Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 17 April 2016 08:57

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, ўтган эшиттиришизда 1480 йилдан 1485 йилнинг охирига қадар Жомий ўзининг буюк "Ҳафт авранг"и таркибига кирган достонларини яратиш устида иш олиб боргани ҳақида маълумот берган эдик.  Шарқ адабиётидаги хамсачилик анъаналари асосида ёзилган бу достонлардан "Силсилат уз-заҳаб", "Туҳфат ул-аҳрор", "Суҳбат ул-аброр" ғоявий тематик жиҳатдан фалсафий-ахлоқий йўналишда, жанр эътибори билан панднома типида бўлиб, ўз даврининг энг долзарб масалаларига бағишланган эди.

"Юсуф ва Зулайҳо", "Лайли ва Мажнун", "Саламон ва Абсол", "Хирадномаи Искандарий" достонларида эса шоир анъанавий сюжетларнинг янгича талқинларини берди.

Жомий бир неча маротаба ҳаж қилган, ҳаж сафари давомида Нишопур, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби шаҳарларни кўрган, бу шаҳарларда юксак иззат-ҳурматга сазовор бўлган. Абдураҳмон Жомий 1492 йили шамоллаш натижасида хасталаниб, 78 ёшида ҳаёт билан видолашган.
Абдураҳмон Жомий ғоят сермаҳсул ижодкор бўлиб, ундан бизга адабиётнинг турли жанрларига, фан ва санъатнинт ранг-баранг соҳаларига оид бой мерос қолган. Жомий асарлари ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳр доирасидагина эмас, бошқа мамлакатларга ҳам кенг тарқалган эди. Баъзан қўшни мамлакат подшоҳлари, масалан, Султон Яъқуб унинг асарларини сўраб махсус элчилар юборган.

 Унинг асарлари ўз даврида ва ундан кейин ҳам кўп қўлёзма нусхаларда кўчирилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Қўлёзмалар институти фондларида Жомий асарларининг XV — XVI асрларда кўчирилган ўнлаб қўлёзмаларини учратиш мумкин.
Бундай қўлёзмалар Русия, Афғонистон, Эрон ва Оврўпо мамлакатларидаги бошқа қўлёзма фондларида ҳам учрайди. Таниқли шарқшунос Е. Э. Бертельс "Жомий" монографиясида шоир асарларининг Тошкент куллиёти асосида 52 асарининг номини келтиради.
Жомий асарларининг бир қисми диний ва фалсафий мазмунга эга бўлиб, уларда шоир Ислом дини ва Шарқ фалсафасининг бир қатор масалаларини ўз қарашича талқин қилади, тасаввуфнинт XV асрдаги энг йирик арбоби сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади.
Бунга унинг "Нақши фусус" ("Маънолар нақши"), "Шавоҳиди нубувва" ("Пайғамбарликка далиллар"), "Шарҳи қасидайи "Тоия" (Радифда "то" ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи"), "Нақди нусус" ("Матнни танқид"), "Шарҳи қасидайи "Хамрия" ("Хамрия" қасидаси шарҳи"), "Нақшбавдий таълимоти ҳақида рисола", "Воҳид" атамаси ҳақида рисола", "Зикр" шартлари ҳақида рисола", "Ҳаж қилиш йў.ллари ҳақида рисола", "Ашиот ул-ламаот" каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин.
Жомий ўзининг мутасаввуфлик фаолиятвда Баҳовуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси — Хожа Аҳрор Валий билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман у ўзини кундалик ҳаётда "Маломатия" тариқатига мансуб деб ҳисобласа-да, асарларида улуғ Нақшбандга ихлоси чексиз эди.

Ҳозир эса Мавлоно Жомий ва Ғарб олами мавзусида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса Мавлоно Жомийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Ёр кетди, фикру ёди нақшаи хотир эрур,
Гарчи суратда эмас, сийратда ул ҳозир эрур.

Зоҳиру ботинда ошиқ дўстини кўргай фақат,
Ушбу сўзим ботин аҳли олдида зоҳир эрур.

Дўст ҳузурида турибсан, эй кўнгил ҳушёр бўл,
Ҳар тарафга боқма, бод, жонон сенга нозик эрур.

Ишқ ташвишидан ўзга юкни фикрим хушламас,
Чунки бундан ўзга юк ошиқ учун оғир эрур.

Бенаво ошиқ тушунгач сабру тоқат завқини,
Ҳар жафога собиру ҳар жабрга шокир эрур.

Сен у лабни энг ниҳон сирнинг ниҳони қил фараз,
Адл уни топмокқа ожиз, қанчаким ўткир эрур.

Ул парипайкарни қилди сўз фусуни бирла ром,
Деса бўлгай Жомийни шоир эмас, соҳир эрур.

Жомий ўзининг  "Лужжатул-асрор" қасидасида сўфий хулқ-ахлоқи, инсон тарбияси ҳақида гап борганда таъмагирликни қоралаб, қаноатли кишиларнинг олийжанобликларини, уларнинг маънавий жиҳатдан подшоҳ ва вазирлардан ҳам устун эканликларини мадҳ этади.

Шоир фикрича, инсон ҳалол ва пок яшаши, бунинг учун эса у бир касбга эга бўлиши, ўз меҳнати ҳисобига кун кўриши зарур.

Жомийнинг тасаввуфга бўлган эътиқоди соф ва мукаммал бўлиб, у Худони ёруғ нур кўринишида тасаввур этар эди. Шеърий асарларида эса у Худони гўзал маъшуқа қиёфасида тасвирлаган. Шу билан бирга унингча, дунёдаги ҳамма нарсаларни яратган. Худо ўзи ҳам мингларча кўзгуда, турли қиёфада ва кўринишда намоёндир.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.


Media

Add comment


Security code
Refresh