Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 09 April 2016 14:21

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, ўтган эшиттиришизда буюк шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф ва  мутасаввиф Мавлоно  Жомийнинг ҳаёти ва ижоди борасида ҳикоя этишни бошлаган эдик.

Абдураҳмон Жомий  Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида  дунёга келган бўлсада, у асосий умрини Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб етишди. Болалик чоғидаёқ Жомий зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Бошланғич маълумотни у отасидан олган. Оиланинг Ҳиротга кўчиши, отасининг бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланиши Жомий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Жомий кундалик ҳаётда оддий, дарвишона яшаса ҳам, бироқ шоҳ ва унга алоқадор кишиларнинг, ҳатто уни асарлари орқали таниган бошқа мамлакат подшоҳларининг унга муруввати катта эди. Шунинг учун у ўзига тушган даромадлар ҳисобига бир қанча бинойи хайриялар, шу жумладан Ҳиротда икки мадраса ва хонақоҳ, туғилган шаҳри — Жомда бир масжид қуриш имконига эга бўлган.

XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий ва адабий ҳаётда юз берган ибратли ҳодисалардан бири Навоий —Жомий муносабатларидир. Бу икки буюк зот ижод соҳасида халқпарварлик ва инсонпарварлик мавқеида туриш билан бирга халқ, давлат ишларида инсоф ва адолатни ёқлар эдилар.
Жомийнинг "Нафаҳот ул-унс",  "Рисолаи мусиқий", "Рисолаи муаммо" каби бир қанча асарлари Навоийнинг маслаҳати ва илтимоси билан ёзилган. Жомий ўз лирик шеърларини йиғиб, девон тузмоқчи бўлганда, Навоий маслаҳати билан учта девон тузади ва девонларнинг биринчисига "Фотиҳат уш-шабоб", иккинчисига "Воситат ул-ишқ", учинчисига "Хотимат ул-ҳаёт" деб ном қўяди.

1480 йилдан 1485 йилнинг охирига қадар Жомий ўзининг буюк "Ҳафт авранг"и таркибига кирган достонларини яратиш устида иш олиб борди. Шарқ адабиётидаги хамсачилик анъаналари асосида ёзилган бу достонлардан "Силсилат уз-заҳаб", "Туҳфат ул-аҳрор", "Суҳбат ул-аброр" ғоявий тематик жиҳатдан фалсафий-ахлоқий йўналишда, жанр эътибори билан панднома типида бўлиб, ўз даврининг энг долзарб масалаларига бағишланган эди.

"Юсуф ва Зулайҳо", "Лайли ва Мажнун", "Саламон ва Абсол", "Хирадномаи Искандарий" достонларида эса шоир анъанавий сюжетларнинг янгича талқинларини берди.

Жомий бир неча маротаба ҳаж қилган, ҳаж сафари давомида Нишопур, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби шаҳарларни кўрган, бу шаҳарларда юксак иззат-ҳурматга сазовор бўлган. Унинг шахсий мактубларидан маълум бўлишича, у яқин дўсти Хожа Аҳрор таклифи билан Тошкентда ҳам бўлган ва улуғ мазорларни зиёрат қилган.

Ҳозир эса Мавлоно Жомий ва Ғарб олами мавзусида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса Мавлоно Жомийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Гоҳ дилимда, гоҳ кўзимда тут макон,
Иккиси ҳам сенга жо, эй жонажон.

Қоматинг тубий кабидир жилвагар,
Бу менинг бахтим эрур, эй ёри жон.

Кўзларимга сурма келтирди сабо,
Бу оёғинг гардидандир бир нишон.

Мен демасманким қулинг деб бил мени.
Под(и)шоҳга қулнинг аҳволи аён.

Дилдан олмоқ истадим ишқинг ўқин,
Чиқмагай лекин бу дилдан ҳеч қачон.

Икки зулфингни намоён айладинг.
Оч юзинг, кўрсат жамолингни бу он.

Даргоҳингдан маҳрум этмоқдан кўра,
Яхшиси Жомийни ўлдир шул замон.

Абдураҳмон Жомий 1492 йили шамоллаш натижасида хасталаниб, 78 ёшида ҳаёт билан видолашган. Унинг дафн маросимини Навоий бошқариб, подшоҳ Ҳусайн Бойқаро эса мамлакатда бир йил мотам эълон қилди. Унга атаб кўпгина шоирлар, шу жумладан Навоий ҳам, қайғули марсиялар битишди. Навоий марсиясида Жомий вафотининг тарихи "Кашфи асрори илоҳ" ("Илоҳий сирлар кашфи") деган сўзлардан (ҳижрий 898, мелодий 1492 йил) чиқарилган эди.

Абдураҳмон Жомий ғоят сермаҳсул ижодкор бўлиб, ундан бизга адабиётнинг турли жанрларига, фан ва санъатнинт ранг-баранг соҳаларига оид бой мерос қолган. Жомий асарлари ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳр доирасидагина эмас, бошқа мамлакатларга ҳам кенг тарқалган эди. Баъзан қўшни мамлакат подшоҳлари, масалан, Султон Яъқуб унинг асарларини сўраб махсус элчилар юборган.

Media

Add comment


Security code
Refresh