Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 18 June 2016 14:13

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугун  Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасидаги суҳбатнинг охирги қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бизни тинглаб боринг.

Мусулмон Шарқи шеършунослигининг асосини аруз илми ташкил этади. Дастлаб араб олими Халил ибн Аҳмад томонидан вужудга келтирилган бу таълимот кейинчалик  Ахфаш, Абу Закариё ал-Хатиб Табризий ва  Абу Абдуллоҳ Хоразмий каби олимларнинг асарларида давом эттирилди.

Аруз илмий-назарий таълимот сифатида, айниқса, XIII-XV асрларда ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Бу даврда Шамс Қайс Розий, Носириддин Тусий, Воҳид Табризий, Юсуф Азизий, Абдураҳмон Жомий, Сайфий Бухорий[, Атоуллоҳ Ҳусайний, Шайх Аҳмад Тарозий, Алишер Навоий каби ижодкорларнинг асарлари арузнинг назарий асослари чуқур ва батафсил тарзда баён қилинганлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу асарлар орасида Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи аруз” ва Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асарлари алоҳида ўрин тутади.

Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи аруз” асари қачон яратилганлиги маълум эмас. Асарда Хожа Исматуллоҳ Бухорийдан байт келтирилганлиги ва унинг “раҳматуллоҳ” деб аталиши “Рисолаи аруз” асарининг Хожа Исматуллоҳ вафотидан сўнг, яъни XV асрнинг иккинчи ярмида яратилганлигини кўрсатади. Рисолада форсий арузга доир энг муҳим масалалар қаламга олинган. Маълумки, Абдураҳмон Жомийгача форс-тожик адабиётида аруз назариясига доир қонун-қоидалар акс этган кўплаб асарлар мавжуд эди. Хусусан, Шамс Қайс Розийнинг “Ал-мўъжам”, Носириддин  Тусийнинг “Меъёр ул-ашъор”,  Воҳид Табризийнинг “Жамъи мухтасар” каби асарларида форс-тожик арузи муайян даражада ўз ифодасини топган эди. Шу сабабли ҳам Жомий мазкур рисолада аруз назариясига доир энг муҳим масалаларгагина тўхталиб ўтади.

Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асари эса 1492-93 йилларда Жомий вафотидан сўнг яратилган. Навоий туркий тилдаги адабиётшунослик масалаларига бағишланган Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” асари билан таниш бўлмагани учун аруз назариясига доир қонун-қоидаларни туркий тилда илк марта баён қилаётганини алоҳида таъкидлайди, хусусан: “Ушбу асар ва ундаги муқаддимадан мақсад шуки, турк тилида шеърият пайдо бўлди, лекин унинг қонун-қоидалари ишлаб чиқилмаган эди”, – деб ёзаркан, туркий тилда аруз қонун-қоидаларига оид махсус асар йўқлигини айтиб ўтади.

Шунингдек, Алишер Навоий муқаддимада ўзидан аввал яратилган арузга доир манбалар: Халил ибн Аҳмаднинг “Китоб ул-айн”, Шамс Қайс Розийнинг “Ал-мўъжам”, Носириддин Тусийнинг “Меъёр ул-ашъор”, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи аруз” асарларига тўхталиб ўтиб, уларда мавжуд бўлмаган баъзи доира ва вазнларни ўз асарида келтириб ўтишини айтади.

Абдураҳмон Жомийда эса Аллоҳ таолога ҳамд айтилгач, тўғридан-тўғри аруз қоидалари баёни берилади. Юқорида айтганимиздек, бу ҳолат Жомийдан аввал бу мавзуда асарлар яратилганлиги билан боғлиқ.

Дастлаб аруздаги энг кичик бирлик – жузвлар ҳақида маълумот берилар экан, ҳар иккала асарда улар “рукн” истилоҳи остида келтирилади. Иккала муаллиф ҳам рукнларни 6 та деб ҳисоблайдилар: енгил ва оғир сабаб, бириккан ва ажралган ватад ҳамда кичик ва катта фосила.

Жузвлардан сўнг асл рукнлар таърифи келади, улар “асллар” ёки “усул” номи билан берилади. Иккала ижодкор ҳам асл рукнларни умумий ҳолатда 8 та деб келтирадилар.

 Ҳозир эса Мавлоно  Жомийнинг асарлари борасида   таҳлилчи   Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса Мавлоно Жомийнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Келди жавлон пайти, шўхи шаҳсуворим қайдадир?

Ҳар киши ёри билан, билмамки ёрим қайдадир?

 Ёр дийдори билан ҳар бир киши хурсанддир,

Мен нега ғам ёридирман, ғамгусорим қайдадир?

 Токи нозик жилвасидан ҳар гўзал бўлсин хижил,

Ноз ила бир жилва этсин, гулузорим қайдадир?

 Тобакай санқиб кезарман кўча-кўйда беқарор,

Жонга ором бергучи сабру қарорим қайдадир?

 Бир умр тупроқ ўлиб, йўлида чекдим мен фиғон,

Бир йўла ҳам айтмади, ул хору зорим қайдадир?

 Этагига нораво мендек ғубор, борми биров,

То йўқотсин кўз ёши-ла бу ғуборим қайдадир?

 Жомий ёридан йироқ, хуш бўлгай аммо гоҳида,

Айтса эрди кошки, ул интизорим қайдадир?

Таъкидлаб ўтганимиздек, Шарқ мумтоз шеърияти дунё бадиий тафаккурининг ўз жозибасига соҳиб, қудратли марказларидан бири. Жаҳонга шуҳрат таратган улуғ шоир-санъаткорларнинг аксарияти Шарқ шеърияти намояндалари эди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий улар даврасида алоҳида мавқе ва эътиборга эга.

Ҳазрат Жомий кенг қамровли ижодиётида Рудакийдан бошлаб то Ҳофиз ва Камол Хўжандийгача бўлган сўз санъаткорлари анъаналарини ижодий давом эттириб, форс-тожик шеъриятини янги поғонага кўтарган эди. Жомийдан кейин бадиий ижод тажрибасини теран илм ва ирфон, қоядай сарбаланд бутун шахсиятдан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолганди.

Асрдош ва издошларнинг Абдураҳмон Жомийга берган таъриф, тавсиф ва баҳолари бир жойга жамланса, наинки ўз замонида, ундан кейинги даврларда ҳам Жомийга тенг, Жомийнинг жойини эгаллашга муносиб Шахс таваллуд топмаган, деган хулосага келиш шубҳасиздир. Жомий шу қадар беназир, шу даражада ноёб шахсият.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh