Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 01 May 2016 08:55

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, олдинги  эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Жомийнинг аруз билан бир қаторда мусиқа назарияси ҳақида "Рисолайи мусиқий" асарини ёзиши шу давр маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Жомий ўз рисоласида Абу Наср Форобийнинг кўп жилдлик "Мусиқа ҳақида катта китоб" асаридаги ғояларни янада ривожлантирди, мусиқани товушларнинг ўзаро оҳангдошлик (таълиф) ва нооҳангдошлик (манофарат) нуқтаи назаридан ўрганувчи, янги куй яратиш учун улар орасидаги оралик (озмина)ларни текширувчи фан деб характерлади.
Мусиқа, унинг фикрича, инсонга энг юқори маънавий озиқа берадиган мукаммал гўзал товушлар ҳақидаги фандир. Бу фан инсонларга хизмат қилиши, уларнинг ҳаётини безаши зарур.
XV аср адабий ҳаётида шеърий асарлар билан бир қаторда насрни ривожлантиришга ҳам аҳамият берилар эди. Шайх Саъдийнинг "Гулистон" номли машҳур ҳикоялар тўпламини ғоят севган ва уни "жаннатдан нишон, хашак-тикони ҳам анбаргадир жон" деб таърифлаган Жомий 1486—87 йилларда шу асарга жавобан "Баҳористон" деган асарини яратди.
Жамиятдаги турли табақалар ҳаётидан, тарихдан ҳикоя қилувчи бу тўпламда биз жанр эътибори билан енгил, ёзилиш услуби ўзгача, тили халқчил, сюжети содда кўп ҳикояларни ўқишимиз мумкин. Ҳар бир ҳикоя катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Шарқ мумтоз шеърияти дунё бадиий тафаккурининг ўз жозибасига соҳиб, қудратли марказларидан бири. Жаҳонга шуҳрат таратган улуғ шоир-санъаткорларнинг аксарияти Шарқ шеърияти намояндалари эди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий улар даврасида алоҳида мавқе ва эътиборга эга.
“Султон Ҳусайн Мирзонинг замони, – дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур, – ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин батахсис Ҳирот шаҳри мамлу эрди. Ҳар кишининг ким бир ишға машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай.
Бу жумладин бир Мавлоно Абдураҳмон Жомий эдиким, зоҳир ва ботин улумида ул замонда ул миқдор киши йўқ эди. Шеъри худ маълумдир”.
Асрдош ва издошларнинг Абдураҳмон Жомийга берган таъриф, тавсиф ва баҳолари бир жойга жамланса, наинки ўз замонида, ундан кейинги даврларда ҳам Жомийга тенг, Жомийнинг жойини эгаллашга муносиб Шахс таваллуд топмаган, деган хулосага келиш шубҳасиздир. Жомий шу қадар беназир, шу даражада ноёб шахсият. Алишер Навоий устозининг шаъни-шавкатини улуғловчи мана бундай сўзларни айтганда тўла ҳақ эди:

Ё Раб, бу маоний дуррининг уммони,
Бу донишу фазл гавҳарининг кони.
Ким айладинг они олам аҳли жони,
Олам элиға бу жонни тут арзоний.

Кўп шоиру адиблар ижодга ўзларича қизиқиб кетиб, нафсни таниш, ранж ва машаққат оташида тобланиб шахсият яратишни умуман хаёлга ҳам келтиришмайди. Кўплаб майда “менча”лар хархашасидан қутулмаган «Мен» синиб, албатта парчаланади. Ҳолбуки, ижодкорнинг биринчи вазифаси ёзишни ўйлаш эмас, ёзадиган одамнинг (ўзининг) бутунлиги, ҳақиқий ҳурлигини тўғри аниқлашдир. “Жамиятбоп” ёзувчи бошданоқ мағлубиятга маҳкум.

Ҳозир эса Мавлоно Жомий ва рус адиблари мавзусида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Маҳдудликдан у эрк ахтаради, ожизликни куч, фанони бақо дея тасаввур этади. Ҳурлик мақомига юксалиш беҳад оғир, ғоятда мураккаб иш. Бу хусусда кенг мушоҳада юритган Азизиддин Насафий шундай дейди: “Барча инсонлар бу оламда зиндондадирлар. Пайғамбар, вали, султон, малик – ҳамма-ҳаммаси боғланган. Баъзисининг бир, айримининг икки, бошқа бировининг ўн, яна бирларининг юз, баъзисининг эса минг занжири бордир. Бу жаҳонда занжир-тузоқсиз одамнинг ўзи йўқ. Аммо бир занжирли минг занжирлига нисбатан эркин, азоб ва изтирби ҳам унинг озроқдир”.
Дарҳақиқат, ўтар дунёда ҳар ким ўзича бир нимага мубтало: кимдир мавқе ва мансаб учун роҳат-фароғатини фидо айлайди, кимдир обрў ва амалдан ажралгани учун изтироб чекади; биров бой-бадавлат экан, қашшоқликка йўлиққач, ўзини-ўзи қийнайди. Кимлардир шон-шуҳрат шавқида бошқаларни ер билан яксон айлашга уринади. Ҳирс, тама домига илинганлар қанча. Ҳосидлар фитна ва ғавғо қўзғаб ниятга эришиш ҳаракатидан қайтмайди. Кимдир ҳамма нарсага қўл силтаб риндлик қадаҳини қўлдан қўймайди… Хуллас, кўпчилик аҳамияти паст турфа-турфа эҳтирос асири, яъни кўзга кўринмас занжирга боғлиқ. Демак, яхшилик билан ёмонлик, тўғрилик билан эгриликни фарқлаш ҳам нисбийдир. Нега шундай? Бунинг туб сабаби нимада ва нимадан бошланиб, нима билан тугайди? Мусулмон шоирлари орасида бадиий ва илмий асарлари, шахсий ҳаёт тажрибалари орқали ушбу саволларга тўлақонли жавоб бера билган мутафаккирлардан бири Абдураҳмон Жомий эди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh