Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 09 July 2016 13:47

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимиз буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Бедил xалқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларни кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди.

Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил ката меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдирганини айтадилар. Бедил Деҳлида ўттиз йил яшайди, шу давр мобайнида сермаҳсул ва сермазмун ижод қилади, адабий ва фалсафий асарлар яратади, ўз асарларини “Қуллиёт”га тўплаб, ўзи кўчиради ҳамда ўткир зеҳн ва идрокининг ажойиб маҳсулотини халққа тортиқ қилади.

Бедилнинг ижтимоий масалаларга оид қарашларида маърифатпарварлик, мурувват ва одамийлик асосий ўринни эгаллайди.

Аҳмад Дониш Бедилнинг илғор ижтимоий-фалсафий ғояларини ўрганган, улардан ижтимоий ҳаётдаги камчиликларга қарши олиб борган курашида фойдаланган, илғор ғояларни оммалаштиришни ўз бурчи деб билган. Фурқат эса шоирнинг фан, маърифат, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳақидаги ғоясини ўрганган, улардан дунёвий билимларни ўрганиш, халқни маърифатга чорлашда самарали фойдаланган.

Бедилнинг ижтимоий тузум ҳақидаги қарашлари Муқимий, Асирий ва бошқа мутаффакирларни ҳам қизиқтирган.

 Жаҳон шарқшунослик фанида Бедил ҳаёти ва ижодига бағишланган ишлар кўлами ва илмий савиясини кўз олдимизга келтирар эканмиз, олимларнинг олиб борган ишларини илмий-назарий жиҳатдан ҳам, методологик тадқиқ нуқтаи назаридан ҳам биринчи ўринга қўйишимиз зарур. Бу борада ХХ асрнинг етук бедилшунос олими, устоз С.Айнийнинг хизматлари беқиёсдир.

С.Айний жаҳон бедилшунослик фанида биринчи бўлиб монография ёзган улкан адабиётшунос ва забардаст ёзувчидир. Унинг тадқиқотлари 1946-1947 йиллар давомида матуботда эълон қилиниб, 1854 йили “Мирзо Абдулқодир Бедил” номида китоб

ҳолида босилди.

Ўзбекистонда Бедил ижоди бўйича қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди. Айниқса, бу ўринда файласуф олим И.М.Мўминовнинг илмий ишлари ва “Мирзо Бедилнинг фалсафий қарашлари” рисоласини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Муаллиф ушбу асарни ёзишда Бедил поэтикасидан кўпгина мисоллар келтириб, ўз фикр-мулоҳазаларини шеърий далиллар мисолида қувватлайди.

Ўзбек шарқшунос олимларидан профессор Ш.М.Шомуҳамедовнинг Бедилга бағишланган мақолалар туркуми, шоир лирик меросидан қилган таржималари тақдирлашга лойиқдир. Чунки ана шу тадқиқот ва таржималар туфайли кенг ўзбек китобхонлари Бедил ижоди билан яқиндан танишдир. Шунингдек, ХХ асрнинг 70-йилларида И.Низомиддиновнинг “Мирзо Абдулқодир Бедил” (1970), Ш.Шукуровнинг “Мирзо Бедилнинг поэтик мероси” (1979) каби рисолалари яратилди. Ушбу асарларда Бедилнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида фикрлар юритилган.

 Мавзуни  таҳлилчи   Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Ишқ доғи каби нурга ниқобдир, юрагим,

Ойина каби дард ила софдир, юрагим.

 Ҳар лаҳза бир ухлаб яна тез уйғонадур,

Ҳар дам иши роҳат ва азобдир, юрагим.

 Мавжланганидан ким ани сарчашма демиш,

Сарчашма эмас, асли саробдир, юрагим.

 Паймонаси лим тўлди бўлиб пайдо шаҳд,

Мулкингда умрдоши ҳубобдир, юрагим.

Кел!.. Ўт бер, алангамни томоша айла,

Лов ёнмаса, умри не ҳисобдир, юрагим.

Сен сўрадинг, бердим юлиб кўксимдан,

Лаълинг бу савол, унга жавобдир, юрагим.

Шабнам каби сув оламидандир гоҳи,

Гоҳ мисли қадаҳ ичра шаробдир, юрагим.

 Умрим неча дам? Тинмай урар билмакка,

Чин касби саноқ, кори ҳисобдир, юрагим.

 Умримни хаёл этсам, ҳеч йўқдир самари,

Ёнғин нафасим, шунга кабобдир, юрагим.

 Кўз-кўз қиладир дарё пуфакларни неча,

Васл кўзгусиман, аммо ҳижобдир, юрагим.

 Тош ойинаву, томчи гуҳар бўлди, бироқ

Афсус, ҳамон хонахаробдир юрагим.

Минг томир ила чирмади ғафлат, гарчи,

Бедил, неча ҳикматга китобдир, юрагим.

Мустақиллик йилларида Мирзо Бедилнинг ғазаллари, ҳикматлари, рубоийлари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, республика вақтли матбуоти саҳифаларида чоп этилди ва этилмоқда.

2005 йилда Бедилнинг “Шавқингни ёд этиб” ғазаллар, рубоийлар ва достонлари тўпланиб нашр этилди. Шунингдек, 2007 йилда Матназар Абдулҳаким томонидан ғазаллари форсийдан ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ҳумо парвози” номли китоби чоп этилди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh