Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 05 March 2016 19:27

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

 Ўтган суҳбатимизда Ҳофиз шеъриятининг Франция шоирларининг ижодига бўлган таъсирлари борасида суҳбат қилган эдик. Олдин ҳам таъкидлаб ўтганимиздек,  Тристон Клингсор бошида фақат оддий бир  рассом эди, аммо Ҳофиз ғазаллари билан таржима орқали танишгач, бутунлай унга юз тутди ва  унинг шайдоси, мухлисига айланди. Бу шоирнинг бирдан бир орзуси Ҳофизнинг она Ватани Шерозни кўриш, Мусалло боғида  сайр этиш, Ҳофиз  юрган  йўлаклардан  юриш ва шоир  қабрини зиёрат  ва тавоф этиш эди. Унинг бу шеърига аҳамият беринг:

Дилим истарди қайиққа минсаму елкан ёйсам,

Шунда денгизнинг шов- шув тўла овозига қулоқ тутсам.

Ва гуллар оролига равон бўлсам,

Эрон шаҳарларини кўрсам.

Осмонўпар латиф минораларини (ҳам).

Кўнглим истайди: Эронни кўрсам қонли гуллари билан

Ва ишқ, сармастлик ёки кинаю ғазабдан жон бераётган ошиқ маъшуқлари билан.

Франция шоирларининг кўпчилиги Ҳофиз Шерозийни кўкка кўтарадилар, мадҳ этадилар ёки қайсидир усул ва йўллар билан унинг ҳаёти ва ижодини ўз шеърлари ва адабий қитъаларида васф этадилар. Ҳеч бўлмаганда, унинг она ватани Шерознинг гўзал  боғлари ва тарихий минораларини тилга оладилар.

Франция шоирларининг нафис ва нозик  адабий асар  ва лавҳаларида кўпгина Шарқ шоир  ва алломалари маскани  кўҳна Эрон  ва унинг тарихий обидалари, шоиртабиат  аҳолиси ва дилларни бир қарашда ром этувчи  гўзал  ва  сулув қизлари тасвири ўзига хос бир усулда акс этади. Уларнинг баъзилари намуна сифатида ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.

Андре Жид Хожа Ҳофиз  ижоди билан Гёте орқали танишиш бахтига муяссар бўлади. Дарҳақиқат, Гётенинг таржималари Андре Жид учун ноёб ва  нодир бир топилма бўлди, чунки уни мутолаа қилгач,  бу асар уни жаҳду жунбушга келтирди. У Гёте таржималарини ўқиб чиққач, бошқа таржимонларнинг Эрон шоирлари, айнан Ҳофиз ҳақидаги олмон, француз ва инглиз тилидаги ижодий асарларни излаб, топиб мутолаа қила бошлади.

"Мен, деб ёзади у, ўз ижодий ютуқларимни барча учун яратган ишларим орқали қўлга киритдим. Мен ўзимдаги борини худди сармаст  Ҳофиз бағишлагани  сингари ҳаммага улашдим."

Андре Жид  "Она ер неъматлари"  китоби бошланишида Ҳофизнинг мана бу сатрини келтиради:

Бахти хоболуди мо бедор хоҳад шуд магар...

Мазмуни:

Бизнинг уйқусураган бахтимиз бедор бўлармикин ҳеч...

У ўз дўстларидан бирига Ҳофизнинг Гомер таржималари ҳақида ёзган хатида шундай дейди: "Агар Ҳофиз ҳақида кўпгина  нодир таржималарни  йиғишни истамасангиз. Гомер таржимасини ўқинг. 1812 йилда Шарқни буюк Гётега таништирган мана шу таржимадир. Унинг " Солномасини кўринг, қандай мадҳу сано билан у ҳақда сўзлайди."

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Келди масжиддан бу кеч майхона сори пиримиз,
Не бўлур, йўлдошларим, бундан кейин тадбиримиз?
Биз муридлар қайси йўл бирла борурмиз Каъбага?
Бошламоқда йўлни майхона томонга пиримиз!
Ўтпарастлар манзилида биз ҳам айлармиз макон,
Чунки шундай деб ёзилмишдир азал тақдиримиз.
Банд бўлиб зулфига дил шод бўлганин билсайди ақл,
Ақл эли истарди девона бўлиб занжиримиз.
Шул гўзал юз лутфу эҳсон оятин этди баён,
Шу учун яхшилигингдан ўзга йўқ тафсиримиз.
Тош каби қаттиқ дилингга ҳеч бир айларми асар,
Шунча ўтлуғ оҳ бирла йўқмидир таъсиримиз?
Оҳимизнинг ўқлари, Ҳофиз, фалакдан ҳам ўтар,
Раҳм қил жонингга, сақлан, тегмагай то тиримиз.

Баъзи шарқшунослар  "Ҳофиз девонини тадқиқ этишда икки ёқламаликка дуч келадилар ва ҳайратга тушадилар: Ҳофиз висол талаб қилувчи  шоирми ёки художўй орифми? Ана шундай кишилар сирасига кирадиган Думео Мондар ёзади:"Бугун ҳалигача бу беҳуда баҳс мавжуд. Ҳофиз мақсадталаб шоирми ёки  ўз фикрини минглаб мавжли  шаҳвоний пардалар ортига  ўраб ташлаган орифми?  Ҳеч ким эътибор  бермайдики, ҳақиқий бир шоир табиатида  бу икки тамойил  ҳеч қачон бир бириига зид эмас".

Франсис завқ- шавқ ҳақида  сўз юритиб айтганидек, " Ҳофиз девони"да  бу ҳақда кўп эътибор берилган. Ҳофизнинг қуйидаги байтларига диққат қилинг:

Бозори шавқ гарм шуд, он сарвқад кужост,

То жони худ бар оташи рўяш  кунам сипанд.

Мазмуни:

Шавқ бозори қайнади, у сарвқомат қани?

То ўз жонимни юзи оташи устига исириқ қилай.

Анре Жид  ҳатто ўз китобини "Ер неъматлари" деб атаб, Қуръони  Карим  мазмунларини ўз асарлари қатига сингдирган, яъни диний таълимотлардан  жуда кенг  ва чуқур  бохабар эканлигини намоён  этган.

Чунончи, "Ҳофиз девони" билан Андре Жид асарлари ўртасида муштарак мазмунлар, маънавий яқинликлар кўп бўлиб, ҳатто тил ва баёнда ҳам ўхшашликлар сезилади.

  Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh