Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 12 March 2016 14:24

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

 Олдин ҳам таъкидлаб ўтганимиздек,  Франция шоирларининг кўпчилиги Ҳофиз Шерозийни кўкка кўтарадилар, мадҳ этадилар ёки қайсидир усул ва йўллар билан унинг ҳаёти ва ижодини ўз шеърлари ва адабий қитъаларида васф этадилар. Ҳеч бўлмаганда, унинг она ватани Шерознинг гўзал  боғлари ва тарихий минораларини тилга оладилар.

Франция шоирларининг нафис ва нозик  адабий асар  ва лавҳаларида кўпгина Шарқ шоир  ва алломалари маскани  кўҳна Эрон  ва унинг тарихий обидалари, шоиртабиат  аҳолиси ва дилларни бир қарашда ром этувчи  гўзал  ва  сулув қизлари тасвири ўзига хос бир усулда акс этади.

Баъзи шарқшунослар  "Ҳофиз девонини тадқиқ этишда икки ёқламаликка дуч келадилар ва ҳайратга тушадилар: Ҳофиз висол талаб қилувчи  шоирми ёки художўй орифми? Ана шундай кишилар сирасига кирадиган Думео Мондар ёзади:"Бугун ҳалигача бу беҳуда баҳс мавжуд. Ҳофиз мақсадталаб шоирми ёки  ўз фикрини минглаб мавжли  шаҳвоний пардалар ортига  ўраб ташлаган орифми?  Ҳеч ким эътибор  бермайдики, ҳақиқий бир шоир табиатида  бу икки тамойил  ҳеч қачон бир бириига зид эмас".

Анре Жид  ҳатто ўз китобини "Ер неъматлари" деб атаб, Қуръони  Карим  мазмунларини ўз асарлари қатига сингдирган, яъни диний таълимотлардан  жуда кенг  ва чуқур  бохабар эканлигини намоён  этган.

Чунончи, "Ҳофиз девони" билан Андре Жид асарлари ўртасида муштарак мазмунлар, маънавий яқинликлар кўп бўлиб, ҳатто тил ва баёнда ҳам ўхшашликлар сезилади.

Ҳофиз ёзади:

Биё, соқий, эй оби андеша сўз,

Ки гар шер нўшад, шавад бешасўз.

 Мазмуни:

Кел, соқий, ўша тафаккур сувини ёндир,

Токим, шер ичса, ўрмоннинг ёндирувчисига айлансин.

Бу каби қиёсий типологик изланишлар натижаси ҳақида кўп гапириш мумкин, аммо баъзи объектив ва субъектив сабаблар тадқиқот ҳажмини чегаралашга мажбур этади.

Ҳофизнинг девони илк  маротаба Европада форс тилида 1854 йилда Лейпцигда Ҳерман Бракҳоуз томонидан чоп этилди. Бу китоб икки  жилддан иборат бўлиб, биринчи жилдида Ҳофиз  ҳақида олмон тилида муқаддима  ва 80та ғазали (форс тилида) берилган. Иккинчи жилдига эса Ҳофизнинг қолган бошқа ғазаллари киритилган.

1854-1864 йиллар орасида Вена шаҳрида Ҳофиз девонининг мукаммалроқ нусхасидан олинган ғазаллари уч жилда нашр этилди. Бу нашрда форсий матндан ташқари ғазалларнинг олмон тилига таржимаси ҳам илова қилинган.

1881 йилда Ҳофиз девони форс ва инглиз тилларида Калкуттада  Жаретт Мажор  томонидан амалга оширилди. Бу нашр қадимги икки нусхадан олинган эди, бироқ  бу нусхаларда кўчирилган  ёки ёзилган  санаси кўрсатилмаган. Унда 44та ғазалдан иборат  Ҳиндистонда чоп этилган Ҳофиз девонидан кўпроқ эди.

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Ғами токим дилимда тутди маъво,
Бошимга зулфи янглиғ тушди савдо.
Унинг ўтдек лаби оби ҳаётдир,
Бўлибдир ул олов бағрим аро жо.
Қачонлардан бери ҳиммат қушига
Бўлибдир ул қади раъно таманно.
Баланд қаддига мен бўлганман ошиқ —
Мудом ошиқ иши юксак ва аъло.
Оқар ёш гавҳари кўз дарёсидан,
Дуру марварид ила тўлди дунё.
Сочар анбар исин тонг ели бу кун,
Магар ёрим қилибдур сайри саҳро?
Мудом Ҳофиз тили, эй сарви нозим,
Қадинг мақтовида бурро ва гўё.

 XVIII асрдан бошлаб улуғ рус шорилари ижодида Шарқ мавзуи  кенг ўрин ола бошлади.Айниқса, А.С.Пушкин ва М.Ю.Лермонтов каби улуғ  рус шоирлари Шарқ адабиётидан баҳра олган ҳолда "рус кишиси билан шарқлик одамнинг ўзаро дўстлашуви ва муҳаббатини тасвирлайдиган асарлар яратдилар. 

А.С. Пушкиннинг "Боғчасарой фонтани" ва М.Ю.Лермонтовнинг "Бостунчи овули"  каби поэмалари айнан  ана шу эътибор  ва қизиқишнинг ҳосиласи эди.  Россиянинг Шарқ адабиётига қизиқиши Ғарбий Европа мамлакатларига нисбатан анча кенгроқ бошланган бўлсада, кейинги даврларда, айниқса, XIX асрдан сўнг Европа шарқшунослигининг асосий марказларининг  бирига айланди. Рус адиблари  ва шарқшуносларининг Шарқ адабиётига нисбатан қизиқишлари доирасида Ҳофиз ижодига  бўлган  диққат эътибор ҳам алоҳида ўрин тутади. Рус маърифатпарварларидан улуғ адиб  ва мунаққид Н.Г.Чернишевский  Ҳофиз Шерозий таржимаи ҳоли  ва шеърларидан  намуналар  келтирар экан, уни жаҳоннинг энг улуғ шоирлари қаторида зикр этиб ўтади:"Европа бизнинг шоирларимиз ҳақида эшитган: нега энди улар Ҳофиз, Гейне ва бошқалар ёнида бир рўйхатдан жой олиши мумкин эмас. 

 Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh