتِيكَ بِهِ قَبْلَ أَن تَقُومَ مِن مَّقَامِكَ ۖ وَإِنِّي عَلَيْهِ لَقَوِيٌّ أَمِينٌ ﴿٣٩ قَالَ الَّذِي عِندَهُ عِلْمٌ مِّنَ الْكِتَابِ أَنَا آتِيكَ بِهِ قَبْلَ أَن يَرْتَدَّ إِلَيْكَ طَرْفُكَ ۚ فَلَمَّا رَآهُ مُسْتَقِرًّا عِندَهُ قَالَ هَـٰذَا مِن فَضْلِ رَبِّي لِيَبْلُوَنِي أَأَشْكُرُ أَمْ أَكْفُرُ ۖ وَمَن شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ ۖ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ ﴿٤٠

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор», деди. (Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга ҳам ишлатилади.) (39) Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки, у(Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди. (Уламолар «китобдан илми бор шахс»нинг кимлиги ҳақида кўп фикрлар айтганлар. У Тавротни, Исмул Аъзамни биладиган, Лавҳул Маҳфуздан хабардор эди, деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Пайғамбаримиз (с. а. в.) айтмаганларидан кейин, ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор», деб айтибди, у ёғини ўзи билади, дейишимиз тўғридир.) (40)

Сарой аъёнларидан икки нафари Сабо маликаси тахтини жуда қисқа фурсатда Ямандан Шом мамлакатига келтиришга тайёр эканликларини айтишди.Улардан бири ҳазрат Сулаймон саройида ходимлик қилаётган жин эди. У ушбу мажлис тугаб, ҳазрат Сулаймон тахтдан тургунларича малика Билқиснинг тахтини Ямандан етказиб келишини айтди.

Аммо ҳазрат Сулаймоннинг вазири бӯлган, унинг вафотидан сӯнг тож-тахтига ворислик қилган Осаф бин Бархиё кӯз очиб-юмгунча маликанинг тахтини етказиб кела олишини эълон қилди. Қисқа муддатни таклиф қилгани учун пайғамбар бу маъмуриятни Осафга топширди. У бир зумда Билқиснинг тахтини ҳазрат Сулаймон ва сарой аъёнлари наздида ҳозир айлади.

 Пайғамбарнинг шогирди ва қӯл остидагилардан бири, яъни Осаф томонидан бажарилган бу ғайриоддий амал кибр-ғурурга сабаб бӯлиши мумкин эди. Бунинг олдини олиш учун ҳазрат Сулаймон Аллоҳнинг номини тилга олди. У кенгаш аҳлига бу муваффақиятлар бизга ато этилган илоҳий қудрат натижасидир, бунинг учун парвардигорга гарчи У бизнинг шукроналаримизга эҳтиёж сезмасада, шукроналар келтиришимиз лозим, деган ишорани қилди.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Инсон Илоҳий илмдан фойдаланиб, табиат ва унинг қонунларини ӯз фойдасига бошқара олиши мумкин.
  2. Одамизод фарзанди бугун фан-техниканинг ютуқларидан фойдаланиб бирор-бир киши ёхуд ашёнинг овоз ва тасвирини ер куррасининг исталган нуқтасида пайдо қилиши мумкин. Ӯша нарсанинг ӯзини  исталган жойда пайдо қилиш ҳам қийин иш эмас. Аммо аҳли башарнинг илми ҳозирча бундай амални бажаришга қодирмас.
  3. Ӯзимизнинг чекланган илм ва қудратимизга бино қӯймайлик, бу бизга тегишли эмас, балки бизга ато этилган Илоҳий неъматдир.                                  

                               

Media

Add comment


Security code
Refresh