Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Sunday, 27 March 2016 12:08

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

 Олдин ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, Ҳофиз ҳаммаёқни вайронага айлантирган мўғуллар ҳукмронлиги инқирозга учраб, майда хонликлар ўртасидаги ўзаро тожу тахт талашлари авж олган, бундан халқнинг тинкаси қуриб, аҳволи хароб бўлган бир даврда яшаб ижод этди. Унинг даврида Шероз 5 марта ана шундай жанглар гирдобига тортилиб, ўзи вайрон, халқи қатли ом қилинди. 50 йил (1338—1388) мобайнида 6 марта подшоҳ алмашганлиги ҳам шоир яшаган даврнинг нотинчлигини кўрсатади. Бу нарса унинг ижодига таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Маъшуқа таъриф-тавсифи, висол лаззати-ю, ҳижрон ҳасратини тараннум этиш воситаси бўлган ғазалга Ҳофиз ижтимоий мавзулар, фалсафий фикр-мулоҳазаларни омухта қилди. У ишқ аталган улкан ва бепоён мавзу ичига Олам ва Одам дардини, ўз даврининг ўткир ижтимоий муаммоларини дадил олиб кирди ва маҳорат билан шеърга солди. Ҳофизни Ҳофиз қилган нарса аслида шу.

Шоир инсоннинг орзу-интилишлари, қувончу қайғуси, дарду ташвишлари, муҳаббати, фикру ўйларини авж пардаларда куйлаш билан адабиётнинг асосий объекти инсон эканлигини амалда исботлади. Шунинг учун ҳам, мана, VII асрдирки, унинг шуҳрати заррача камайган эмас, билъакс, кундан-кунга ортиб борди ва бундан кейин ҳам шоир ижодига бўлган қизиқиш сўнмаслиги шубҳасиз.
Ҳофиздан бор-йўғи бир девон мерос қолган. Шуни ҳам унинг ўзи тузмаган. Бу ишни Ҳофиз вафотидан 30—40 йил кейин шоирнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом амалга оширган. Лекин шу биргина девони билан ҳам у ярим дунёни эгаллади.

Хожа Ҳофиз ҳаёти ҳақидаги тасаввурларимиз тазкиралар маълумотларига асосланиб, уларнинг ҳам  кўпгина қисми бир- бирини қайтардади. Баъзида эса тарихий маълумотлар  ривоят тарзида оғиздан- оғизга ўтиб, афсона тусини олади.   

У музаффарийлар ҳукмронлиги пайтида Форс ва Шероз мулкида яшаган, аммо ғурури баландлигидан  ўткинчи дунёга бўйин эгмаган, такаллуфсиз ҳаёт кечирган.

“...Ҳофиз билан ҳатто юзаки танишиб чиққан киши , шубҳасиз,  икки ҳақиқатнинг гувоҳи бўла олади.

Биринчиси, шоирлар ва мутафаккирлар ижодида бизни ҳайратга солаётган юксакликка инсон руҳи алақачон кўтарилган. Иккинчиси, қайси заминда ва қайси даврда ўсланлигидан қатъи назар, ҳақиқий шеърият  чечаклари асло сўлмайди, деб ёзган эди таниқли рус шоири А.Фет.

Буюк сўз санъаткори  ўзининг оташин ҳис туйғулари, риндона кайфиятини ифодалаш учун  ғазал шаклидан, унинг нозик  ва нафис  хусусиятларидан фойдаланди.

 Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

 Кўзим қорачиғи қон ичра ноладан тун-кун,
Қаро сенинг тилагинг-ла шу ҳолда халқ бутун.
Май ила маст кўзу лаъл лабингни ёди билан
Қизил май ичдим-у, у ҳасратингда бўлгай хун.
Юзинг қуёши сенинг машриқ остонангдан
Агарда чиқса кулиб, порлагай бу бахти забун.
Ҳикоя айлади Ширин лабин мудом Фарҳод,
Ҳам этти Лайли сочи ҳалқасин макон Мажнун.
Дилимни овла — қадинг сарви дилжўй эмиш,
Гапир — ёқимли сўзингда эрур дурри мазмун.
Шу бода даврида бер жонга роҳат, эй соқий,
Фалакни жорли даври юракка солди тугун.
Ўшал замонки, кетибдур ёнимдан ул ёрим,
Кўзимни теграсида бўлди ёшларим Жайхун.
Нечук бу ғамли юрак шод ўлуб, қувонғайким,
Йўқ ихтиёр ўзида, зарра йўқ қарору сукун.
Эсин йўқотганидан ёр этар талаб Ҳофиз,
Чунончи, истади йўқсил хазинаи Қорун.

 Жаҳон миқёсида ном таратган буюк шоирлар, аввало, миллий  замин ва муҳитда туғилади, улғаяди. Ўз ватанида ўз халқи томонидан  эътироф  эътилган  улуғ адиб жаҳон  адабиётига ҳам йўл олади, унда адабий шуҳрат қозониб, инсониятнинг дилкаш куйчиси бўлиб қолади. Ҳофиз ана шундай шоирлар сирасига  мансубдир.18 аср охирларида Ҳофиз Шерозий Европа  мамлакатлари ўқувчиларига таржима орқади кенг танилади. 19 аср бошидан эса Гётенинг " Шарқу Ғарб девони" китобининг "Ҳофизнома" бўлими туфайли жаҳон адабиётида муносиб ўрин эгаллади ва шуҳрат қозонади. Европа ўқувчиларини Ҳофиз ижодининг нимаси ҳайратга солди ва жаҳон шеърияти мухлислари қалбини нима забт этди?

Биринчи навбатда, уларнинг ғазал жанрининг кенглиги, мазмунининг ранг-баранглиги, бойлиги, сўз маъносининг оҳангдорлиги, шаклининг янгилиги, шарқона нафис ҳиссиёт ва бадиий хусусиятлари ром этди. Кейинчалик улар бошқа шоирлар ғазалиёти билан танишишди ва уларни образли тизимидан  ҳам битмас тугатмас эстетик завқ олдилар, аммо уларнинг ғазал жанри билан биринчи танишув қувончи,  шавқ- завқи айнан Ҳофиз ғазалиёти билан боғлиқ бўлиб қолаверади.

Ҳофиз ғазалларида шоирга хос эрксеварлик ва ҳурфикрлиликдан ташқари  шундай гавҳарсифат дурдона байтлар мавжудки, уларда шоирнинг юракдаги энг пинҳоний, ўйноқи, жўшқин  фикрлари, энг энг гўзал ҳис туйғулари акс этган.

Унинг шеъриятида инсоният замиридаги ҳис- туйғулар, риндона кайфият касб этиб, эрксеварлик, дилкашлик, хайрихоҳлик каби фазилатлар улуғланади.

 Ҳофиз ижоди  ва адабий меросининг  асосий қисмини ғазаллар ташкил этади. Ана  шу ғазалларни ёзишда Ҳофиз вужудини, замирини риндлик  ва сармастлик ҳиссиёти  ва жозибаси чулғаб олади, шунинг учун унинг байтларида, сатрларида сармаст ринднинг қайноқ ва жўшқин  ҳис- ҳаяжонлари жўш уради. Шу боис унинг шеърларини бутун жаҳон ўқувчилари севиб ўқийди.

Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh