Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 29 May 2016 08:58

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Жомий тасаввуф илмининг чинакам билимдони, нақшбандийлик тариқига мансуб шайх, мутасаввиф шоир. Лекин у жаҳолат, риё йўлига кирган сўфийлар билан ҳеч муроса қилмаган. Ҳақ висолига эришиш иддаоси ила ҳамма нарсани йиғиштириб, сафсата сотишни касб этиб олган сўфий ва дарвешларни шоир деҳқоннинг бир томчи терига ҳам арзитмайди:

Ҳазар аз сўфиёни шаҳру диёр,
Ҳама номардумону мардумхор.

Корашон ғайри хобу хўрдан не,
Ҳечашон фикри рўзи мурдан не.

Мазмуни: Шаҳру диёрдаги бу сўфийлардан ҳазар қил. Уларнинг барчаси одамийлик қиёфасини унутган, одамийлик шаънини хорлаган кимсалардир. Ейиш-ичиш ва ухлашдан бошқа ташвишлари йўқ. Ҳатто ўлимни одамдай қаршилашни ҳам ўйлаб кўролмайдилар.
Халқни унутиб Ҳақ дегувчи, бу дунёга нафрат ила боқиб охират саодатига кўз тикувчилар Жомий маслагидан йироқ кимсалар эди. Бадбинлик, текинхўрлик, суратпарастлик, ортиқча шикасталик, маънавий мутеликларга у асло ён беролмасди. Оллоҳ ва пайғамбар, ишқ ва соф виждон ҳукми ила яшаш тарафдори эди.
Замондошларининг ишоратлари, хусусан “Рашаҳот айнул ҳаёт” муаллифининг хабарларидан англашилишича, Жомий расмий таҳсилини ниҳоясига етказиб, камолотга эришгач оила қуришни ихтиёр этиб, пири Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг қизига уйланиб, тўрт фарзанд кўрган. Тўнғич ўғли бор-йўғи бир кунгина умр кечирган. Иккинчи ўғли Сафиуддин Муҳаммад 1475 йилда таваллуд топган. Тўнғич чақалоқнинг ҳаётдан тез кўз юмиши Жомийни бу ўғилга қаттиқ боғлайди. Аммо бир йил ўтар-ўтмас у ҳам вафот қилади. Албатта, бу мусибат шоир қалбига фавқулодда ёмон таъсир ўтказади. Сафиуддин ўлимига бағишлаб у етти байтлик марсия ёзади. Унда шундай мисралар бор:

Рехтй хуни дил аз дидаи гирёни падар,
Раҳи бар жони падар н-омадат, эй жони падар!

Мазмуни: отангнинг гирён кўзларидан юрак қонларини оқиздинг. Отанг жонидан жой олгандинг нечун келмадинг, эй отангнинг жони!

Алишер Навоий устози кўнглига тасалли бериш ва айрилиқ оташини пасайтириш мақсадида Сафиуддин вафотига бир таърих ёзади. Орадан икки йил ўтади. Жомийнинг ёши 63 га тўлгач, 1477 йил оилада учинчи фарзанд дунёга келади. Икки ўғилдан жудо бўлган ота-онанинг ҳасратдан кейинги шодлигини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Янги туғилган ўғилга Зиёвуддин Юсуф деб ном қўйишади. 1486 йил Абдураҳмон Жомий хонадонида тўртинчи ўғил туғилади. Унга Заҳириддин Исо деб ном берилади. Қарангки, у ҳам узоқ яшолмайди. Шоир биргина ўғил – Зиёвуддин Юсуф билан қолади.
Зиёвуддин Юсуф тўрт ёшда экан, шоир унга атаб 1481 йилда бир панднома ёзиб, уни “Туҳфат ул-асрор” асарига киритади. Сўнг фарзандига мурожаат тарзида яна икки панднома яратади. Улар бугун ҳам таълим-тарбиявий аҳамиятини айтарли бой бергани йўқ.

Абдураҳмон Жомий серқирра ва сермаҳсул истеъдод соҳиби. Илмда унинг асарлари сони элликдан ортиқлиги қайд этилган. Жомий мумтоз шеъриятнинг ғазал, рубоий, қитъа ва бошқа жанрларида илҳом билан ижод қилган. Ишқ, ирфон, комиллик ғояларини у янгича муносабат, янгича оҳанг ва бўёқларда тасвирлаб берган. “Менинг шеърим, – дейди у, – ишқ азоби ва қон ютишнинг баёнидир. Ғазал девони эмас улар, менинг қилган ишларим, чеккан ғам-ғуссаларим”.

Шеъри ман Жомй, баёни ишқу хун хўрдан бувад,
Ин на девони ғазал, девони аъмоли ман аст.

Мавзуни  Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шоирнинг қалб ҳолати, изтироб ҳарорати, шахсий фазилатлари шеърда нечоғлик ёрқинроқ аксини топса, самимият ўшанча ортади. Шоир ҳамма нарсага инонтирса-ю, самимиятга, хусусан, дард ва изтироб самимийлигига инонтириб билмаса, қилган меҳнати бесамар. Анъанавий йўлда ижод қилишнинг қалтис жиҳатларидан бири ана шу. Қайси лирик жанрда қалам юритмасин, Жомий буни ҳисобга олган. Шунинг учун форс-тожик шеърияти Жомий тажрибалари тимсолида соддалик ва самимиятнинг янги марраларини ишғол айлаган эди дейиш мумкин.
Ҳаёт файзи, умрнинг сир-асрори, ишқ ҳикмати, ошиқлик ғам-азоби, маъшуқанинг нозу итоби, орифнинг сукути, ғарибнинг ҳасрати, фақирнинг шавқи, юлдузларнинг чарақлаши, ғурубнинг маҳзунлиги, туннинг шукуҳи, самовотнинг чексизлиги – буларнинг бариси шеър. Турфа кўзли булоқларнинг шилдираши, денгизларнинг сокин шовуллаши, шамолларнинг қўшиғи, япроқлар ва гулларнинг ўпишиши, булбулларнинг ноласи – бу мусиқа. Ваҳдати вужуд таълимотига таяниб Жомий ана шу ҳақиқат, манзара ва мусиқаларни инсон руҳи, қалби, тафаккур сирларини очишга хизмат қилдиради. Авомга мақбул, оломон савиясига мувофиқ тушадиган шеърни у суст ва хом шеър деб ҳисоблаган:

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Media

Add comment


Security code
Refresh