Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 27 February 2016 13:39

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Ўтган суҳбатимизда таъкидлаганимиздек,  Францияда 18 аср охирларида Хожа Ҳофиз девонини таржима қилишга киришилди, аммо унинг девонини  тўла- тўкис таржима қиладиган таржимон йўқ эди, чунки французлар Шарқ халқлари урф- одати ва маданияти, адабий услублари ҳамда  ийҳом санъати ва уларнинг мазмун- моҳиятидан узоқ эдилар. Уилям Жонс деган шоир Хожа Ҳофиз ғазалиётидан баъзи намуналарни инглиз тилига ҳамда 1770 йилда унинг ўнучта ғазалини француз тилига ўгирди. Ундан сўнг Дефремери, Николас, Шарл Девиллер каби ёш шарқшунослар етишиб чиқдилар.1927 йилда Артур Ҳофизнинг 175та ғазалини таржума қилди. Сўнг Шарқ адабиёти ва маданиятини ўрганиш соҳасида Масье, Винсен Монтес, Руже  Леску кабилар  кўзга кўриниб қолдилар. Бироқ улар ҳам Хожа Ҳофиз ғазалларини тўлиқ таржима қила олмадилар. Франция бадиий таржимачилик  соҳасида Андре  Шениер маълум даражада муваффақиятга  эришди. У 1787 йилда 4 йилча Франциянинг Лондондаги  консули вазифасида ишлаган чоғида Уилям Жонсондан форс тилини ўрганди. Ана шу пайтларда  у Ҳофиз ғазаллари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Уильям Жонс форс тилидан таржима қилишга киришиб, Ҳофизнинг биринчи ғазали ва бошқа баъзи шоирларнинг шеърларидан бир неча намунани инглис тилига ўгиришга муваффақ бўлди. Қизиғи шундаки, У. Жонс форс тили дарслигини ёзди ва ўзининг форс тилидан қилган шеърий таржималарини ҳам шу китобга илова сифатида киритди.

1804 йили Ҳерман Эте Ҳофиз Шерозий ҳаёти ва ижодига бағишланган  рисола нашр эттирди.Ушбу рисола 19 асрнинг машҳур романнавис  ёзувчиларидан бири  Виктор Гюгода катта таассурот қолдирди. Гюго Ҳофиз ижоди билан танишар экан,  уни  "кўнгиллар шоири" атади. У буюк шоир Ҳофизга нисбатан  ўз меҳр муҳаббати ва ихлосларини изҳор этиш мақсадида ўзининг 1822 йилда нашр этган  шеърлари тўпламига қуйидаги байтни эпиграф сифатида танлади:

Ҳоли дил бо ту гуфтанам  ҳавас аст,

Сухани дил шунуфтанам ҳавас аст.

Мазмуни:

Дил арзларини сенга айтиш ҳавасидаман,

Дил сўзларини эшитиш ҳавасидаман.

Ўша мажмуада у ўзига мурожаат этиб, шундай ёзади:

Шоир! Қани энд, Аббосу Хусравлар

Сарзаминида, (шунингдек)

Нур ва офтоб сарзаминида

Ва ҳам мушки анбарлар орасида

Дунёга келганингда эди!

 Сўнг Шарқ халқлари адабиёти ганжинасидан бир нечта гавҳар ва дурдона байтларни танлаб олиб, ўзининг "Шарқ тароналари" номли тўпламига бош мезон қилиб олади. Шу гавҳар ва дурдона ғазалларидан бири Ҳофизнинг Самарқанд ва Бухоро ҳақидаги машҳур байтидир:

 Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.

 Таржимаси:

Агар кўнглимини шод этса ўшал Шероз жонони,

Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.  

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Қаёнда ўнгламоқ ишни ва ман хароб қаён?
Ву йўл қаёнда-ю, мен қайдаман, жавоб қаён?
Бири-биридан узоқ — сўфийлик билан риндлик,
Қаён насиҳату рақс, нағмаи рубоб қаён?
Ринд тўнидан-у, бутхонадан кўигил безди,
Қаёнда дайри муғону шароби ноб қаён?
Эсарди васл шамоли, ажаб гўзал чоғ эди,
Қаён у нозу карашма ҳам ул итоб қаён?
Нима гапирса у душман дили-ю, дўст юзидан —
Сўниқ чироқ қаён, равшан офтоб қаён?
Кўзим ёритгучидир остонангиз тупроғи,
Қаён кетай бу эшикдан, буюр, хитоб қаён?
Югурма олма занахдонга, чоҳ йўл устидадир,
Қаён борурсан, эй кўнгул, бу хил шитоб қаён?
Қарору сабрни Ҳофиздан истама, эй дўст,
Қаён қарору чидам дилда, кўзда хоб қаён?

Тристон Клингсор бошида фақат оддий бир  рассом эди, аммо Ҳофиз ғазаллари билан таржима орқали танишгач, бутунлай унга юз тутди ва  унинг шайдоси, мухлисига айланди. Бу шоирнинг бирдан бир орзуси Ҳофизнинг она Ватани Шерозни кўриш, Мусалло боғида  сайр этиш, Ҳофиз  юрган  йўлаклардан  юриш ва шоир  қабрини зиёрат  ва тавоф этиш эди. Унинг бу шеърига аҳамият беринг:

Дилим истарди қайиққа минсаму елкан ёйсам,

Шунда денгизнинг шов шув тўла овозига қулоқ тутсам.

Ва гуллар оролига равон бўлсам,

Эрон шаҳарларини кўрсам.

Осмонўпар латиф минораларини (ҳам).

Кўнглим истайди: Эронни кўрсам қонли гуллари билан

Ва ишқ, сармастлик ёки кинаю ғазабдан жон бераётган ошиқ маъшуқлари билан.  

Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh