Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 21 May 2016 14:35

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт бешикларидан бўлган Ҳирот  шаҳридаги номдор мадрасаларда Жомий илм ўрганишга киришиб кетади. Қисқа муддатда наинки зоҳир илми, ботин илмида, хусусан, тасаввуф жабҳасида кўп билим эгаллашга эришади. Аммо шеърдан йироқлашмайди. Илм ва ирфонни шеърият хизматига сафарбар этишнинг энг таъсирчан йўллари, табиий, кўркам усулларини излайди. Фикр ҳаёти, руҳ завқи, кўнгил зиёсини Жомий ҳар нарсадан – ҳаттоки, маърифатдан ҳам афзалроқ кўради:

Маориф гар чу мў борик бошад,
Чй ҳосил з-он чу дил торик бошад?

Мазмуни: Маърифат сочдай нозик бўлса-да, юрак агар қорайган эрса, ундан нима натижа чиқади?

Жомий рубоийларидан бирида, қаердаки хона эшигидан даъво кириб келса, маъни шитоб билан туйнукдан чиқиб қочади дейди:

Ҳар жо зи дари хона даромад даъвй,
Маъни ба шитоб аз раҳи равзан бигурехт.

Шоирнинг ўзи эса бутун умри мобайнида даъво, иддао, шахсий ғараздан фориғ яшаган. Тафаккур, амал, муносабат, меҳр-муҳаббат холислигида Мавлоно Жомий само кишисидай таассурот қолдиради. У одам ва одамиятга нисбатан душманлик, беписандлик, золимликни умуман қабул қилолмайди. Унингча, бошқаларга ҳақсизлик ўтказиб, уларга паст назарда қараш итлик ва йиртқичлик. Бу итлик ва йиртқичликка сабаб ақлсизлик:

Ҳашм бо дигарон сагиву додйист,
В-ин сагиву додй зи бехирадйист.

Агар одамийлик кўз, оғиз, эшитиш ва кўриш билан белгиланса, девор нақшлари билан инсонийлик ўртасида ҳеч фарқ қолмайди. Чунки еб, ичиб, ётиб, ғазаб ва нафсга қул бўлиш инсонийлик оламидан бехабар, жаҳл зулматидан ҳеч қутулолмайдиган ҳайвонга ҳам хосдир:

Улкан ижодий шахсият ҳар қанақа шароит, жон эзувчи ҳар қандай вазиятда ҳам катта орзу-умид, ёруғ хаёллар билан яшайди. Бу ҳолат уни баъзан хилват ё узлатга ундаса, гоҳо сафар ва саёҳатларга чорлайди.

Хуллас, Жомий билимини такомиллаштириш учун Самарқандга йўл олади. Улуғбек мадрасасида ўқишни давом эттиради. Умумий маълумотларга кўра, машҳур қонуншунос олим хожа Фазлуллоҳ Абулайс, буюк мунажжим Қозизода Румий ёш толиби илмнинг қобилияти ва заковатига юқори баҳо берадилар. Султон Улуғбек ҳузуридаги бир йиғинда Қозизода Румий “Жомий каби баланд истеъдодли йигит ҳанузгача Амунинг нари ёғидан келмаган эди”, деган экан.

Самарқанд ҳаёти, Самарқанд илмий-адабий муҳити Жомийнинг дилида ўчмас из қолдирганди. Самарқанд унинг илмига илм қўшиб, инсоний фазилатларининг бойиши ва теранлашувига эркинлик берганди. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш керакка ўхшайди. Самарқандда ҳам, кейинроқ Ҳиротда ҳам бир неча маротаба Жомийни сарой хизматига таклиф қилишади. Шоир эса бу таклиф ва илтифотларни қатъиян рад этади. Чунки у ўзининг тарихий вазифаси ва бурчини беками кўст адо айлаш, виждон хотиржамлиги, қалб ҳуррияти, фикр эркинлигини сақлаб қолиш учун илмдан, адабиётдан ўзга бир “майдон”ни тасаввур қила олмасди. Бу эса илм, ижод, санъат одами учун энг асосийси.

Мавзуни  Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Зеро, эркинлик кетса, дардисар ташвишлар, эътиқодни бузиб, иродани емирувчи ҳар турли бало-қазолар ўз-ўзидан бостириб келаверади. Шуни эътиборга олиб бўлса керакки, мутафаккир шоир “Юсуф ва Зулайхо” достонида ўғлига қаратилган насиҳатларида, мансаб эшигига асло яқин йўлама, “ки аз ҳар мансабе бемансаби беҳ” – “ҳар қанақа мансабдан мансабсизлик яхши” деб ёзади.
Навоийнинг вазирлик мансабини тарк қилиб, саройдан кетишга қарор айлаганлигини билган Жомий ундан бунинг сабабини сўрайди. “Инсон жинси суҳбат ва ихтилотидин мамул бўлиб эрдим, бу ишга ул боис бўлди”, дейди Навоий. Шунда Жомий “Инсон кимни хаёл қилиб эрдинг, бизга дағи кўргуз?” – деб сўроқ ташлайди. Ушбу саволнинг ўзиёқ инсонпарвар шоирнинг, халқ моли ва жонини зулукдай сўрган мансаб аҳлига муносабатини ниҳоятда аниқ акс эттиради. Жомий мансабни эмас, мансабпарастликдан туғилажак бедодлик, ноинсофлик, разолаткорликларни қоралаган. Мартабада кўтарилиб, одамийликда буткул тубанлашган эрксиз-ихтиёрсиз гумашталар қиёфасида у миллат, салтанат таназзулини кўрган, деҳқон, ҳунарманд меҳнатини ўйлаб эса дилига ёруғ ҳислар оқиб келган.

Қуввати жону тан зи деҳқон аст,
Қути руҳу бадан зи деҳқон аст.

Гар наёбад жаҳон зи деҳқон баҳр,
Қаҳт хезад зи корхонаи даҳр.

Мазмуни: Жону таннинг куч-қуввати деҳқон эрур. Руҳ ва вужуднинг хайр-баракаси деҳқондир. Агар дунё деҳқон меҳнатидан баҳра топмаса, унинг корхонасида  қаҳатчилик бўлгай.

Жомий тасаввуф илмининг чинакам билимдони, нақшбандийлик тариқига мансуб шайх, мутасаввиф шоир. Лекин у жаҳолат, риё йўлига кирган сўфийлар билан ҳеч муроса қилмаган. Ҳақ висолига эришиш иддаоси ила ҳамма нарсани йиғиштириб, сафсата сотишни касб этиб олган сўфий ва дарвешларни шоир деҳқоннинг бир томчи терига ҳам арзитмайди:

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh