Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 26 June 2016 08:57

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугун  Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасидаги суҳбатнинг охирги қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бизни тинглаб боринг.

Шарқнинг улкан ва забардаст шоирлари сирасидан муносиб ўрин эгаллаган Мирзо Абдулқодир  Бедил форс-тожик адабиётида мумтоз адиб, жамиятшунос ва табиатшунос, файласуф олим сифатида шуҳрат қозонган мутафаккирдир. Мирзо Бедил ўзининг серқирра поэтик ижоди билан Ҳиндистон, Афғонистон ва Ўрта Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий ва бадиий тафаккури тарихида муҳим роль ўйнаган. У ҳаётлигидаёқ Ҳиндистоннинг фозил ва донишмандлари, шеършунос ва тазкиранавислари диққатини ўзига жалб этган файласуф шоирдир.

Ўрта асрлар давомида яратилган форс тилидаги улкан бадиий адабиёт ҳам, фалсафий асарлар ҳам, луғатлар ҳам, ахлоқ-одобга оид кўпгина рисолалар ҳам мана шу давлатлар халқларининг мероси саналса, унинг Мирзо Абдулқодир Бедил каби забардаст вакили тожик, афғон, ўзбек халқлари маънавий ҳаётида чуқур из қолдирди, унинг ижоди Ўрта Осиё мактабларида Ҳофиз, Навоий, Фузулий девонлари қаторида ўрганилди.

Мирзо Абдулқодир Бедил ўтмишнинг забардаст мутафаккирларидан бўлиб, Ўрта Осиё халқлари орасида кенг шуҳрат қозонган. Унинг кўп қиррали ижодида Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқаларнинг ифодаси бор: бу халқларнинг бир-бирларига самарали таъсири, инъикоси мавжуд.

Мирзо Абдулқодир Бедил форс-тожик адабиётида мумтоз адиб, ажойиб новатор, файласуф олим сифатида шуҳрат қозонди. Мирзо Абдулқодир Ҳиндистонда Банголиянинг Азимобод шаҳрида 1644йилда ҳарбий хизматчи оиласида дунёга келган.

Мирзо  Абдулқодир Бедил қунтли, тиришқоқ, меҳнатсевар, қобилиятли ва истеъдодли бўлганидан ёшлигиданоқ араб тилида машҳур “Қофия” китобини яхши ўзлаштириб олган ва форс-тожик адабий тилини мукаммал билган. У зийрак ва тийрак бола ёшлигиданоқ илму фанга катта қизиқиш зоҳир этади, у беш ярим ёшида мактабга боради ва етти ёшидаёқ савод чиқаради. Унинг ота-боболари Ўрта Осиёлик бўлиб, Шаҳрисабз ўзбекларидан эдилар.

Абдулқодир отадан бир ярим ёшида етим қолиб, ўз меҳрибон онаси ва амакилари Мирзо Қаландар ва Мирзо Зариф тарбиясида мустақил равишда ўз устида ишлайди, билимини кенгайтириб, ўстириб, юксалтириб, бойитиб боради. У ёшлигидан турли фанларга қизиққан. Шайх Камол, шоҳ Фозил ва Мирзо Абулқосим каби олимлардан таълим олган.

Ҳиндистон бўйлаб кўп саёҳат қилган, 1685 йилдан умрининг охиригача Деҳлида яшаган. Форс тилида ижод қилган. Араб, форс, ҳинд, урду тилларини мукаммал билган, шарқ халқлари адабиётини, тасаввуф ва юнон фалсафасини, айниқса Аристотель фалсафасини атрофлича ўрганган. 10 ёшидан бадиий ижод билан шуғулланган. Мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда яшаб-ижод қилган шоир ўз даврига бефарқ қарамаган, ҳиндлар ва мусулмонларнинг тинч-тотув яшашни, юртни обод, халқни тинч-осойишта, фароғатда, ҳамжиҳатликда кўришни орзу қилган. Инсон эркинлиги, тафаккури ҳақида фалсафий фикрлар баён этган. Унинг фалсафий- ахлоқий қарашлари тасаввуф ақидалари таъсирида шаклланган.

 Мавзуни  таҳлилчи   Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

 Бўлибдир ғамга ошён маскани дил,

Шу боис ғам келур, сўрсам: қани, дил?

 Кўзим мақсуди васлинг-у, қани кўз,

Дилим ёди ғаминг, аммо қани дил?

 Адашган корвонга қўнғироқчам,

На куйлар куйламасдан нолани дил?

 Киши йўқдир кишига зору муҳтож,

Вале дил тутганидир домани дил.

 Қадам қўйганда хоки турбатимга

Бўл огоҳким, оёғинг босгани дил.

 Агар-чи сувратим Бедилдир, аммо

Қилур бошдин-оёқашким мани дил.

Мирзо Абдулқодир Бедил дунёқараши тасаввуфнинг ваҳдат ул-вужуд таълимотига асосланади, яъни оламни Аллоҳнинг кўзгуси, инсон қалбини шу кўзгунинг маркази деб билади.

Қалб қанчалик сайқал топса, у шунча Аллоҳ нурини акс эттиради. Шу боис инсон буюк ва қудратлидир. Аммо буни унинг ўзи англаши лозим дейди.

И.Мўминов берган маълумотларга кўра, Мирзо Бедил савияси кенг, фаросати чуқур ёзувчи, зўр социолог эди. Унинг асарларида ижтимоий ҳаёт, замона-ижтимоий турмуш масалалари у ёки бу тарзда ўз инъикосини топди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh