Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 24 April 2016 09:14

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, ўтган эшиттиришимизда Жомий ўзининг  "Лужжатул-асрор" қасидасида сўфий хулқ-ахлоқи, инсон тарбияси ҳақида гап борганда таъмагирликни қоралаб, қаноатли кишиларнинг олийжанобликларини, уларнинг маънавий жиҳатдан подшоҳ ва вазирлардан ҳам устун эканликларини мадҳ этгани борасида суҳбатлашган эдик.
Шоир фикрича, инсон ҳалол ва пок яшаши, бунинг учун эса у бир касбга эга бўлиши, ўз меҳнати ҳисобига кун кўриши зарур.

Жомийнинг тасаввуфга бўлган эътиқоди соф ва мукаммал бўлиб, у Худони ёруғ нур кўринишида тасаввур этар эди. Шеърий асарларида эса у Худони гўзал маъшуқа қиёфасида тасвирлаган. Шу билан бирга унингча, дунёдаги ҳамма нарсаларни яратган. Худо ўзи ҳам мингларча кўзгуда, турли қиёфада ва кўринишда намоёндир.

Жомий "Нафаҳот ул-унс" асарини яратиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввиф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 таси аёллардир. Жомий вафотидан кейин бу асарни Навоий маълум тўлдиришлар билан ўзбек тилига таржима қилиши бежиз эмас эди.
Жомийнинг "Рисолайи аруз", "Рисолайи муаммойи кабир", "Рисолайи муаммойи сағир", Рисолайи муаммойи мутавассит", "Рисолайи муаммойи манзум", "Шарҳи байти Маснавий, "Шарҳи байти Хусрав", "Шарҳи руббиёт", "Рисолайи қофия" каби асарлари Шарқ адабиёти тарихини, унинг вазн, қофия ва шеър турлари билан боғлиқ назарий масалаларини ўрганишда ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Олимнинг фақат муаммо ҳақидагина 4 та назарий қўлланма яратгани ёки улуғ салафлари асарларининг мураккаб бир байтини изоҳлаш, тасаввуфнинг бирон атамасини ёритиш учун махсус рисолалар ёзгани унинг адабиёт тарихини ўрганишга жуда катта аҳамият берганини, ўзи бу соҳаларнинг ҳақиқий донишманди бўлганини кўрсатади.
Бундан ташқари Жомий ўз даврининг энг буюк тилшуноси ҳам эди. У форс тили грамматикаси бўйича махсус шеърий ва насрий қўлланма ёзган. Араб тилини эса ўз она тилидек билган эди. У вақтда араб тили машҳур хоразмлик тилшунос олим Ибн Ҳожибнинг (1175— 1249) "Ал-Қофия" китоби бўйича ўрганиларди.
Шоирнинг суюкли фарзанди Зиёвуддин араб тилини шу дарслик бўиича ўқир экан, дарсни ўзлаштиришда катта қийинчилик сезади. Шунда Жомий унинг аҳволини тушуниб, 1492 йили, яъни умрининг охирларида "Ал-Қофия"га махсус шарҳ ёзади. Шундан сўнг Ибн Ҳожибнинг асари мактаб ва мадрасаларда шу шарҳ ёрдамида ўқитиладиган бўлади. Жомий "Шарҳи" эса "Шарҳи Мулло" номи билан шуҳрат қозонади.
Ҳозир эса Мавлоно Жомий ва Франция адиблари мавзусида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса Мавлоно Жомийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Ишқинг ғамида жоно, доим ишим фиғондир,
Дил кетди энди жоннинг кетмоғи ҳам аёндир.

Дилдан не ҳам сўрарсан, унда ғаму алам кўп,
Кўз ҳолига ўзинг боқ, қон ёшлари равондир.

Аввал қарор айлаб, буздинг кейин қароринг,
Менда у беқарорлик қандай эса, ҳамондир.

Вомиққа бир энлик хат ишқ узри-чун кифоя,
Узрога хат керакмас, ҳусни ўзи жаҳондир.

Эй, кўз ёшим, ювмагил чангларни сен юзимдан,
Чопқир бедовга мингган ёр чангидан нишондир.

Сийнамда ўстирибмиш ҳижрон туман тиканлар,
Менга шунинг ўзи бас, шу — менга бўстондир.

Ғам дарди қуйқасига, Жомий, қаноат этгил,
Шодлик тиниқ шароби сенга нуқул зиёндир.

Жомийнинг аруз билан бир қаторда музика назарияси ҳақида "Рисолайи мусиқий" асарини ёзиши шу давр маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Жомий ўз рисоласида Абу Наср Форобийнинг кўп жилдлик "Мусиқа ҳақида катта китоб" асаридаги ғояларни янада ривожлантирди, мусиқани товушларнинг ўзаро оҳангдошлик (таълиф) ва нооҳангдошлик (манофарат) нуқтаи назаридан ўрганувчи, янги куй яратиш учун улар орасидаги оралик (озмина)ларни текширувчи фан деб характерлади.
Мусиқа, унинг фикрича, инсонга энг юқори маънавий озиқа берадиган мукаммал гўзал товушлар ҳақидаги фандир. Бу фан инсонларга хизмат қилиши, уларнинг ҳаетини безаши зарур.
XV аср адабий ҳаётида шеърий асарлар билан бир қаторда насрни ривожлантиришга ҳам аҳамият берилар эди. Шайх Саъдийнинг "Гулистон" номли машҳур ҳикоялар тўпламини ғоят севган ва уни "жаннатдан нишон, хашак-тикони ҳам анбаргадир жон" деб таърифлаган Жомий 1486—87 йилларда шу асарга жавобан "Баҳористон" деган асарини яратди.
Жамиятдаги турли табақалар ҳаётидан, тарихдан ҳикоя қилувчи бу тўпламда биз жанр эътибори билан енгил, ёзилиш услуби ўзгача, тили халқчил, сюжети содда кўп ҳикояларни ўқишимиз мумкин. Ҳар бир ҳикоя катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.

Media

Add comment


Security code
Refresh