Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 02 July 2016 14:12

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимиз буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

 Мирзо Бедил ўз асарларида шоҳларни мақтамади, шахзодалар шаънига шеър айтмади, балки у деҳқончилик ва деҳқонлар ҳақида, касб ҳам косиблар ҳақида ҳурмат ва эҳтиром билан шеърлар тўқиди, ғазаллар ёзди. Мирзо Бедил “ғайб” масалалари, диний ақида-ақоидлар ҳақида эмас, балки реал жамиятга оид масалалар ҳақида ўйлади.

Мирзо Бедил ўзининг “Ирфон” асарида ҳаётнинг, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда инсоннинг келиб чиқиши тўғрисида, ўсимликлар, ҳайвонлар ва инсонлар ҳаётининг бир-бирларига ўзаро боғланганликлари тўғрисида, махсус объектив қонун, хусусийланиш, фарқланиш (имтиёз) қонуни борлиги тўғрисида қимматли маълумотлар беради.

Бедил xалқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларни кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди.

Манбаларда берилишича, Бедил ҳазратлари 130 минг мисрадан ортиқ шеърий, эллик босма табоқ ҳажмда насрий мерос қолдирган. Шоирнинг асосий шеърий асарлари жамланган “Қуллиёт”и, шунингдек, “Тилсими ҳайрат”, “Таркибот ва таржеъот”, “Муҳити аъзам”, “Тури маърифат”, “Ишорат ва ҳикоёт”, “Риқаъот”, “Чор унсур”, “Ирфон”, “Нукот”, “Ғазалиёт”, “Рубоиёт” каби назмий ва насрий асарлари мавжуд.

Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил ката меҳнат қилди. Унинг 3861 рубоий ёзиб қолдирганини айтадилар. Бедил Деҳлида ўттиз йил яшайди, шу давр мобайнида сермаҳсул ва сермазмун ижод қилади, адабий ва фалсафий асарлар яратади, ўз асарларини “Қуллиёт”га тўплаб, ўзи кўчиради ҳамда ўткир зеҳн ва идрокининг ажойиб маҳсулотини халққа тортиқ қилади.

Мирзо Абдулқодир Бедил 1721 йил 5 декабрда дунёдан кўз юмади ва Ҳиндистон халқларининг одатига кўра, буюк сиймо сифатида танилгани туфайли ўз уйига дафн этилади.

Шоир ўзининг олижаноб фикр ва ғояларини, оддий инсонларга бўлган меҳр-шафқатини ва айни пайтда, қабоҳат ва истибдодининг жирканчлигини, эркин орзу ва ҳаёллар ошиғи эканлиги ўзининг “Комде ва Мудан” достонида маҳорат билан тасвирлаб беради.

Бедилнинг ижтимоий масалаларга оид қарашларида маърифатпарварлик, мурувват ва одамийлик асосий ўринни эгаллайди. Ҳиндистон билан Туркистон ўртасида қадимдан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқа бўлган. Бу Туркистонда Бедил асарларининг тарқалишига кенг йўл очган, аммо турли ижтимоий гуруҳ вакиллари шоир меросидан ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар. Бедил асарларида Туркистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги алоқага доир маълумотлар ҳам кўплаб учрайди.

У “Чор унсур” асарида Жайхун (Амударё), Туркистон тўғрисида, Самарқанддан Ҳиндистонга қавм-қариндошлари келганлиги тўғрисидаги маълумотларни келтиради. Жумладан, Матназар Абдулҳаким “Чор унсур”нинг таржимаси жараёнида Хоразм шаҳру қишлоқларига сафарлар қилганимизда ҳам бу эътиборнинг шоҳиди бўлдик дейди.

Бедил асарлари айниқса XIX асрдан Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Унинг фалсафий фикри бойлигидан Туркистонда “Абулмаъоний” (”Маънолар отаси”) деган ном олган. Унинг китобларини ўқиб берувчилар “бедилхонлар” деб аталган. Фурқат, Муқимий, Аваз, Аҳмад Дониш, Хислат ва бошқалар ўз ижодида Бедилнинг илғор фикрларидан фойдаланганлар.

Мавзуни  таҳлилчи   Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

 Паришон хотирим деб ғам яралмиш,

Яна чашмим туфайли нам яралмиш.

 Қилур мавж гавҳару оина жавҳар,

Ажаб, беорзу дил кам яралмиш.

 Атарлар ғунча поймолини гул деб,

Не ҳол, шодлик аро мотам яралмиш.

Сабо тўзғитгудек бир кафт тупроқ

Қўшилгач қон ила, одам яралмиш.

 Қошимга келса гар фармони таслим,

Эгилгум, қошим асли хам яралмиш.

Агар хешлик учун пайдо бу олам,

Менинг кўнглимга кўнглим ҳам яралмиш.

 Дилнинг дардига йўқдир чора, Бедил,

Бўлиб соҳибмуҳр Ҳотам яралмиш.

Аҳмад Дониш Бедилнинг илғор ижтимоий-фалсафий ғояларини ўрганган, улардан ижтимоий ҳаётдаги камчиликларга қарши олиб борган курашида фойдаланган, илғор ғояларни оммалаштиришни ўз бурчи деб билган. Фурқат эса шоирнинг фан, маърифат, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳақидаги ғоясини ўрганган, улардан дунёвий билимларни ўрганиш, халқни маърифатга чорлашда самарали фойдаланган.

Бедилнинг ижтимоий тузум ҳақидаги қарашлари Муқимий, Асирий ва бошқа мутаффакирларни ҳам қизиқтирган.

 Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh