Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 02 April 2016 14:23

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Буюк шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф ва  мутасаввиф Мавлоно  Жомий кенг қамровли ижодиётида  устод Рудакийдан бошлаб то  Хожа Ҳофиз ва Камол Хўжандийгача бўлган сўз санъаткорлари анъаналарини ижодий давом эттириб, форс-тожик шеъриятини янги поғонага кўтарган эди. Жомийдан кейин бадиий ижод тажрибасини теран илм ва ирфон, қоядай сарбаланд бутун шахсиятдан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолганди.

Абдураҳмон Жомий 1414 йил 7 ноябрда Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида, руҳоний оиласида дунёга келди. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб Жомда туриб қолишган.
Бобоси Мавлоно Муҳаммад ва отаси Низомиддин Аҳмад сингари Абдураҳмон ҳам қўлига қалам олиб, шеър ёза бошлаган вақтдан бошлаб ўз таваллуд топган шаҳри номини ўзига адабий тахаллус қилиб олган (Баъзи олимларнинг фикрича, "Жом" сўзи "идиш" маъносида тасаввуфий тушунчани ҳам биддиради. Шарқдаги адабий анъанага кўра адабий тахаллус кўп маъноли бўлиши маъқул кўрилган).
У асосий умрини Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб етишди. Болалик чоғидаёқ Жомий зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Бошланғич маълумотни у отасидан олган. Оиланинг Ҳиротга кўчиши, отасининг бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланиши Жомий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ҳиротда унинг ўқишига Хожа Алоуддин Али Самарқандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби машҳур муаллифлар ўз ҳиссаларини қўшдилар. Натижада у араб тили, илоҳиёт, тасаввуф, шеър қоидалари, адабиёт тарихи ва бошқа фанларнинг асосларини жуда эрта ва ўзлаштира бошлади. Жомий турли фанлар бўйича ўз таҳсилини Самарқандда ниҳоясига етказишни ихтиёр қилар экан, у Улуғбек мадрасасида Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи каби алломаларнинг маърузаларини эшитиш шарафига муяссар бўлди. У фиқҳшунос олим, араб тили, "Қуръон", ҳадислар бўйича мутахассис Фазлуллоҳ Абуллайсдан ҳам кўп дарс олди.
Ҳиротда Жомий тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. Ёш Жомий Шайх Саъдиддин Қошғарий билан яқинлашиб, унга қўл беради ва тез орада унинг ҳурматини қозонади. Жомий пирининг қизига уйланади. Саъдиддин Қошғарий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди.
1469 йили Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтига ўлтиради. Орадан кўп вақт ўтмай, 1476-77 йиллар орасида у ўз дўсти ва вазири Алишер Навоий билан Жомийни ўзига пир ва устоз деб танийди. Бу Жомий ҳаёти ва фаолиятида катта воқеа бўлди.
Жомий кундалик ҳаётда оддий, дарвишона яшаса ҳам, бироқ шоҳ ва унга алоқадор кишиларнинг, ҳатто уни асарлари орқали таниган бошқа мамлакат подшоҳларининг унга муруввати катта эди. Шунинг учун у ўзига тушган даромадлар ҳисобига бир қанча бинойи хайриялар, шу жумладан Ҳиротда икки мадраса ва хонақоҳ, туғилган шаҳри — Жомда бир масжид қуриш имконига эга бўлган. Унинг Шамсиддин Муҳаммад исмли укаси бўлиб, у катта табиб, олим ва созанда бўлиб етишгани маълум.
Ҳозир эса Жомий ва Ғарб олами мавзусида  таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса Мавлоно Жомийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Доманинг кўкламдаги гул япроғидан покроқ,
Ғунчадек кўнглим-чи, шавқингдан яқоси чокроқ.

Остонанг-ку бировлар тупроғидан пок эди,
Энди кўз ёшим билан ювганда бўлди покроқ.

Юзлаб ошиқни ҳалок этдинг тиғинг кўрсатмайин,
Ошиқ ўлдирмакда йўқдир сенча шўх—чолокроқ.

Сен-ку мен тортган аламдан шодсан, кулмакдасан,
Гар қувонсанг мен бўлурман бунданам ғамнокроқ.

Яхшиларга севгучилар қонини тўкмак ҳалол,
Бизни ўлдирган ўзинг, э ҳаммадан бебокроқ.

Кипригим-ла сув сепиб, бағрим ўти-ла қиздирай,
Бўлмасин нопок қонимдан йўлинг намнокроқ.

Минган отингнинг туёғидан ўпай, биз ёнга сур,
Йўлларингда кўп кишилар хоку Жомий хокроқ.

XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий ва адабий ҳаётда юз берган ибратли ҳодисалардан бири Навоий —Жомий муносабатларидир. Бу икки буюк зот ижод соҳасида халқпарварлик ва инсонпарварлик мавқеида туриш билан бирга халқ, давлат ишларида инсоф ва адолатни ёқлар эдилар.
Жомийнинг "Нафаҳот ул-унс",  "Рисолаи мусиқий", "Рисолаи муаммо" каби бир қанча асарлари Навоийнинг маслаҳати ва илтимоси билан ёзилган. Жомий ўз лирик шеърларини йиғиб, девон тузмоқчи бўлганда, Навоий маслаҳати билан учта девон тузади ва девонларнинг биринчисига "Фотиҳат уш-шабоб", иккинчисига "Воситат ул-ишқ", учинчисига "Хотимат ул-ҳаёт" деб ном қўяди.

Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh