Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Tuesday, 05 July 2016 14:00

Биз билан Эронга келинг

Биз билан Эронга келинг

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

 Муҳтарам мухлислар, ўтган суҳбатимизда сизни Хуррамобод шаҳридаги айрим тарихий обидалар билан таништирган эдик.

Гирдоби санги ,  Шопур кўприги ва Шопурхост харобалари,.

Хуррамободнинг жоме масжиди шулар жумласидандир.

Хуррамобод шаҳри табиий жозибалар жиҳатидан ҳам диққатга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтган эдик. Эрон юртининг ушбу қисмидаги табиий гўзаликлар билан ошно бўлиш фойдадан холи эмас. Хуррамободдаги Кив кўли  Луристон вилоятининг ягона ва энг гўзал бўлган  кўлларидан ҳисобланади.  

Нужён шаршараси Хуррамобод жануби-шарқидан 30 километрлик узоқликда  ва Нужён номланган ўрмонли туманда жойлашган. Ушбу  шаршаранинг баландлиги 95 метр бўлиб, Эроннинг энг баланд шаршараларидан бири ҳисобланади. Ушбу шаршара  Нужён  ўрмон сайёҳлик масканида жойлашган  бўлиб, Луристон вилоятининг энг гўзал табиий жозибаларининг  биридир. Уни кўриш учун ҳар йили  турли жойлардан сайёҳлар ташриф буюришади. Нужён ўрмон сайёҳлик маскани Тоф тоғи устида  жойлашган ва ушбу тоғда турли шифобахш гиёҳ ва ўсимликлар мавжуд. Айниқса, мазкур тоғнинг табиат манзараси ва гўзал шаршараси ҳайратланарли ва кўришга сазовордир. Кўплаб одамлар доимий тарзда ушбу шаршарани томоша қилиш ва шифобахш гиёҳлар териш учун Нужён туманига боришади ва дам олиш вақтларини ўша ерда ўтказишади.

Луристон вилоятида кўплаб ғорлар ҳам мавжудки, аввалги инсонларнинг яшаш жойлари бўлган. Ушбу ғорлар кўплаб сайёҳ ва археологлар диққатини  доимо ўзига жалб қилиб келмоқда.

Азизлар, Луристон вилояти бўйлаб сайёҳатимиз давомида сизни Буружерд  тумани билан таништирамиз. Буружерд ушбу вилоятнинг  энг йирик ва гўзал туманларидан биридир. Мазкур туман тоғли бўлгани боис об-ҳавоси мўътадил ва салқиндир. Денгиз сатҳидан ушбу туман қарийб 1500 метр баландликда жойлашган. Аммо жануб томонига борган сари унинг баландлиги  ҳам камаяди. Туманнинг маркази Буружерд шаҳридир ва тарих давомида ушбу шаҳарда кўплаб воқеалар бўлиб ўтган. Буружерд шаҳрининг  қандай шакллангани ва вужудга келиши тўғрисида  тарихчилар турли нуқтаи  назарларни билдиришган. Айримлар мазкур минтақанинг ям-яшил ва  манзарали бўлгани боис унда одамлар қўним топишганини айтишади. Бошқаларнинг ақидаларига кўра,  Буружерд шаҳрининг асосчиси  сосонийлар шоҳларидан бири Фируз бўлган.  Ислом зуҳуридан кейин ва ҳижрий тўртинчи  асрда  Абу Исҳоқ  Иброҳим бин Муҳаммад Истахрий “Масолик улмамолик” китобида  Буружерд , унинг ҳудудлари ва географик вазияти борасида маълумот берган. Ушбу китобда Буружерд йирик шаҳр ва юмшоқ иқлимга эга эканлиги таъкидланган. Неъматдан тўла ушбу шаҳарнинг мевалари бошқа жойларга ҳам сотиш учун  юборилган  ва унинг ерларида хурмо ва заъфарон яхши ҳосил берган.

Буружерд тумани аҳолисининг иқтисодини минтақа ва минтақа ортида бўладиган савдо-сотиқлар, хурмо савдоси, деҳқончилик ва чорвадорлик, идора ва давлат хизматларини амалга ошириш, саноат ва минерал маҳсулотлар ташкил этади.Хос жуғрофик мавқега эга бўлгани  ва серқатнов йўллар бўйида қарор топгани ҳамда Лур музофоти ва унга яқин  минтақаларга борувчи  йўлларга яқин бўлгани боис Буружерд шаҳри  ўтган асрлар давомида  минтақанинг муҳим тижорат марказларидан бири бўлган.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Буружерд шаҳрининг йирик бозори кўплаб  тижорат моллари ва карвонсаройларга эга бўлган. Бугунги кунда  мазкур минтақада қишлоқ хўжалик  ва  чорвадорлик соҳалари ривожланиши билан биргаликда  Буружерд шаҳри анъанавий тарзда Эрон ғарбида савдо-сотиқнинг қутбларидан бири ҳисобланади ва ушбу шаҳарнинг бозори бугунда ҳам йирикдир  ва  шиддат билан равнақ топиб бормоқда.

Буружерд  туманидаги баланд тоғлар ва қор билан қопланган чўққилар мазкур минтақада оқувчи дарё ва анҳорларнинг асосий манбалари ҳисобланишади. Мазкур минтақадаги дарёлар ва булоқларнинг кўплиги на фақат ерларнинг унумдорлигини оширишган, балки гўзал  табиий манзараларни вужудга келтиришган.

Суҳбатимиз давомида сизни мазкур минтақанинг табиий жозибалари билан ошно этамиз. “Уштронкуҳ” минтақаси Луристон вилоятида  қўриқланган минтақалардан бири ҳисобланади. Унинг масоҳати 55 минг гектардан кўпроқ майдонни ташкил этади ва Дуруд, Алигударз ва Азно туманлари ўртасида жойлашган. “Уштронкуҳ” Аллоҳ берган гўзал табиий жозибалар билан қопланган. Мазкур минтақада ўсадиган турли гул ва гиёҳлар  ифорли бир фазони яратишганки, ўнлаб киломертгача ушбу атирли  ҳавони сезиш мумкин.

 Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

Media

Add comment


Security code
Refresh