Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Thursday, 21 January 2016 13:10

Нур томон йўл-669

Нур томон йўл-669

Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 29-31-ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

 

قَالَتْ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ إِنِّي أُلْقِيَ إِلَيَّ كِتَابٌ كَرِيمٌ  ﴿٢٩﴾ إِنَّهُ مِن سُلَيْمَانَ وَإِنَّهُ بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ  ﴿٣٠﴾ أَلَّا تَعْلُوا عَلَيَّ وَأْتُونِي مُسْلِمِينَ  ﴿٣١﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди. (Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини айтмоқда.)  (29) Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.  (30) Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди.  (31)

 Ӯтган суҳбатимизда ҳазрат Сулаймон Сабо мамлакати аҳолисининг қуёшга сиғиниши ҳақидаги хабарни эшитгач, мактуб ёзиб, бу мактубни етказишга Ҳудҳудни масъул қилиб тайинлади, деб айтган эдик. Ҳудҳуд Сабо маликасининг қасрига кириб бордида, мактубни малика наздига қӯйди.

Бу ояти карималарда буюрилади: Сабо маликаси бу бежирим қуш келтирган мактубга эътибор қаратди. Унинг муҳим масалалар юзасидан кенгашадиган маслаҳатчилари бор эди. Маслаҳатчиларини чақириб, уларнинг ҳузурида мактубни ӯқиди.

Мактуб Аллоҳнинг номи билан бошланиб, унда икки масалага эътибор қаратилган эди: биринчиси Ҳақ даъватига таслим бӯлиш, иккинчиси ҳазрат Сулаймон ҳукуматига нисбатан саркашлик қилмаслик.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни ӯргатади:

  1. Ҳар бир ишни меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлашимиз лозим. Ҳатто ғайридинларга мактуб ёзишда ҳам Бисмиллаҳир раҳманир раҳим ни унутмаслик керак.
  2. Ӯзига бино қӯйиш инсоннинг Ҳаққа таслим бӯлиши заминаларини барбод этади.

Энди “Намл” муборак сураси  32-33--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَتْ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ أَفْتُونِي فِي أَمْرِي مَا كُنتُ قَاطِعَةً أَمْرًا حَتَّىٰ تَشْهَدُونِ  ﴿٣٢﴾ قَالُوا نَحْنُ أُولُو قُوَّةٍ وَأُولُو بَأْسٍ شَدِيدٍ وَالْأَمْرُ إِلَيْكِ فَانظُرِي مَاذَا تَأْمُرِينَ  ﴿٣٣﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У: «Эй аъёнлар! Менга бу ишимда фатво беринглар. Сизлар шоҳид бўлмагунингизча, мен бир ишга қатъий қарор қилмасман», деди.  (32) Улар: «Биз куч-қувват эгаларимиз ва шиддатли азму шижоат эгаларимиз. Иш ўзингга ҳавола. Нима амр қилишингни ўйлаб кўр», дедилар.  (33)

Ҳазрат Сулаймоннинг мактубини ӯқигач, донишманд ва оқила аёл бӯлган Сабо мамлакатининг маликаси  кенгашда қатнашаётган ҳукумат ва лашкар мулозимларидан нима жавоб ёзиш кераклигини сӯради. Табиийки, маслаҳатлашиш унинг ҳазрат Сулаймонга ақл ва тадбир ила жавоб қайтаришига кӯмаклашарди.

Маликанинг сиёсий ва ҳарбий маслаҳатчилари ӯзларининг ҳарбий қудратларига ӯта бино қӯйиб,Сулаймонга қарши курашишга тайёр эканликларини билдиришди. Улар мактубнинг мазмунидан Сулаймон бизга қарши жанг эълон қилган, деган хулоса чиқаришганди. Шу сабабли ҳарбий мулозим сифатида жанг қилишни маслаҳат бериб, аммо сӯнгги қарорни қабул қилиш малика ихтиёрида эканлигини илова қилишди.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Ҳар бир мамлакат учун ҳарбий қудрат ва имкониятларнинг мавжудлиги лозимдир. Аммо бу куч-қудратлар Ҳақни қабул қилишга тӯсиқ бӯлмаслиги керак.
  2. Ҳукумат юритиш ишларида кенгашиш зарурий ҳолдир. Аммо  бошбошдоқликка йӯл қӯймаслик учун сӯнгги қарорни бир киши қабул қилиши лозим.                                

Энди “Намл” муборак сураси  34-35--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قَالَتْ إِنَّ الْمُلُوكَ إِذَا دَخَلُوا قَرْيَةً أَفْسَدُوهَا وَجَعَلُوا أَعِزَّةَ أَهْلِهَا أَذِلَّةً ۖ وَكَذَٰلِكَ يَفْعَلُونَ  ﴿٣٤﴾ وَإِنِّي مُرْسِلَةٌ إِلَيْهِم بِهَدِيَّةٍ فَنَاظِرَةٌ بِمَ يَرْجِعُ الْمُرْسَلُونَ  ﴿٣٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У: «Албатта, подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар.  (34) Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар», деди.  (35)

Сабо маликаси мамлакатининг аъёну ашрофларининг фикрини тинглаб, уларнинг юзма-юз қаршилик кӯрсатишга тайёр эканликларини билгач, ӯз қарорини шундай баён қилди: Уруш вайроналик ва кулфатлар келтиради. Шуҳратпараст ҳокимлар қайси шаҳарга бостириб киришса, одамларнинг уй-жойларини хароб айлаб,  эркакларни қириб ташлашади ёхуд асир олишади. Аёллар ва болалар эса овораю сарсон этилади.

Шу сабабли жанг эълон қилишнинг ӯрнига бу мактубдан мақсади нима эканлигини аниқлаш учун муқобил томондан янада кӯпроқ маълумот олишга ҳаракат қилишимиз лозим. У ҳазрат Сулаймонга арзирли ҳадялар жӯнатиб, унинг кейинги муносабатларини кузатишга қарор қилди.  “Жанг қилишни истамаслигимизни билдирадиган ҳадялар билан иш тугайдими ёки улар ростакамига Сабо мамлакатини босиб олишни ният қилишганмикин?!  Сулаймоннинг кейинги муносабатига қараб, у билан жанг қилиш ёки бошқа бир йӯл тутиш лозимлиги ҳақида сӯнгги қарорга келиш мумкин.

Эҳтимол, Сабо маликаси қимматбаҳо совғалар юбориш йӯли билан ҳазрат Сулаймонни синаб кӯрмоқчи эди: Бу ростдан ҳам ӯзи иддао қилаётганидек Аллоҳнинг пайғамбарими ёки бойлик ва шон-шуҳрат илинжида юрган баднафс бир подшоҳми?! Зеро, у Илоҳий пайғамбарлар дунёнинг мол-матосига алданиб, ӯз таблиғ ишларидан воз кечмасликларини яхши биларди. Қудрат ва мол-дунёга эришиш учун ҳар қандай паткашликдан ҳазар қилмаслик  эса бу шуҳратпараст подшоҳларнинг иши.

Бу ояти карималар бизга қуйидагиларни таълим беради:                                   

  1. Жанг ва қон тӯкишларни барпо қилиш, фисқ-фасодни ривожлантириш Илоҳий бӯлмаган ҳукуматларга хос хусусиятдир.
  2. Эҳтиёт бӯлишимиз лозим, баъзида бизга тақдим қилинаётган совғалар Ҳақни беркитиш  мақсадидаги пора ёхуд бизни синаш учун ишлатилган ҳийла  бӯлиб чиқиши ҳам мумкин.

Media

Add comment


Security code
Refresh