Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 12 June 2016 11:06

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Шарқ мумтоз шеърияти дунё бадиий тафаккурининг ўз жозибасига соҳиб, қудратли марказларидан бири. Жаҳонга шуҳрат таратган улуғ шоир-санъаткорларнинг аксарияти Шарқ шеърияти намояндалари эди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий улар даврасида алоҳида мавқе ва эътиборга эга.
Жомий – шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф, мутасаввиф. Жомийдан кейин бадиий ижод тажрибасини теран илм ва ирфон, қоядай сарбаланд бутун шахсиятдан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолганди.
Абдураҳмон Жомий руҳониятида гўё замин ва само, ғайб ва шаҳодат олами бирлашиб, ажралмас бир уйғунлик касб этган. Жомий тасвирларида руҳ бир шуъла, бир нур ва бир зиёдир. Руҳ, шаклан гоҳ қирмизи, гоҳ қора, гоҳ оқ ё сариқ ўлароқ турли-турли рангларда кўринади. Бундай вақтларда у моддани тамсил этади. Зеро, руҳга ранг бергувчи моддадир. Руҳ учун вақт, замон деган чегара йўқ. Хаёл, тафаккур сингари парвози кўп осон ва енгил. Тафаккур қаерда бўлса, руҳ ҳам ўша ерда. Англайдиган, хатосиз тушунадиган руҳ бўлиб, тафаккур унга эргашувчи. Модда руҳга тўсиқ бўлолмайди. Руҳ ҳамма жойга бора олади, ҳаводан, сувдан, олов ва тупроқдан бемалол ошиб ўтади. Руҳ бўлиниб парчаланмайди, лекин қуёш ҳар томондан кўринганидек, руҳ ҳам айни бир пайтда турли жойларга парвоз айлашга қодир. Жомий нуқтаи назарида маъно эътибори ила инсон улуғ олам бўлгани боис Оллоҳ уни ҳаёт, илм, ирода, қудрат, ҳис этиш, кўриш, калом каби ўзининг сўнгсиз сифатларидан бир қанчасига шерик этган ва ўзини инсонда шу сифатлар ила билган, билдирган. Комил инсон, бу оламнинг руҳи ва олам унинг жасади янглиғдирки, доимо руҳни ахтаради, излайди, орзу қилади. Шунинг учун инсоннинг биринчи ва асосий вазифаси, маънавий-ахлоқий бурчи нафсу шаҳват офатларидан қутулмоқдир.

Абдураҳмон Жомий серқирра ва сермаҳсул истеъдод соҳиби. Илмда унинг асарлари сони элликдан ортиқлиги қайд этилган. Жомий мумтоз шеъриятнинг ғазал, рубоий, қитъа ва бошқа жанрларида илҳом билан ижод қилган. Ишқ, ирфон, комиллик ғояларини у янгича муносабат, янгича оҳанг ва бўёқларда тасвирлаб берган. “Менинг шеърим, – дейди у, – ишқ азоби ва қон ютишнинг баёнидир. Ғазал девони эмас улар, менинг қилган ишларим, чеккан ғам-ғуссаларим”.

Шоирнинг қалб ҳолати, изтироб ҳарорати, шахсий фазилатлари шеърда нечоғлик ёрқинроқ аксини топса, самимият ўшанча ортади. Шоир ҳамма нарсага инонтирса-ю, самимиятга, хусусан, дард ва изтироб самимийлигига инонтириб билмаса, қилган меҳнати бесамар. Анъанавий йўлда ижод қилишнинг қалтис жиҳатларидан бири ана шу. Қайси лирик жанрда қалам юритмасин, Жомий буни ҳисобга олган. Шунинг учун форс-тожик шеърияти Жомий тажрибалари тимсолида соддалик ва самимиятнинг янги марраларини ишғол айлаган эди дейиш мумкин.

Абдураҳмон Жомий ҳаёти ва ижодиёти дунёнинг қатор мамлакатларида кўплаб олимлар томонидан ўрганилган, асарларидан намуналар Ғарб ва Шарқнинг турли тилларига таржима қилинган. Жомийшунослик айниқса ХХ асрда Россия, Эрон, Тожикистон, Озарбайжонда анча тараққий топган. Бу ўринда Е.Э.Бертельс, А.Ҳикмат, А.Мирзаев, А.Насриддинов, А.Афсаҳзод, М.Ражабов, А.Сатторов, А.Гулиев каби рус, эрон, тожик ва озар олимларининг тадқиқотларини эслатиб ўтиш мумкин. Жомийшунослик бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган. Абдураҳмон Жомий ижодиёти муҳиблари таниқли олимлар П.Шамсиев, Ш.Шомуҳамедов, А.Ҳайитметов, А.Қаюмов, Н.Маллаев, Б.Валихўжаев, Р.Воҳидов, С.Ғаниева, Ҳ.Ҳомидий ва бошқаларнинг мақола, рисолаларидан, шунингдек, алоҳида илмий тўпламлардан яхши хабардордирлар, деб ўйлаймиз. Ўзбек китобхони неча ўн йиллардан буён Жомий адабий меросидан сараланган лирик шеърлар, айрим достон (баъзилари парча ҳолида) ва насрий асарларни она тилида ўқишга муваффақ бўлишган.

Ҳозир эса Европа тилларига Жомий асарларининг таржималари хусусида таҳлилчи   Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳазрат Жомийнинг маъно дуру гавҳарлари билан тўлиб-тошган ижод хазинаси бизга нечоғлик қадрли бўлса, унинг Алишер Навоий билан дўстлиги, устоз-шогирдлиги шу даражада эътиборли ва эҳтиромлидир. Бу – халқлар, адабиётлар, илм-фан, маданиятлар тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган ҳодиса. Жомий ва Навоийга ўхшаб дунёқараши – дунёқарашига, шахсияти – шахсиятига, маслаги – маслагига боғланиб, ижодиёти ва маҳорати ўзаро уйғунлик касб этган икки миллат, икки адабиёт вакилини тасаввурга келтириш қийин. Асарларида Навоий Жомий таърифида, Жомий Навоий мадҳида сўз юритар экан, уларнинг ҳар иккаласи ҳам гўё бир тафаккур иқлимида нафас олиб, бир дард ва шодлик гулшанида кезиб улуғ истеъдод, мислсиз бадиий ихтироларни шарафлаётганга ўхшайди. Навоийнинг Жомийга, Жомийнинг Навоийга қалб яқинлиги, меҳр-муҳаббати, ишончи қандай бўлган бўлса, дахл этмасдан уларга худди ўшандоқ ўрганиш, бир ёқлама, майда ёки ҳавойи фикр-қарашлардан қутулиб, ҳақиқатни сўзлаш лозим. Жомий ижодиётини ўқиб-ўрганмай, Навоий шаънига мадҳия тўқиш тарихий, ҳаётий, бадиий ҳақиқатга қанчалик зид бўлса, Навоий даҳосининг куч-қуввтини ҳис қилмай, ижодиётининг моҳият оламига кириб бормай Жомийнинг Навоийга таъсири хусусида мубоҳаса бошлаш шунчалик бемаъниликдир. Биз истаймизми, истамаймизми, Навоий Жомийга, Жомий Навоийга беҳад яқин – шахсиятда ҳам, ижодиётда ҳам. Бунга иқрор бўлиш учун фаҳм-фаросати жойида кишига биргина китоб – “Хамсат ул-мутаҳаййирин”ни ўқиб, мағзини англашга эришмоқ кифоя.
Илм-маърифатли халқ кимни севиш, кимларга ишониш, нимани ардоқлаш, нимага интилишни билишда унчалик хато қилмайди. Абдураҳмон Жомийнинг илмий-адабий мероси қадим-қадимдан ўзбек халқини қизиқтирган, ўқиб-ўрганишга иштиёқ уйғотиб келган. Ўн бешинчи ва ундан кейинги асрларда адабиётда ном қозонган бирор бир шоиримиз йўқки, Жомий шеърият мактабидан сабоқ олмаган бўлсин. Бу – тўхтаб қолмайдиган жараён. Бу – маҳдудлик, якравлик, ҳар турли товламачиликдан ҳамиша ғолиб чиқадиган интилиш. Хуллас, Ҳазрат Жомийнинг “Жаҳонда китобдин яхши ёр бўлмас”, деган гаплари яна бир карра тасдиғини топар, деб умид қиламиз.

 Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh