Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 08 May 2016 09:11

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Дарҳақиқат, ўтар дунёда ҳар ким ўзича бир нимага мубтало: кимдир мавқе ва мансаб учун роҳат-фароғатини фидо айлайди, кимдир обрў ва амалдан ажралгани учун изтироб чекади; биров бой-бадавлат экан, қашшоқликка йўлиққач, ўзини-ўзи қийнайди. Кимлардир шон-шуҳрат шавқида бошқаларни ер билан яксон айлашга уринади. Ҳирс, тама домига илинганлар қанча. Ҳосидлар фитна ва ғавғо қўзғаб ниятга эришиш ҳаракатидан қайтмайди. Кимдир ҳамма нарсага қўл силтаб риндлик қадаҳини қўлдан қўймайди… Хуллас, кўпчилик аҳамияти паст турфа-турфа эҳтирос асири, яъни кўзга кўринмас занжирга боғлиқ. Демак, яхшилик билан ёмонлик, тўғрилик билан эгриликни фарқлаш ҳам нисбийдир. Нега шундай? Бунинг туб сабаби нимада ва нимадан бошланиб, нима билан тугайди? Мусулмон шоирлари орасида бадиий ва илмий асарлари, шахсий ҳаёт тажрибалари орқали ушбу саволларга тўлақонли жавоб бера билган мутафаккирлардан бири Абдураҳмон Жомий эди.

Умрест, ки ба ҳазор ман ҳастии ман,
Ман мегўям, вале надонам “ман” чист?

Мазмуни: Бир умрки, менинг мавжудлигим минг манда кечади. Ман дейман, аммо “ман” нима? Билмайман.

Содда қилиб айтганда, Жомий ижодиётининг ўзак ғояси Ишқ. Ҳақиқий ишқ нури, завқ-шавқи ила басиратни очиш. Кўнгил назарини маъно, моҳият оламига қаратиш.

Ўз жамолига назар ташлаб, тамошо қилди ишқ,
Ном бериб, ошиқ ила маъшуқни пайдо қилди ишқ.

Эрди ошиқ ботину маъшуқ зоҳир, этди акс,
Сирри ботинни зуҳур айлаб, ҳувайдо қилди ишқ.

Ўзида ул ўзни кўрди, жилвалар кўрсин дебон,
Сену менга бир ажиб миръоти дунё қилди ишқ…

Чинакам софлик – Дилдаги софлик. Руҳда, кўнгилда гўзаллик бўлмаса, зоҳирий гўзалликлар шуурга кенг йўл очиб беролмайди. Ҳазрат Жомийнинг “гул жамоли”дан “дил жамоли”ни устун қўйиб, мунаввар кўнгил ҳусни билан дунёни ҳайрон қолдир, дейишида олам-олам маъно яширинган:

Жамоли дил талаб кун, не жамоли гул, ки гар чун ҳур –
Жамоли дил шавад тобон, шаванд офоқ ҳайронаш.

Абдураҳмон Жомий руҳониятида гўё замин ва само, ғайб ва шаҳодат олами бирлашиб, ажралмас бир уйғунлик касб этган. Жомий тасвирларида руҳ бир шуъла, бир нур ва бир зиёдир. Руҳ, шаклан гоҳ қирмизи, гоҳ қора, гоҳ оқ ё сариқ ўлароқ турли-турли рангларда кўринади. Бундай вақтларда у моддани тамсил этади. Зеро, руҳга ранг бергувчи моддадир. Руҳ учун вақт, замон деган чегара йўқ. Хаёл, тафаккур сингари парвози кўп осон ва енгил. Тафаккур қаерда бўлса, руҳ ҳам ўша ерда. Англайдиган, хатосиз тушунадиган руҳ бўлиб, тафаккур унга эргашувчи. Модда руҳга тўсиқ бўлолмайди. Руҳ ҳамма жойга бора олади, ҳаводан, сувдан, олов ва тупроқдан бемалол ошиб ўтади. Руҳ бўлиниб парчаланмайди, лекин қуёш ҳар томондан кўринганидек, руҳ ҳам айни бир пайтда турли жойларга парвоз айлашга қодир. Жомий нуқтаи назарида маъно эътибори ила инсон улуғ олам бўлгани боис Оллоҳ уни ҳаёт, илм, ирода, қудрат, ҳис этиш, кўриш, калом каби ўзининг сўнгсиз сифатларидан бир қанчасига шерик этган ва ўзини инсонда шу сифатлар ила билган, билдирган. Комил инсон, бу оламнинг руҳи ва олам унинг жасади янглиғдирки, доимо руҳни ахтаради, излайди, орзу қилади. Шунинг учун инсоннинг биринчи ва асосий вазифаси, маънавий-ахлоқий бурчи нафсу шаҳват офатларидан қутулмоқдир. Ҳар қаердаки нафс ва шаҳват сели тўфон қилса, бахту иқбол хонаси ҳам барбод бўлур, дейди шоир:

Сели шаҳват ҳар кужо тўфон кунад,
Хонаи иқболро вайрон кунад.

Жомий оламини билган – Ҳақни ҳам, халқни ҳам билади. Жомийни ўқиган ва тушунган – ҳақиқатнинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам тушунади. Кўнгил заволини ҳам, камолини ҳам ҳис қилади.

Мавзуни  Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Жомийнинг бобо-бобокалонлари насл-насаби тоза, обрў-эътибори юксак зотлар бўлишган. Алишер Навоий Жомий вафотидан сўнг устозига бағишлаб ёзган “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида бу ҳақда, “Аларнинг олий насаблари имом ул-мужтаҳиддин Муҳаммад бинни Ҳасан бинни Абдуллоҳ бинни Товус бинни Ҳурмуз Шайбонийға борурким, Ҳурмуз бани шайбон қабиласининг малики эрмишким, Бағдодда салтанат қилибдур…”, деб ёзади. Шоирнинг отаси Низомиддин Аҳмад эса дин ва шариат илмининг пешволаридан эди. Илк таҳсилни Жомий отасидан олган, гўдакликдаёқ ўқишни ўрганган. Навоийнинг қайд қилишича, у “тўрт ё беш ёшларида” мактабга қатнай бошлаган. Лекин кўп ўтмай Жомийнинг оиласи Жомдан Ҳиротга кўчиб келишади. Бунинг сабабини Навоий шундай изоҳлайди: “Бори кичик ёшидин шабоб аҳдининг авойилиғачаким (йигитлик даврининг бошланишигача), Жом вилоятида эрмишлар – аларға фойда еткурур киши оз топилғон жиҳатидин:

Қуёш ул навъки мағриб сори,
Ё Наби уйлаки Ясриб сори,

шаҳрга азимат қилибдурлар…”. Ҳар бир иш ва ҳунарни камолга етказиш, истеъдодни тўла рўёбга чиқаришга рағбатлантирувчи, илм ва ижодни қўллаб-қувватлаш билан танилган Ҳирот Жомийни қучоқ очиб қаршилайди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh